Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:26

Мирзиёев Самарқандда 145 аëл ўз жонига қасд қилганини айтди


Президент Мирзиёев 9 ноябрь куни Самарқанд вилоят Халқ депутатлари кенгашида қилган чиқишида¸ вилоятдаги долзарб муаммолар қаторида аëллар ўртасида ўз жонига қасд қилиш даражасининг юқорилигича қолаëтганини тилга олди. “Бу кўрсаткич 145 тани ташкил этади”¸ деган президент¸ бу рақамнинг қайси даврга оид эканини ҳам¸ аëлларни ўзини ўлдиришга мажбурлаëтган омилларни ҳам аниқлаштирмади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти​га кўра, 2010 йилда ҳар 100 минг ўзбекистонликдан 7 нафари ўз жонига қасд қилган бўлса¸ 2016 йилга келиб¸ бу нисбат ҳар юз мингдан 9,2 ни ташкил қилган.​

9 ноябрь куни Самарқандда қилган чиқишида вилоятда 145 аëлнинг ўз жонига қасд қилганини айтиб ўтган президент Шавкат Мирзиëев¸ бу рақамни изоҳлашни¸ биринчи навбатда¸ Хотин-қизлар қўмитаси масъул раҳбарларидан сўради.

Хотин-қизлар қўмитасининг масъул раҳбарлари бу рақамларни қандай изоҳлайди? Маҳалла вакиллари, профилактика инспекторлари ўз ҳудудларида уйма-уй юрдик, оилалардаги аҳволни ўргандик, деб ҳисобот беришади-ю, лекин ҳақиқий вазиятдан уларнинг мутлақо хабари йўқлиги таҳлиллар жараёнида яққол аён бўлмоқда.

Огоҳлантириб айтмоқчиман: бундай сохта ҳисоботлар билан ишлайдиганлар қонун бўйича тегишли жазосини албатта олади. Президент сиёсатини обрўсизлантирадиган бундай кўзбўямачиликларга ҳеч қачон йўл қўйилмайди”¸ деди президент жумладан.

Хотин-қизлар қўмитаси танқидга рози

10 ноябрь куни Озодлик мухбири президент биргина Самарқанд вилояти мисолида тилга олган аëлларнинг ўз жонига қасд қилиши бўйича вазиятга оид кенгроқ ва аниқроқ маълумот олиш мақсадида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси билан боғланди.

Қўмитанинг суицид масалалари бўйича мутахассисларидан бири¸ ўзбекистонлик хотин-қизлар ўртасида ўз жонига қасд қилишга оид аниқ рақамлардан бехабарлигини билдирди.

“Бир пайтлар¸ Хотин-қизлар қўмитаси бу масалада Ички ишлар вазирлиги билан яқиндан ишлаган¸ бирга сводка тўплаган. Аммо анча бўлди¸ бу иш тўхтаб қолди¸ бизга бундай статистикани бермай қўйишди. Буни фақат Ички ишлар вазирлиги ва прокуратура билади”¸ деган мутахассис¸ президент келтирган рақам тафсилотларини аниқлаштира олмаслигини тан олди.

Хотин-қизлар қўмитаси хотин-қизлар ўртасидаги ўз жонига қасд қилиш ҳолатларига оид асл манзараю аниқ рақамлардан бехабар бўлса¸ қандай қилиб бу қўмита¸ вазиятни изоҳлаши мумкин?

Бу саволдан ўнғайсизланган қўмита мутахассиси¸ “президент биздан изоҳ сўрашга ҳақли¸ чунки биз вазиятга алоқадормиз”¸ дея изоҳ берди.

Биз тарғибот қилишимиз керак. Қайси аëллар ўз жонига қасд қилади – оғир вазиятга тушиб қолган¸ оиласида жанжаллар бор аëллар суицид қилади. Шунинг учун президент бизни танқид қилаяпти¸ шунақа оилалар¸ шунақа аëллар билан яхшироқ ишлашимиз керак”¸ деди ўзини таништирмаган қўмита мутасаддиси.

Суиқасдга қўл ураëтганларнинг кўпчилиги 15-19 ëшдаги ўсмир қизлар

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2016 йилги ҳисоботига кўра¸ ўз жонига қасд қилиш дунë бўйлаб 15-29 ëшдагилар ўртасида энг кўп учрайди ва кейинги йилларда суицид 15-19 ëшдаги қизлар ўртасидаги ўлимнинг биринчи сабабига айланган; ўзини ўлдираëтганларнинг 80 фоизга яқини камбағал ëки ўртаҳол оилалардан.

Озодлик гаплашган Хотин-қизлар қўмитаси мутахассиси¸ бундай жараëннинг Ўзбекистонга ҳам хослигини таъкидлаб¸ кейинги йилларда коллеж ўқувчилари¸ айниқса¸ ўқувчи қизлар ўртасида ўзини ўлдириш кўпайганини айтади.

Жуда кўп бундай суицидлар. Ўсмирлик психологияси билан боғлашади. Биз ҳам ана шу ëшдагилар билан кўпроқ ишлашимиз керак. Бу ëшдагилар ичида оилавий муаммо йўқ ҳали¸ лекин сицид энг кўп шуларнинг ичида. Биттаси акам концертга қўймади деб ўзини осади¸ бошқаси ўқитувчим телефонимни олиб қўйди деб¸ учинчиси яхши кўрган йигитимнинг онаси танбеҳ берди¸ деб ўзини ўлдираяпти. Кўпчилиги туппа-тузук оилаларнинг боласи¸ ақлли¸ аълочи қизлар. Буларни умумлаштириб¸ сабаби мана бу¸ дейишнинг ўзи жуда қийин”¸ дейди мутахассис.

