Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:28

Ўзбекистондаги аксарият банклар пул жўнатмалари беришни тўхтатди


Наманган шаҳридаги Ипак йўли банки, 2017 йил, 28 декабрь
Наманган шаҳридаги Ипак йўли банки, 2017 йил, 28 декабрь

Россиянинг “Золотая корона”, “Контакт” пул жўнатиш тизимлари билан шартнома боғлаган Ўзбекистондаги аксарият банклар хориждан юборилган пул жўнатмалари беришни 2 январгача тўхтатди. Тижорат банки мулозими бунинг сабабини пул жўнатиш тизимлари вақтинча ўчирилгани билан изоҳлади. "Золотая корона" эса тизим бир маромда ишлаётганини айтмоқда.

Ўзбекистондаги аксарият банклар пул жўнатмалари беришни тўхтатди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:00 0:00
Бевосита линк

"Бирорта тумандаги банк пул бермаяпти!"

Наманган вилоятининг Чортоқ туманида яшайдиган Саломатхон кун бўйи туманма-туман юриб, турмуш ўртоғи Россиядан юборган пулни оломаётганини Озодликка айтди:

- Чортоқдаги бирорта банк ишламаяпти. Учқўрғонга ҳам бориб келдик, у ерда ҳам янги йилдан кейин, 5 январда келинглар дейишяпти. Наманган шаҳрида эса фақат Ипак йўли банки ишлаяпти. Ҳозир шу ерга келсак тумонат одам, юздан ортиқ одам турибди. Яна банк ходимлари тушликка чиқиб кетибди, шуни кутиб ўтирибмиз, деди Саломатхон.

Наманган шаҳридаги Ипак йўли банки, 28 декабрь 2017 йил.
Наманган шаҳридаги Ипак йўли банки, 28 декабрь 2017 йил.

Халқ банки Чортоқ туман бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими 28 декабрдан бошлаб хорижий пул жўнатмалари берилиши тўхтатилганини тасдиқлади:

“Шу кунгача берилаётганди. Бугундан бошлаб тўхтатилди. Тепадан буйруқ бўлган, шунга тўхтатиб қўйишган”, деди банк мулозими.

Поп туманидаги барча тижорат банклари филиалларининг мулозимлари ҳам хориждан юборилган пул жўнатмаларини бериш тўхтатилганини Озодликка тасдиқлади.

ҚҚБ: "Золотая корона" системани вақтинча ўчирди"

"Қишлоқ қурилиш банк" акциядорлик-тижорат банкининг валюта операциялари бўлими мулозими Юлдузхон Тўлқиновна Озодлик билан суҳбатда хорижий пул жўнатмаларини бериш 28 декабрдан тўхтатилганини айтар экан, бунда тижорат банкларининг айби йўқ, дейди:

“Россиядаги “Золотая корона”, “Контакт” пул узатиш системалари бизга телефонограмма юбориб, тизимнинг 28 декабрдан вақтинча ўчирилиши ҳақида айтган эдилар. Йил охири бўлганлиги учун бу уларнинг ҳисоб-китоблари билан боғлиқ бўлса керак. Энди, янги йилдан кейин тизим яна ишга тушса, биз жўнатмаларни эгаларига бераверамиз”, деди Юлдузхон Тўлқиновна.

"Золотая корона": Система ўчмаган, бир маромда ишлаяпти!"

Россиядаги “Золотая корона” тизими мулозими Ўзбекистондаги банк вакилининг “тизим вақтинча ўчирилгани” ҳақидаги гапларини Озодлик мухбиридан эшитгач, буни текшириш учун 3 минут вақт сўради ва бироздан сўнг ушбу гапларни айтди:

- Кутиб турганингиз учун ташаккур. “Золотая корона” системаси штатний режимда ишлаб турибди. Системанинг Ўзбекистонда вақтинчалик ишламай турганлиги ҳақидаги информация тасдиқланмади. Пул жўнатмалари юбориляпти, мижоз уни дарҳол ёки уч йил муддатда олиши мумкин. Система ишлаб турибди, деди “Золотая корона” тизими мулозими.

Ўзбекистонга пул юборган ўн минглаб меҳнат муҳожирлари оилалари янги йил арафасида бу совғадан маҳрум қоладиган бўлди.

Ўзбекистон Марказий банки мулозими бу масалани ўрганиб чиқиб, 29 декабрь куни жавоб беришини айтди.

Ўзбекистонликлар Россиядан пул жўнатиш бўйича МДҲ ватандошлари орасида яна биринчи ўринни эгаллаб келмоқда.

Россия Марказий банки ҳисоботига кўра¸ 2016 йил давомида ўзбекистонликларнинг ватанига юборган жами маблағи 2 миллиард 741 миллион долларни ташкил этган.

Ўрта ҳисобда¸ Россияда меҳнат қилаëтган ҳар бир ўзбекистонлик ўтган йилда ойига 279 доллар пул юборган.

XS
SM
MD
LG