Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:00

Гулнора Каримовадан унинг тарғиботчиси Фирдавс Абдуҳолиқов юз ўгирди


Фирдавс Абдуҳолиқов Гулнора Каримова билан (Сурат UzLife сайтидан олинди)
Фирдавс Абдуҳолиқов Гулнора Каримова билан (Сурат UzLife сайтидан олинди)

Ислом Каримовнинг қизи - Гулнора Каримованинг ёнида 10 йилга яқин ишлаган ва бу муддатда, маҳаллий журналистлар таъбирича, "Ўзбекистондаги энг йирик медиамагнатга" айланган Фирдавс Абдуҳолиқов собиқ раҳбарининг кирдикорларини фош қилувчи мақола чоп этди. Унга қарашли "Даракчи" газетасидаги мақола Каримова оғир иқтисодий жиноятларда айбланиб, ҳибсда сақланаётгани расман очиқлангач, пайдо бўлди.

Расмий билдирги

Абдуҳолиқов бу мақоласини айнан ҳозир ёзгани сабабини Гулнора Каримовага қўйилган айбловлар расман эълон қилиниши билан "ахборотни ошкор этиш борасидаги расмий тўсиқларнинг барчаси олиб ташлангани" ва "шахсий фуқаролик позициямни билдириши лозимлигини англагани" билан изоҳлаган.

У мақоласининг бошидаёқ Гулнора Каримова етакчилик қилган бирор ташкилотда бирорта лавозимни эгалламагани, аммо Гулнора бошчилигидаги лойиҳалар "ушбу хатти-ҳаракатлар инсонларга фойда келтиришига, жуда кўп ижтимоий муаммоларни ҳал этишига ишонган"и боис унга ёрдам берганини расман билдиришини айтган.

"Фурсатдан фойдаланиб, айтишим лозимки, мен Фонд Форумда бирор расмий лавозимни эгалламаганман ва айрим хорижий ОАВлар шов-шув кўтарганидек, унинг матбуот котиби ҳам бўлмаганман. Шунингдек, Гулнора билан ҳамкорликдаги фаолиятдан ҳеч қандай тижорий мақсадни ҳам кўзламаганман", дея қўшимча қилади Абдуҳолиқов.

Шу тариқа, Гулноранинг жиноий фаолиятига алоқадорлигини мутлақо инкор қилган медиамагнат, ўзига қарашли газетада чиқарган мақоласида, марҳум президентнинг қизи "содир этган жиноятларнинг молиявий-маънавий" кўламини, гўёки, фош этган.

Чил-чил синган "самимий ишонч"

Абдуҳолиқов 2004 йилдан бошлаб Гулнора Каримова раҳбарлик қилган "Форум фонди" ташкилоти тадбирларини республика бўйлаб уюштириш ва ўтказишда қатнашгани ва ўзи раҳбари бўлган Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари Миллий ассосиациясига (НЭОАВМА) қарашли нодавлат телеканаллар билан биргаликда тадбирларни фаол тарғиб қилганини ёзади.

"Биз шунингдек, унинг фаолиятини кенг ёритганмиз... Бошқача айтганда, бутун мамлакатни қамраб олган хайрия тадбирларида иштирок этаётганларнинг аксариятини уларнинг беғаразлигига ишонишганди", дея қўшимча қилади медиамагнат.

Унга кўра, аввалига, бу тадбирларда иштирок этганлар раҳмат эшитган ва ёрлиқлар билан рағбатлантирилган. Аммо, бора-бора, бутун республикани қамраган, минглаб кишилар меҳнати эвазига қилинаётган ишлар учун биргина Гулнора Каримовани олқишлаш бошланган.

Аммо, 2010 йилга келиб, "Гулноранинг музаффарона одимларини жаҳон матбуотида тарқалаётган, унинг ноқонуний тижорий фаолиятига оид турфа ахборотлар тез-тез таъқиб эта бошлади".

Хориж ОАВдаги "яшириб бўлмас фактлар"

2012 йилнинг ёзига келиб "хориж ОАВ"ларида, Абдуҳолиқовга кўра, Гулноранинг номига боғланган коррупцион можаролар "бир неча миллионлар билан ўлчанадиган порахўрлик ҳолатлари, ноқонуний ўзлаштиришлар ҳақидаги рад этиб бўлмас фактларга асосланган мақолалар" берила бошлаган.

​Шундан сўнг, гўёки, Гулнора матбуот анжуманларини уюштириб, ўзини оқлаш ҳаракатига тушган ва "борган сари асабийлашиб, қуюшқондан чиқиб борарди".

Абдуҳолиқовнинг иддаосича, Каримова Швейцариядаги ширкатларининг вакиллари қўлга олинганида, "Аёллар кенгаши" ташкилоти ходимларини Швейцариянинг Тошкентдаги элчихонаси ёнида пикетга чиқишга мажбурлаган.

Ўз тадбирларига, аввалига, ихтиёри билан ҳомийлик қилган тадбиркорларни, бора-бора, таъқиб-тазйиқ таҳдиди билан мажбурлаб ҳомийлик қилдиришга тушган.

"Гулнора сал бўлса-да, фикри, нуқтаи назари ўзиникидан фарқ қиладиган кишиларни четга сурарди. Мен ҳам бир гал ана шундай вазиятга тушганман: ўшанда мен бухоролик оқсоқол ва мутахассислар норозилигига асосланиб, Биби Орифа масжиди ва мақбарасидаги қўшимча қурилишни қўллаб-қувватламаган, ушбу обидани фақат таъмирлаш билан чекланишга эришган эдим. Бу тортишувни у эслаб қолган экан", деб ёзади медиамагнат.

