Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:39

Ҳокимият машина уриб юборган ўқитувчи кўча тозалашга чиқарилганини рад этди


Каттақўрғон туманида бюджет ташкилоти ишчилари автомагирстрал йўл тўсиқларини оқлаяпти
Каттақўрғон туманида бюджет ташкилоти ишчилари автомагирстрал йўл тўсиқларини оқлаяпти

Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон тумани ҳокимияти ва вилоят халқ таълими бошқармаси 14 март куни машина уриб юборган ўқитувчининг мажбуран ишга чиқарилганини рад этди. Маҳаллий нашрлар чоп этган раддияда Диана Еникееванинг йўл тозалашга чиқарилмагани айтилган, аммо, ҳодиса жойи ва вақтида кўча тозаланаётгани ҳам инкор қилинмаган.

Самарқандда кўча тозалашга чиқарилган Каттақўрғон туманидаги мактаб ўқитувчиси, 23 ёшли Диана Еникеевани юк машинаси уриб юборгани ҳақида Озодлик 15 март куни хабар қилган эди.

18 март куни қатор маҳаллий нашрлар, жумладан, Kun.uz нашри бу ҳодисага Самарқанд вилояти ва Каттақўрғон тумани давлат идоралари изоҳ берганини хабар қилди.

Бу ҳодисадан сўнг суриштирув ўтказган прокуратура органларига кўра, "мактаб ўқитувчилари, жумладан Диана Еникеева ҳам ҳеч қандай йўл четини тозалаш, супуриш учун чиқарилмаган".

Аммо, айни хабарномада ҳодиса жойида ободонлаштириш ишлари олиб борилаётгани эътироф этилган ва "мамлакатда март-апрель ойлари ободонлаштириш ойлиги, деб эълон қилингани ҳам «Тозалик бор жойда, барака бор» нақлининг амалий ифодасидир", деб таъкидланган.

Гарчи хабарномада ободонлаштириш ишлари билан "ўқитувчилар эмас, балки хўжалик ишлари бўйича масъул ходимлар, боғбонлар шуғулланади", дейилган бўлса-да, ўша вақтда ўқитувчи Диана Енкеева ва унинг ҳамкасблари ҳодиса жойида нима иш билан юрганига ҳозирча аниқлик киритилмади.

18 март куни эълон қилинган хабарномада айтилишича, "мазкур ҳолат юзасидан Каттақўрғон ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган".

Вилоят мутасаддилари суриштирув давом этаётгани ва қўшимча маълумотлар берилишини ваъда қилмоқда.

Куни кеча Ўзбекистон президентининг матбуот котиби Комил Алламжонов ҳам бу ҳодиса ўрганилишини билдирган эди.

"Бўлиб ўтган ҳодиса албатта жуда ачинарли. Фожиага олиб келган сабаблар ҳозирда ўрганилмоқда. Натижасига кўра тегишли чоралар белгиланади. Ўз номимдан марҳуманинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этаман", деб ёзди 17 март куни баёнот тарқатган Комил Алламжонов.

Каттақўрғон туман марказидаги 42- умумтаълим мактабининг меҳнат ўқитувчиси Диана Еникеевани 14 март куни Сув омбори қишлоғидан ўтувчи автомобиль йўлини тозалашга олиб чиқилган пайтда КамАЗ юк машинаси уриб юборган.

Бу ҳақда исми сир қолиш шарти билан Озодликка хабар берган ўқитувчилардан бирининг айтишича, оғир тан жароҳати олган Диананинг жони касалхонада узилган:

“Воқеа гувоҳи бўлган ҳамкасбимнинг айтишича, ўқитувчилар йўл четини тозалаш ишлари билан машғул бўлган. Дианани катта тезликда келаётган юк машинаси уриб юборган. Дарҳол бир машинага юклаб, касалхонага олиб боришган. Лекин борганда унинг жони узилиб бўлган экан”, деди ўқитувчи.

