Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:35

OzodTa’sir: Чироқ йўқлигидан норозиликка чиққан чироқчиликларнинг чироғи ўчмайдиган бўлди


Чироқчиликлар 12 май куни ҳам норозилик билдириб, чиқишган.
Чироқчиликлар 12 май куни ҳам норозилик билдириб, чиқишган.

1 июнь куни Озодликка маълум бўлишича, бир ҳафта аввал электр муаммоси боис норозиликка чиққан Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани Оққудуқ қишлоғида яшовчи аҳолининг шикояти ижобий ҳал бўлган.

Чироқчидан олинган маълумотга кўра, туман электр тармоқлари идораси ходимлари қишлоқда 24 соат чироқ ўчмаслигига ваъда бериб, подстанцияни таъмирлаш ишларини бошлаб юборган.

“Озодликда мақола чиққан куннинг эртасига “Чорвадор” подстанциясини таъмирлашни бошлаб юборишди. Шу пайтгача қишлоғимизга фақат 6 соатгина электр берилган. Одамлар подстанцияни таъмирлашни талаб қилиб, норозиликка чиққанди. Ҳозир подстанцияни таъмирлаб, унга қўшимча трансформатор ҳам қўйишаяпти. Энди қишлоғимизда 24 соат свет ўчмас экан. Биз май ойида икки марта норозиликка чиқдик. Фақат Озодлик ёритгач, муаммомиз ҳал бўлди”, дея хабар йўллади чироқчилик йигит.

Озодлик 26 май куни чироқ йўқлигидан норозиликка чиққан чироқчиликлар ҳақида мақола эълон қилганди.

Қуйида ўша мақолани ўқишингиз мумкин:

24 май куни Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани Оққудуқ қишлоғида яшовчи бир гуруҳ аҳоли электр муаммоси боис норозилик акцияси ўтказди. Чироқчидан олинган хабарга кўра, воқеа жойига келган электр идораси ходимлари билан аҳоли ўртасида муштлашув келиб чиққан.

Норозилик йиғини ҳақида Озодликка хабар берган чироқчиликка кўра, у воқеага шахсан гувоҳ бўлган:

“24 май куни соат 19дан ўтганда “Чорвадор” подстанцияси олдига фуқароларимиз норозилик билдириб чиқишди. Электр идораси ходимлари билан аҳоли ўртасида муштлашув бўлиб кетди. Маҳалла поспонлари етиб келиб жанжални оммавий тус олишига тўсқинлик қилишди”, дея хабар йўллаган чироқчилик йигит воқеа жойидан олинган суратларни ҳам Озодликка жўнатди.

Сурат 24 май куни воқеа жойида олингани айтилди.
Сурат 24 май куни воқеа жойида олингани айтилди.

Чироқчи туман электр тармоқлари идорасида ишловчи ходимлардан бири Озодликка воқеани тасдиқлади. Унга кўра, муштлашув пайти электр тармоқлари идораси ходими Ёқуб Соипов калтакланган:

“Аҳволи оғир эмас. Синган, чиққан жойи йўқ. Лекин роса калтак еган. "Шифохонага мурожаат қиламан" деган эди. Кейинги тафсилотларини билмайман”, деди исмини очиқламаётганимиз электр идораси ходими.

24 май куни Ёқуб Соипов телефони ўчириб қўйилгани боис, у билан боғланиш имкони бўлмади.

Чироқчи туман Ички ишлар бўлимидан олинган маълумотга кўра, 24 май кунги муштлашув воқеаси бўйича бўлимга бирор шикоят келиб тушмаган.

Чироқчиликларга кўра, 12 май куни ҳам бир гуруҳ аҳоли электр муаммоси боис норозилик акциясига чиққан эди:

“12 май куни соат 12ларда Қанотли МФЙ (маҳалла фуқаролар йиғини), Гужумли МФЙ ва Тошли МФЙда яшовчи фуқаролар норозилик билдириб, “Чорвадор” подстанцияси олдига йиғилишганди. Дардимизни эшитадиган бирор раҳбар йўқ. Бор умидимиз президентимиздан. Шу куни президентимизга мурожаат хати жўнатдик”, дейди чироқчилик йигит.

Сурат 12 май кунги норозилик пайти олинган.
Сурат 12 май кунги норозилик пайти олинган.

​Норозиликка чиққан чироқчиликлар туман электр тармоқлари идорасидан “Чорвадор” подстанциясини таъмирлаб беришни талаб қилмоқда.

"Чорвадор" подстанцияси
"Чорвадор" подстанцияси

“Аҳоли жуда қийналмоқда. Электр суткасига фақат 6 соат берилади. Чироқчи электр тармоқлари корхонаси бошлиғи Олмос Қувватовдан талабимиз “Чорвадор” подстанциясини таъмирлаб берсин. Одамлар пул йиғиб, ёрдам беришга ҳам тайёр”, дейди чироқчиликлардан бири.

Озодлик Чироқчи туман электр тармоқлари идораси бошлиғи Олмос Қувватов билан телефон орқали боғланди. Бироқ Қувватов “Чорвадор” подстанцияси олдидаги воқеа ҳақидаги саволимизни эшитиши билан телефон гўшагини қўйиб қўйди. Кейин Қувватов телефон рақамини ўчириб қўйгани боис у билан бошқа боғланиш имкони бўлмади.

Кейинги ўн йилдан зиёд вақт давомида мамлакатнинг чекка қишлоқларида табиий газ ва электр тақчиллиги мунтазам кузатилмоқда. Айрим жойларда электр фақат кунига бир неча соатгина берилади. Кўплаб қишлоқларда эса табиий газ қувурлари аллақачон кесиб ташланган.

XS
SM
MD
LG