Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:45

Фарғоналик тадбиркор: “Ҳоким пешонангдан отаман, деди”


Янги реконструкциядан чиққан дўконлар Фарғонада яна бузиладиган бўлди.
Янги реконструкциядан чиққан дўконлар Фарғонада яна бузиладиган бўлди.

Фарғона вилояти ҳокими дўконлари бузилишига қарши чиққан тадбиркорларни “пешонангдан отаман” деб дағдаға қилган. Бу ҳақда Озодликка шикоят қилган тадбиркорларнинг айтишича, Фарғона шаҳар бош плани асосида деҳқон бозори атрофида реконструкция қилинган янги дўконларнинг бузилишига қарши чиққан тадбиркорларга бу гапни ҳоким умумий йиғилишда айтган.

Фарғона шаҳрининг бош плани асосида реконструкция бўлган деҳқон бозори атрофидаги хусусий дўконлар яна бузилмоқда.

Ана шу бузилишларга бағишланган йиғилишда вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев дўконлари бузилишига қарши чиққан тадбиркорларга пўписа қилган. Бу хабарни бир-биридан мустақил тасдиқлаган ва мажлисда иштирок этган уч тадбиркорнинг Озодликка айтишича, ҳоким унинг "ҳукмига қарши чиққанларни отаман" деб қўрқитган.

Исми сир қолишини сўраган мажлис қатнашчиларидан бири бу ҳақда шундай дейди:

"Ҳоким залга важоҳат билан кириб келди ва “бу ерда фақат мен гапираман, фақат мен савол бераман. Деҳқон бозори атрофидаги дўконлар бузилиши керак, агар кимки бунга қарши чиқса ўзим пешонасидан отаман” деб дағдаға қилди. Ҳеч ким бир оғиз гап айтолмади. Бу зўравон ҳокимлардан ҳар нарса кутиш мумкин,- деди тадбиркорлардан бири.

Вилоят ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда ҳокимнинг "тадбиркорларни пешонасидан отаман" деган гапни айтганини инкор қилди:

"Бу бўлмаган гап. Ҳоким бунақа гапни айтгани йўқ. Ҳамма бузилишлар бош план бўйича олиб бориляпти, дўкондорлар олдиндан огоҳлантирилган ва уларга бошқа жойдан дўкон қуриш учун жой ажратилган", деди ҳокимлик мулозими.

Шу пайтгача қирққа яқин тадбиркорнинг вилоят ҳокимини бу қароридан норози бўлиб Ўзбекистон президенти, Бош прокуратураси ва Олий судга ёзган шикоят аризалари жавобсиз қолмоқда.

Шаҳар деҳқон бозори ҳудудида дўкони бўлган тадбиркор Исроилжон Холматов (дўкон унинг хотини Муборак Сотиболдиева номига расмийлаштирилган)нинг айтишича, унинг дўкони икки марта реконструкция қилинганидан сўнг, яна бузилишга тушган:

- Ҳокимият деҳқон бозори атрофидаги тадбиркорларнинг қонини ичяпти. Бозор атрофидаги 37та дўконни бузасан, деб ҳокимият қарор чиқарган. Булар президентимизнинг қарорларини нуқул тескарисини қиляпти. Ёнимиздаги дўконларни кўпини бузиб ташлади. Бугун келишиб мени дўконимнинг томини очиб ташлашибди. Беш-олтитамиз қолганмиз, ҳозир ҳокимият билан “жанг” қиляпмиз,- деди тадбиркор.

Исроилжон Холматов “жанг” қиляпмиз деганда ҳокимият билан судлашаётганларини назарда тутди. Унинг айтишича, Фарғона шаҳар ҳокимияти тадбиркорларни судга берган. Ўз навбатида тадбиркорлар судга қарши ариза киритган.

Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро суди 8 август куни бу ишни кўриб чиқиб уч нафар тадбиркорнинг дўконлари бузилишига оид шаҳар ҳокимининг 2014 йил 28 майда чиқарган 747-сонли қарорини бекор қилган.

Бироқ, Исроилжон Холматовга кўра, шаҳар ҳокимлиги бу қарор бўйича вилоят судига аппеляция берган ва вилоят суди бу ишни қайта текширишга қайтарган:

- Сабаби, гўёки ҳокимликнинг ишончли шахсига берилган ишонч қоғози фуқаролик судига эмас, балки хўжалик суди учун ёзилган эмиш. Шуни баҳона қилиб делони қайтаришди. Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро суди эса ҳатто бизни чақирмасдан, дўконлар бузилсин деган қарор чиқариб юборибди, деди Исроилжон Холматов.

Тадбиркорнинг айтишича, Фарғона шаҳрини қайта қуриш бош планига асосан у дўконини икки марта реконструкция қилган:

- Кейинги сарфлаганимда 30 миллион сўм сарфладим. 8 метрлик дўконимни айвонини буздириб, ойнаклик қилдим. Ичкаридаги дўконимга эса ундан кўп, 80-90 миллион сўм сарфлаган эдим. Бултур сентябрь ойидан китоб дўкони қилган эдим. Лекин зўравонлик билан бузишмоқчи,- деди Исроилжон Холматов.

Дўкони бузилаётган яна бир тадбиркор Нилуфар Юсупованинг айтишича, қайта қурилган дўконлари учун арзимас товон пули берилган:

- 150 квадрат метр дўконим бузиляпти. Ҳокимнинг буйруғи билан икки этажли қилиб қурдик, кейин икки марта реконструкция қилдик. 200 миллион сўмдан кўп сарфладим. Уч марта яқин юз миллион сўм кредит олганман. Ҳали қарзларимни узмай туриб, бузасан деяпти. Бор-йўғи 14 миллион сўм компенсация берибди. Бу нима деган гап ахир? Ахир бу пулга бир хонали квартира ҳам бермайдику. Дўконим ўрнини гулзор қилиб қўйишаркан, давлат захирасига оларкан,- дейди тадбиркор.

Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиëев 2011 йилнинг 22 ноябрь куни Фарғона вилояти халқ депутатлари Кенгашида ўтказган йиғилишида Фарғона шаҳрини реконструкция қилиш режасини бошлашга оид фармойиш берган эди.

Шаҳар реконструкцияси бошлангандан кейин Озодликка мурожаат қилган кўплаб фарғоналиклар шаҳарни ободонлаштириш баҳонасида амалга оширилган бузиш ва қуришлар оқибатида уйсиз ва дўконсиз қолганларидан шикоят қилган эдилар.

Фарғона шаҳрининг реконструкция бўлган кўчалари президент Каримовнинг ташрифидан сўнг маҳалла раислари ҳар бир уйнинг дарвозасига миллий нақш солиш учун хонадон эгаларини яна чиқим қилишга мажбурлаган эди.

XS
SM
MD
LG