“Ўз жонига қасд қилаëтган аëллар сони кейинги бир йилда яна кўпайди”

Ўзбекистондаги Эзгулик инсон ҳуқуқлари жамияти 2016 йилда мамлакатдаги ўз жонига қасд қилиш вазиятини тадқиқ қилишга уринган ва бу муаммо юзасидан махсус ҳисобот тайëрлаган эди.

10 ноябрь куни Озодлик билан суҳбатда мазкур ташкилот раҳбари Васила Иноятова¸ бундай ҳолатларга оид аниқ рақамлар ўз қўлида бўлмаса-да¸ жамиятига келаëтган хабарлардан суиқасд¸ хусусан¸ аëллар ўртасидаги суиқасднинг кўпайганини тахмин қилади:

- Ҳозир турмушнинг оғир тоши аëллар елкасида бўлиб қолган. Бизга келаëтган шикоятлардан норози одамлар¸ айниқса¸ виртуал қабулхонадан норозиларнинг кўлами жуда кенг. Президент боришидан олдин¸ унга ўша вилоят бўйича рақамлар берилади ва бу унинг ўша вилоятдаги нутқида айтилади. Аслида бутун республика тутаб ëтибди¸ фақат Самарқанд эмас. Виртуал қабулхонага қилинаëтган мурожаатларнинг жуда кўпи аëллар томонидан берилаяпти. Улар бу мурожаатлари ҳеч қанақа натижа бермаганидан кейин¸ “ҳеч қаерга бориб бўлмас экан”¸ деган тушкунликка тушаяпти. Бундай тушкунлик уларнинг айримларини “ўзингни ўлдиришдан бошқа чора қолмади”¸ деган хулосага олиб келмоқда. Ночорлик¸ қашшоқлик¸умидсизлик ¸ чорасизлик ўз жонига қасд қилиш ҳолатларини келтириб чиқараяпти¸ дейди Васила Иноятова.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:00 0:00
Бевосита линк

Суиқасд ҳақида гапириш керакми-керакмасми?

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси мутасаддиси¸ ўз жонига қасд қилиш ҳолатларини жамоатчилик¸ хусусан¸ шундай ҳаракатга мойил деб кўрилган қатлам ўртасида муҳокама қилиш самараси ҳақида халқаро майдонда бир-бирига қарши фикрлар мавжудлигини айтади.

Таниқли суицидолог-мутахассислар¸ руҳшунослар бу масалани умуман¸ айниқса¸ ўсмирлар ўртасида муҳокама қилиш¸ уни тарғиб қилиш бўлиши мумкинлигини айтади. Масалан¸ бизга бу муаммони кенг кўламда муҳокама қилиш тавсия этилмайди. Бир томондан¸ биз аëлларни¸ хусусан¸ ўсмир қизларни ҳар қандай оғир вазиятда ҳам ўз жонига қасд қилишни хаëлга келтирмасликка тарғиб қилишимиз керак. Бошқа томондан¸ бу ҳақда қанча кўп гапирилса¸ шунча кўп одамга уни “юқтириш” эҳтимоли кучлилигидан¸ бу мавзуни тилга олмаслик тавсия қилинади. Тадқиқотлар¸ суиқасд ҳақида қанча кўп гапирилса¸ ўзини ўлдирадиганлар шунча кўпайишини кўрсатган”¸ деган бу мутахассис қайси тадқиқотларни назарда тутаëтганига тўхталмади.

Бундай дилемма мавжудлигини эътироф этган Васила Иноятова¸ 80-йилларнинг иккинчи ярмидаги вазият мисолида¸ жамоатчилик бу муаммони очиқ муҳокама қилиши лозимлигини айтади:

- Ўз жонига қасд қилиш ҳамма вақт бўлган¸ совет замонида ҳам. Фақат бу ҳақда гапириш мумкин эмас эди. Аммо ошкоралик бошланганидан кейин¸ бу табу бўлмай қолди – зотан ўзини ўлдиришлар ҳам мисли кўрилмаган даражада кўпайди ўшанда. Бу вазият таҳлил этилди¸ баҳс-мунозаралар қилинди ва жараëн вақтида назоратга олинди – ўзини ўлдириш тўхтамади¸ лекин сони камайди. Ҳозир ҳам айни ишни қилиш керак. Ички ишлар¸ прокуратура¸ ҳокимият ҳар бир ҳолатни алоҳида ўрганиб¸ суиқасдга етаклаëтган ҳар битта сабабни очиқ ва ҳалол тадқиқ қилиб¸ буни жамоатчиликка очиқ айтиши керак. Суиқасд сабабларини ўрганмай¸ уларни очиқ гапирмай туриб¸ бу жараëнни камайтириб бўлмайди¸ дейди Эзгулик инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Васила Иноятова.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти келтирган рақамлар ҳам Ўзбекистонда кейинги йилларда ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайиб бораëтганини тасдиқлайди.

Ташкилот статистикасига кўра¸ 2010 йилда ҳар 100 минг ўзбекистонликдан 7 нафари ўз жонига қасд қилган бўлса¸ 2016 йилга келиб¸ бу нисбат ҳар юз мингдан 9,2 ни ташкил қилган.

XS
SM
MD
LG