Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:53

Ўзбекистоннинг энг йирик масжидида азон овоз кучайтиргичда баралла янграй бошлади


Тошкентдаги "Ҳазрати имом" масжидида Ҳайит намози ўқилаётган пайтда олинган сурат.
Тошкентдаги "Ҳазрати имом" масжидида Ҳайит намози ўқилаётган пайтда олинган сурат.

Ўзбекистондаги энг йирик масжид бўлган Тошкентдаги “Ҳазрати имом” мажмуасида 7 январь кунидан бошлаб намозга чорловчи азон овоз кучайтиргичлар орқали баралла янграй бошлади.

Бу ҳақда Azon.uz сайти 7 январь куни ўз манбаларига таянган ҳолда хабар тарқатди.

“...Намоздан сўнг масжид имоми бу воқеага алоҳида тўхталиб, кўплаб хайрли ишлари қаторида, азонни баланд овозда чақириш ҳам шахсан давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан амалга оширилаётганини маълум қилган”, дейилади сайт хабарида.

Маълумотда айтилишича, шундан сўнг масжид имоми Ҳабибуллоҳ қори Абдураззоқов президент Шавкат Мирзиёев ҳақларига дуо хайрлар қилган.

Хабарда “бошқа масжидларда ҳам азон бундан буён овоз кучайтиргичларда айтиладими ёки аввалги ҳолатда қолаверадими?” деган саволга жавоб берилмаган.

"Эслатиб ўтамиз, азонни овоз кучайтиргичлар орқали айтилаётган масжидлар сони юртимизда кундан кун ошиб бормоқда", деб ёзди нашр.

Озодлик радиоси 30 октябрда Мусулмонлар идораси масжидларда азонни овоз кучайтиргичда айтилишига "яқин орада" рухсат берилишига умид қилинаётганини билдиргани тўғрисида хабар берган эди.

5 ноябрда эса Озодлик Тошкентнинг Юнусобод, Чилонзор, Ҳамза, Яшнаобод туманларидаги йирик масжидларида азон овоз кучайтиргичлар орқали айтилаётганини хабар қилиб: “ Тошкентдан олинган хабарларга кўра, ҳозирча азон овози масжиддан 300-500 метр нарига эшитилмоқда, аммо намозхонлар тез орада овозни баралла кўтаришга рухсат берилиши кутилаётганини айтмоқда”, деб хабар берган эди.

Ўзбекистонда сўнгги 10 йилга яқин муддат давомида азонни овоз кучайтиргичлар орқали айтиш тақиқланган ва бунга бошқа дин вакилларининг эътирози сабаб бўлгани айтиб келинган.

Шу кунга қадар бу масжидларда азон фақат ичкарида, намозга келган қавмга эшитилар даражада айтиб келинмоқда.

Аввалроқ Қўшма Штатлар Ўзбекистонни виждон эркинлиги бузилаётган ва диний эркинликлар поймол қилинаётган 10та “ўта ташвиш ли” давлатр рўйхатига киритди.

Мазкур рўйхатда Ўзбекистондан ташқари Тожикистон, Туркманистон, Эрон, Хитой, Шимолий Корея, Мьянма,Эритрея, Судан ва Саудия Арабистони бор.

АҚШ Давлат департаменти расмий сайтида 4 январь куни эълон қилинган баёнотда айтилишича, мазкур давлатларни “ўта ташвишли мамлакатлар” рўйхатига киритиш тўғрисида Давлат котиби Рекс Тиллерсон 2017 йилнингг 22 декабрида қарор қабул қилган.

“Биз рўйхатга киритилган айрим давлатлар виждон ва дин эркинлиги вазиятини яхшилаш йўналишида ҳаракат қилаётганини тан оламиз; биз бу ташаббусларни қўллаб –қувватлаймиз ва мулоқотни давом эттиришдан умидвормиз”, дейилади баёнотда.

Айни шу мамлакатлар ўтган йилда ҳам диний эркинликлар бўйича “ўта ташвиш уйғотаётган давлатлар” рўйхатига киритилган эди.

АҚШнинг диний эркинликка оид ҳисоботида йил сайин Ўзбекистон диний эркинликлар бўғилаётган давлат қаторида тилга олиб келинади.

АҚШдаги Халқаро диний эркинлик комиссиясининг 2017 йилнинг 26 апрель куни эълон қилинган навбатдаги йиллик ҳисоботида Ўзбекистон дунёда диний эркинликлар вазияти энг ёмон бўлган давлатлар қаторидан 12 - марта жой олган эди.

XS
SM
MD
LG