Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:59

Курсдошларини пичоқлаган ўқувчи қўлга олинаётганда жонига қасд қилишга уринди


Тошкент юридик коллежи ўқувчиси Саидкамрон Саидвоҳидов икки курсдошини пичоқлаганликда айбланиб ҳибсга олинди. Пичоқланган ўқувчилардан бири оламдан ўтган, иккинчиси шифохонада даволанмоқда. Воқеа жойидан қочиб, яширинган Саидвоҳидов воқеа содир бўлган куниёқ қўлга олинган ва ўз жонига қасд қилишга уринган.

“Лирика”дан мастлик оқибатида келиб чиққан бу фожиа ”

Воқеадан хабардор коллеж ўқувчиларидан бирининг айтишича, милиция ходимлари Саидкамрон Саидвоҳидов яширинган жойга келган пайти, у ўз жонига қасд қилишга уринган:

“Саидкамрон икки курсдошини пичоқлаб қўйгач, воқеа жойидан қочиб, бир дўстининг уйига яширинган. У “Лирика”дан маст бўлиб, ўртоқларини пичоқлаб қўйган. Милиция уни топган пайти, унинг мастлиги тарқаб, ўзига келган пайт бўлган. Кейин у “Дўстларимни пичоқлаб қўйдимми, Асадбекни ўлдириб қўйдимми”, деб венасини кесишга уринган. Уни қутқариб қолишган, кейин қўлининг кесган жойини боғлаб қўйиб, ҳибсга олишган”, деди тафсилотлардан хабардор юридик коллеж ўқувчиларидан бири.

Фожиа оқибатида ўлган Асадбек Парпибоевнинг яқинларидан бирининг айтишича, “Лирика” истеъмол қилганлик гумони билан Асадбекнинг жасади ҳам текширилган, бироқ унинг қонидан “Лирика”нинг изи чиқмаган.

Fergananews агентлиги ҳам ўз манбаларига таяниб, ушбу воқеа “Лирика”дан мастлик оқибатида содир бўлгани ҳақида ёзди.

Лекин Озодликда Саидкамрон Саидвоҳидовнинг “Лирика” истеъмол қилганига оид иддаони тасдиқловчи ҳужжат мавжуд эмас. ("Лирика"- "аптека наркотиклари"дан ҳисобланади. Айнан наркотик сифатида ёшлар орасида тарқалган бу дорини Тошкентдаги баъзи аптекаларидан рецептсиз харид қилиш мумкин).

Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан 17 яшар Саидкамрон Саидвоҳидовга нисбатан ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми “д” банди ("Жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш") билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов-суриштирув ишларини олиб бораётган Учтепа туман ички ишлар бўлими ходимлари Саидвоҳидовнинг ҳибсга олинганини тасдиқлади, бироқ воқеага оид бошқа тафсилотларни очиқламади.

Фожиа билан тугаган келишмовчилик

Воқеа 6 октябрь куни Учтепа туманида жойлашган Тошкент юридик коллежи ҳудудида соат 10:05 да содир бўлган.

Воқеа гувоҳларига кўра, 3-курс ўқувчилари Саидкамрон Саидвоҳидов, Асадбек Парпибоев ва Раҳматилла Ёрқориев ўртасида келишмовчилик чиқиб, улар ўзаро жанжаллашиб кетади.

Ички ишлар маълумотига кўра, жанжал пайти Саидвоҳидов, икки курсдошининг оёғига пичоқ урган.

17 яшар Асадбек Парпибоев “чап сон юқори учлиги санчилиб кесилган жароҳати, фаол қон кетиши” ташхиси билан шифохонага ётқизилган ва олган тан жароҳати оқибатида шифохонада вафот этган.

18 яшар Раҳматилла Ёрқориевга “чап сон ташқи юзаси санчилиб кесилган жароҳати” билан шифохонада даволанмоқда.

Озодлик билан суҳбатда Раҳматилла соғлиги кун сайин ўнгланаётгани ва ҳозирда ўзини яхши ҳис қилаётганини айтди. Бироқ у тергов кетаётгани боис воқеа тафсилотлари ҳақида гапиришни истамади.

Юридик коллежда кейинги 4 ойда 2 қотиллик

Ушбу коллеж ўқувчиси Акмал Абдураҳмонов жорий йил 28 июнида курсдошлари томонидан калтаклангани оқибатида оламдан ўтганди.

Ушбу коллеждаги воқеалар ўтган ҳафта Ўзбекистон телеканалида ҳам танқид қилинди.

7 октябрь куни президент девони, Адлия, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари масъуллари иштирокида йиғилиш ўтказилган ва унда коллеж директори Наталья Темировани “2-даражали адлия маслаҳатчиси” мартабасидан маҳрум қилиш, лавозимидан бўшатишга қарор қилинган.

Адлия вазирлиги сайтидаги маълумотга кўра, "Раҳбар ходимларнинг ўз хизмат вазифаларига масъулиятсизлик билан ёндашганлиги оқибатида 2017 йил 6 октябрь куни ўқувчилар томонидан коллеж ҳудудида оғир жиноят содир этилган".

Коллежлардаги қотилликлар

Жорий йилда Ўзбекистон коллежларида бир неча марта қотиллик амалга оширилди.

Андижондаги Қишлоқ хўжалик коллежининг икки битирувчиси пичоқлашгани оқибатида, улардан бири 11 июл куни касалхонада жон берди.

Тошкентдаги Боровский номли Тиббиёт коллежида шу йил май ойида 17 ёшли Жасур Ибрагимов курсдоши тарафидан калтаклаб ўлдирилиши катта шов-шувга сабаб бўлган эди.

Март ойида эса Тошкент Давлат техника университетининг 1-курс талабаси Тошкент тиббиёт коллежи ўқувчисини рашк сабабли, ошхона пичоғи билан жароҳатлаган эди.

XS
SM
MD
LG