Суҳбатдош ўқитувчиларнинг кўча тозалашга мажбурлангани акс этган бир қанча фотосуратларни Озодликка тақдим этди:

Каттақўрғон туманида бюджет ташкилоти ишчилари автомагирстрал йўл тўсиқларини оқлаяпти
Каттақўрғон туманида бюджет ташкилоти ишчилари автомагирстрал йўл тўсиқларини оқлаяпти

Каттақўрғон туман 42- умумтаълим мактабининг ўқитувчиси Диана Еникееванинг йўл-транспорт фалокатида ҳалок бўлганини туман ички ишлар бўлими мулозими ҳам тасдиқлаган.

Диана Еникееванинг онаси Оксана Еникееванинг Озодлик радиосига айтишича, унинг қизини дарс ўтаётган жойидан кўча супиришга ҳайдашган. Онанинг айтишича, қизи вафотидан кеийн туман ҳокимлигидан унга уч миллион сўм пул олиб келишган:

"Менинг болам учун уч миллион сўм таклиф қилишди. Мен ёлғиз фарзандимни сотиш учун туғмагандим. Унинг ўрнини пул билан тўлдириб бўладими. Ўқитувчини ўз ишидан бошқа ишга мажбур қилган ва қизим ўлимига бевосита сабабчи бўлган ҳоким ва халқ таълими бўлими жавоб берсин", дейди марҳума ўқитувчи онаси.

Оксана Еникееванинг айтишича, қизи турмушга чиққан ва унинг икки яшар боласи етим қолган.

Исми сир қолишини сўраган бошқа бир мактаб ўқитувчиси ҳам, улар дарсларни қолдириб, бир неча кундан буён кўча тозалашга мажбурланаётганини тасдиқлайди:

“Каттақўрғонда сув омбори бор. Президентимиз ўтган йили ҳам ўша ерга келган эди. Сув омборида Индонезия, Малайзия билан ҳамкорликда балиқ кўпайтириляпти. Бу йил ҳам президент шу жойни келиб кўради экан деб, сув омборига олиб бориладиган автомобиль йўлининг икки чети тозаланиши ҳақида ҳокимият топшириқ берган. Бюджетдан маош олиб ишлайдиган ташкилотлар, жумладан, ўқитувчилар ҳам бу ишга сафарбар этилган. Ҳар куни ҳар бир мактабдан 10-15 нафар ўқитувчи дарси бор-йўқлигидан қатъий назар, кўча тозалашга сафарбар этиляпти”, дейди ўқитувчи.

Ўқитувчи Диана Еникееванинг кўча тозалаш пайтида автомобиль уриб кетиши оқибатида ҳалок бўлганини рад қилмаган Каттақўрғон тумани халқ таълими бўлими мудири Алишер Жуманиёзов, Озодликнинг саволларига жавоб беришдан бош тортиб:​ “Ҳеч ким мажбуран олиб чиқилмаган”, дейиш билан чекланган эди.

Каттақўрғон туман ҳокимидан бу воқеага муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Шавкат Мирзиёев давлат тепасига келганидан кейин ҳам у бориши эҳтимоли бўлган жойлардаги ободонлаштириш ишларига ўқитувчи ва тиббиёт ходимларини мажбуран жалб қилиш давом этяпти.

Ўзбекистонда ўқитувчиларнинг ўз иши қолиб ободонлаштириш ва дала ишларига мажбуран жалб қилинаётгани ҳақида Озодлик бир неча бор хабар берган эди.

Ўтган йили пахта мавсумида Андижон, Фарғона, Наманган вилоят ҳокимлари ҳам пахта мавсумида ўқитувчиларни теримга чиқармаслик ҳақида ваъда берган бўлса-да, лекин тез орада бу ваъдаларини бузган ва ўқитувчилар пахта тергани жўнатилган эди.

Шунингдек, ўқитувчиларнинг йил давомида ободончилик ишларига ҳам жалб қилинаётгани кузатилади.

XS
SM
MD
LG