Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:33

Тошкентдаги баъзи масжидларда азон овоз кучайтиргичда айтила бошлади


Тошкентдаги Минор масжиди
Тошкентдаги Минор масжиди

Тошкентнинг Юнусобод, Чилонзор, Ҳамза, Яшнаобод туманларидаги йирик масжидларида азон овоз кучайтиргичлар орқали айтилмоқда. Тошкентдан олинган хабарларга кўра, ҳозирча азон овози масжиддан 300-500 метр нарига эшитилмоқда, аммо намозхонлар тез орада овозни баралла кўтаришга рухсат берилиши кутилаётганини айтмоқда.

Масжидларда овоз кучайтиргичдан фойдалана бошлагани ҳақида илк хабар берган Azon.uz сайтига кўра, Ўзбекистоннинг бошқа вилоятлари - Андижон ва Фарғонада ҳам баъзи масжидларда азон овоз кучайтиргичлар орқали чақирилмоқда.

Сайт, ўз манбаларига таяниб, Тошкентнинг Юнусобод, Чилонзор, Сергели туманларидаги масжидларга чақирилаётган азон овози атроф маҳаллалардан эшитилиб турганини хабар қилди.

Тошкентдаги мустақил журналист Абдураҳмон Ташановга кўра, овоз кучайтиргичлардан фойдаланиш ноябрь ойининг бошларида бошланган.

- Биз яшаб турган маҳалла масжидидан ҳам азон овози эшитила бошлади. Ҳозирча азон ва жума маърузаларининг овози масжиддан 300 метрча нарига қадар эшитилаяпти. Бомдод вақти яхши эшитилади, кундузи траспортнинг шовқини босиб кетаяпти. Бошқа намозхонлар билан ҳам гаплашдим - "Минор", "Тиллашайх", "Бодомзор", "Ислом ота", "Илон ота", "Катта қаъни" масжидларида азон овоз кучайтиргичларда айтилаяпти, - деди журналист.

Тошкентдаги бошқа намозхонлар билан суҳбатлашган Озодлик мухбирига кўра, ҳозирча овоз кучайтиргичлардан фойдаланиш мумкин, деган оғзаки ёки ёзма рухсат берилгани ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Жумладан, Озодлик боғланган Тошкентдаги масжидлардан бирининг имом-хатиби муовини айрим масжидларда имомлар ўзлари ташаббус қилиб, "яхши ният билан" овоз кучайтиргичлардан фойдалана бошлаганини айтди.

"Шу азонга рухсат берилар экан, деган гаплардан кейин имомимизнинг ўзлари яхши ният қилиб, овоз кучайтиргичнинг овозини бироз кўтариб қўйдилар. Жуда унақа баланд қилиб юборганимиз йўқ. Президентимиз аслида шу кунларда рухсат берарканлар, дейишяпти. Умид қилиб турибмиз", деди пойтахтдаги масжидлардан бирининг имоми муовини. (Бу кишининг сўровига биноан масжид номи ва имомнинг исми ошкор қилинмаётир)

Ҳозирча Озодлик бу хабарга бирор расмий идора ёки шахсдан изоҳ олишга муваффақ бўлмади.

26 октябрь куни Тошкентдаги “Шайх Зайниддин” (эски “Кўкча”) жоме масжидида бўлган имом-хатиблар йиғини ва унда азонни овоз кучайтиргичларда айтилишига рухсат берилиши мумкинлиги айтилгани ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди.

Мазкур тадбирда қатнашган манбасига таяниб хабар қилган Azon.uz сайтининг ёзишича, йиғилиш иштирокчилар масжидларда азонни овоз кучайтиргичлар воситасида чақиришга рухсат бериладими, деган саволни ўртага ташлаган ва бунинг ортидан ​"имомларнинг яқин кунлар ичида бу борада амалий ишларга ўтилиши белгилаб қўйилган".

Бу борада 30 окятбрь куни Озодликка изоҳ берган шайх Абдулазиз Мансурга кўра, ​аслида Диний идора бу ва яна бошқа масалалар - хотин-қизларнинг рўмол ўраши, мактабларда "Диншунослик" дарсларини қайта тиклаш каби қатор масалаларда рухсат берилишини сўраб, президент Мирзиёев девонига мурожаат қилганини ҳам айтган.

- Президентимизга йўлланган рўйхатни ўзим кўрганман. Мурожаатнома у кишининг қўлларига берилмаган бўлса-да, президент девонига топширилган. Ҳозир шунга жавоб кутаяпмиз. Кўриб турибсиз, кейинги бир йил ичида шунча яхши ўзгаришлар бўлди, Худо хоҳласа, бу ёғига ундан ҳам яхши ўзгаришлар бўлади, деб умид қилиб турибмиз, - деган эди 30 октябрь куни Озодлик билан суҳбатлашган шайх Абдулазиз Мансур.

Қуйида диний идора мулозими билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:​

Диний идора азонни овоз кучайтиргичда айтишга оид хабарларга аниқлик киритди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:05 0:00
Бевосита линк

Расмий маълумотга кўра, ҳозир Ўзбекистонда 2 минг 37 та масжид бор. Уларда жами 5 мингдан ортиқ имом ва имом ноиблари ишламоқда.

Аслида, шу йилнинг Рамазон ойида Тошкентдаги қатор марказий масжидларида азон чақирилганда, Таровеҳ намозлари ўқилганда ва "Қуръон" тиловат қилинганда овоз кучайтиргичлардан фойдаланилгани кузатилган эди.​

Ўзбекистонда сўнгги 10 йилга яқин муддат давомида азонни овоз кучайтиргичлар орқали айтиш тақиқланган ва бунга бошқа дин вакилларининг эътирози сабаб бўлгани айтиб келинган.

Шу кунга қадар бу масжидларда азон фақат ичкарида, намозга келган қавмга эшитилар даражада айтиб келинмоқда.

XS
SM
MD
LG