Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:24

"Ўзбекистон" радиосининг собиқ муҳаррири Киевда қамоққа олинди


Журналист Назрулло Охунжонов.
Журналист Назрулло Охунжонов.

“Ўзбекистон” радиоканали “Янги жамият” студиясининг Сиёсий, ҳуқуқий ва маърифий эшиттиришлар бўлими собиқ мудири Назрулло Охунжонов Украинага сиёсий бошпана излаб келгани ортидан ҳибсга олинди. Бош қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Киев расмийларидан Охунжоновни Ўзбекистонга экстрадиция қилмасликни илтимос этмоқда.

Журналистларни ҳимоя қилиш халқаро қўмитаси 27 сентябрь куни Украина ҳукуматига мурожаат қилиб, ўзбекистонлик журналист Назрулло Охунжоновни ҳибсдан озод қилишга чақирди.

Охунжоновнинг адвокати Алексей Федоров Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасига ўз ҳимоясидаги одам Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши мумкинлигини айтган.

27 сентябрь куни Киев суди 2013 йилдан бери Ўзбекистондан ташқарида яшашга мажбур бўлиб келаётган Охунжоновни тергов якунлангунига қадар 40 кунлик муддатга ҳибсда сақлаш қарорини чиқарди.

Назрулло Охунжонов 20 сентябрь куни сиёсий бошпана олиш мақсадида Туркиядан Киевга учиб келган пайтда қўлга олинган. Украина ҳукуматининг билдиришича, Охунжоновнинг ҳибсга олинишига унинг исми-шарифи Интерпол томонидан қидирувга берилган шахслар рўйхатида қайд этилгани сабаб бўлган.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон ҳуқуқ - тартибот тузилмалари Назрулло Охунжоновни товламачиликда айблаб халқаро қидирувга берган.

Адвокат Федоровнинг айтишича, Охунжоновнинг ўзи бу айбловларни инкор қилмоқда ва сиёсий сабаблар билан Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлганини айтмоқда.

“Биз Украина ҳукуматини Назрулло Охунжоновни озод этишга, унинг Украинада қолишига рухсат беришга ва унинг экстрадиция қилиш тўғрисидаги талабларни ижобатсиз қолдиришга чақирамиз. Охунжонов Ўзбекистонда журналистик фаолияти учун жиддий таҳдидлари остида қамоққа ҳукм қилиниши мумкин. Ўзбекистонда журналистларни танқидий нуқтаи назарлари учун таъқиб қилиш одатий ҳолатга айланган”, деди Журналистларни ҳимоя қилиш халқаро қўмитасининг Европа ва Марказий Осиё бўйича мувофиқлаштирувчиси Нина Огнянова.

Адвокат Федоровнинг айтишича, Охунжонов Туркияда амалга ошмай қолган давлат тўнтаришига уринишдан сўнг инсон ҳуқуқлари вазияти тобора ёмонлашиб бораётгани ортидан Украинага келишга мажбур бўлган.

Назрулло Охунжонов Озодлик радиосининг OzodNazar эшиттиришининг доимий экспертларидан бири қаторида бир неча йиллардан бери Ўзбекистондаги сиёсий жараёнларга ўз нуқтаи назарини билдириб келар эди.

XS
SM
MD
LG