Маликанинг таҳдиди

Иддаосича, 2013 йилнинг майида Фирдавс Абдуҳолиқов Uzreport-TV очилишига "ҳа", деб жавоб бергани учун Гулнора томонидан хиёнатда айбланган. Гўёки, ўша воқеадан сўнг, яъни 2013 йилнинг 15 майидан Абдуҳолиқовга қарашли СТВ - Ўзбекистондаги илк нодавлат телеканали бўлган Самарқанд телеканали устидан текширувлар бошланган, унинг ходимлари ортидан эса "ошкора тазйиқ" бўлган.

Абдуҳолиқовга кўра, у сўнгги бор 2013 йилнинг октябр ойида Гулнора билан шахсан учрашган. Ўшанда Гулнора, гўёки, Абдуҳолиқов ортидан бошланган текшир-текширларни тўхтатиш эвазига, ундан "ўз тарафига ўтиш"ни талаб қилиб, ультиматум қўйган.

Фирдавс Абдуҳолиқов, гўёки, ўша учрашувдан сўнг Гулноранинг соғлом фикрлай олмай қолганига, унинг "ўзини оқлаш учун бошқаларнинг юзига лой чаплашга тайёр экани ва ушбу вазиятда унинг таъқибларидан яшириниш мен учун энг тўғри йўл экан", деган хулосага келган.

Янги ҳукуматга олқишлар

Шу тариқа, қарийб 10 йил хизматини қилган эски раҳбарининг ғазабидан қандай омон қолганини илк кез изоҳлаган Абдуҳолиқов, мақоласи сўнгида, янги ҳукумат - собиқ бош вазир, эндиликда президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсатини олқишлаб ўтишни ҳам унутмаган.

Бундан бу ёғига мамлакатда кенг кўламдаги ислоҳотларни амалга ошириш ёки тадбирларни ўтказиш учун "коррупция ва жиноятчиликка асосланган “салтанатини” яратишига ҳожат йўқ"лигини таъкидлаган Абдуҳолиқов: "2016 йилда тузилган Халқаро Пресс-клубдан тортиб, яқинда таъсис этилган Ўзбекистон Ёшлар иттифоқигача (уларнинг санаб саноғига етиш қийин) фикримизнинг исботи бўла олади", деб хулоса қилади.

Медиамагнатнинг ғойиб бўлиши

Асли самарқандлик 54 яшар Фирдавс Абдуҳолиқов Ўзбекистонда бир қатор нашрларнинг эгаси сифатида танилган.

Мақоласида ёзгани каби, 2013 йилнинг октябрида Ўзбекистондаги қатор нодавлат телеканаллар - Форум ТВ, ТВ-Марказ, НТТ ва SOFTS телеканаллари ёпилган кезда, охиргиси бўлиб, унга қарашли СТВ - Самарқанд телеканали ҳам эфирдан узилган эди.

Бу телеканалларнинг барчаси Ўзбекистондаги медиа бозорни тўлиқ назоратига олган НЭОАВМА - Нодавлат электрон оммавий ахборот воситалари миллий асоциацияси орқали унинг раҳбари бўлган Фирдавс Абдухолиқовга ҳисоб беради.

Унинг эса бу телеканалларнинг саҳна ортидаги асл эгаси экани айтилган президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага ҳисоб бериши ва медиа соҳасида унинг асосий бошқарувчиларидан бири экани иддао қилинган.

2013-2014 йиллар давомида Ўзбекистон прокуратураси ва МХХ хизмати томонидан Гулнора Каримова асос солган бизнес империя, хусусан, нодавлат телеканаллар фаолияти ҳам тўлиқ тўхтатилган, бунинг ортидан бир қатор масъуллар, шу жумладан, Г. Каримованинг ўзига ҳам жиноят иши очилгани расман эълон қилинган.

Ўша кезда норасмий манбалар "медиамагнат" Фирдавс Абдухолиқов ҳам ҳибсга олинганини иддао қилган, Озодликнинг у билан боғланиш уринишлари натижа бермаган эди. Бугунга келиб "Даракчи" газетасида чиқарган мақоласида иддао қилишича, ўша кезда у Гулноранинг таъқибидан яшириниб юрган.

Журналист-медиамагнат

Асл касби рус филологи бўлган, Олий Мажлиснинг 54 яшар депутати Фирдавс Абдуҳолиқов 1991 йилда Ўзбекистондаги илк нодавлат телеканал ва газетани очиш билан бирга 2003 йилдан буён мамлакатдаги 60дан ортиқ ахборот воситасини бирлаштирган Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясига раҳбарлик қилиб келади.

Бундан ташқари, 2008 йиллардан бошлаб, у Гулнора Каримова етакчилигида бўлган ва 2013 йилнинг охирида ёпилган "Форум фонди" ташкилоти тадбирларида фаол иштирок этган амалдорлардан бири сифатида муттасил матбуот кўз ўнгида бўлган.

Бундан ташқари, Ўзбекистондаги илк кўнгилочар газета ҳисобланган ва жуда катта тиражда чоп этилган "Даракчи" газетаси, бу газета ва яна бир неча кўнгил очар нашрларни чоп эттираётган "Даракчи" ижод уйининг ҳам Абдуҳолиқовга тегишли экани айтилади.

Бу нашрлар ҳам, Гулнора Каримовага тегишли бизнес империя қулаши арафасида "такрор текширувлардан" ўтган, қисқа муддатга ёпилиб-очилган эди.

XS
SM
MD
LG