Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:54

Бош вазир Арипов мажлисбозлик ва қоғозбозликни тугатмоқчи


 Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов
Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов мажлислар сонини кескин камайтириб, тонг саҳарда ёки ярим кечада йиғилиш ўтказишни бутунлай чеклаш бўйича топшириқ берди.

Абдулла Арипов қоғозбозлик ва мажлисбозликка доир янги тартиб бўйича ҳужжатни 24 август куни шошилинч равишда имзолангани айтилаяпти. Нима сабабдан шошилинч равишда бу қарорга келингани Озодликка номаълум.

Kun.uz нашрининг ёзишича, Арипов томонидан имзоланган янги ҳужжатда давлат органлари ва идоралар раҳбарларига, жумладан, маҳаллий ҳокимиятларга аниқ иш регламентини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берилган.

Ҳужжатга кўра, эндиликда йиғилишлар сони кескин камайтирилиб, ҳафтасига 2-3та мажлисдан кўп бўлмаслиги белгиланган.

Тошкентда ўтадиган мажлислар 2 соатдан, вилоят, шаҳар ва туманларда эса 1-1,5 соатдан ошмаслиги лозим.

Шунингдек, эндиликда тонг саҳарда ёки ярим кечада мажлис ўтказиш қатъиян чекланади.

Шу пайтгача ҳокимликда бирор йиғилиш бўлса, ўша ҳудуддаги барча идора-ташкилотлар раҳбарлари, фермер ва тадбиркорлар бирдай иштирок этиб келаётганди.

Янги тартибга кўра, бунга ҳам барҳам берилади: Йиғилишга алоқаси бўлмаган корхоналар, идоралар ва жамоат ташкилотларининг раҳбар ва ходимлари, фермер ва тадбиркорлар умуман таклиф этилмайди.

Эндиликда мажлисларда узундан-узун нутқ қилиш ҳам чекланади. Бу учун аниқ регламент белгиланган бўлиб, сўзга чиққан одам 5-7 дақиқагина гапириши мумкин.

Арипов имзолаган янги ҳужжатга мувофиқ, эндиликда ортиқча қоғозбозликка ҳам йўл қўйилмайди. Ҳеч кимга кераги бўлмаган маълумотлар ва ҳисоботларни талаб қилиш амалиётига қатъиян барҳам берилади.

Мажлисбозлик ва қоғозбозликка оид янги тартибни бузганга қандай чора кўрилиши номаълум. Бу ҳақда ҳужжатда бирор нарса дейилмаган.

Бир йил аввал президент Мирзиёев ҳам ҳукумат идораларида мажлисбозлик кўпайиб кетганини танқид қилганди.

Бу ҳақда Мирзиёев 2017 йилнинг 9 август куни ўтган ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масаласига бағишланган видеоселектор йиғилишида гапирганди.

Шу куни Президент Мирзиёев мажлисларни камайтириш тўғрисидаги қарорни ҳам имзолагани хабар қилинганди.

Мирзиёевнинг ушбу танқидидан сўнг мамлакатдаги сиёсий партиялар ҳам шу пайтга қадар қуруқ мажлисбозлик қилиб келганини тан олганди.

"Биз асосан самарасиз йиғилишлар ўтказиш билан овора бўлиб қолаётганимиз ҳам бор гап. Аччиқ ҳақиқат бўлса ҳам тан олиш керакки, маҳаллий кенгашларимиз фаолиятини ҳам ижобий баҳолаб бўлмайди” деган Халқ демократия партиясининг Олий Мажлисдаги фракцияси раҳбари Хатамжон Кетмонов. Бошқа партиялар вакиллари ҳам қуруқ рақамлардан иборат ҳисоботлар топшириш билан машғул бўлиб қолганлари, амалий ишга ўтиш вақти келганини айтган.

Сиёсий партиялар бу ваъдасининг устидан чиққан ёки чиқмагани ҳақида Озодликда бирор хабар йўқ.

Бироқ сўнгги бир йил давомида мажлислар камайгани кузатилмади.

XS
SM
MD
LG