Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:33

“Даракчи” газетаси сотувга чиқди


Ўзбекистонда 11 декабрдан буён чоп қилинмаётган энг катта тиражли, кўнгилочар “Даракчи” хусусий газетаси 31 январдан бошлаб мамлакат дўконларида сотувга чиқарилди.

Бу ҳақда Озодликка "Даракчи" газетаси мухбирларидан бири исмини очиқламаслик шарти билан маълум қилди.

Шунингдек, рус тилидаги "Даракчи плюс" ва ўзбек тилидаги "Суғдиёна" газеталари ҳам сотувга чиқарилган.

Мамлакатдаги энг кўп тиражда чоп қилинган "Даракчи" газетаси бу сафар атиги 39 минг нусхада чиқарилган. Ёпилиши арафасида "Даракчи" 100 мингдан зиёд нусхада чоп қилинаётган эди.

Darakchi.uz сайти ўрнида пайдо бўлган Pressnews.uz интернет нашри "Даракчи" газетаси фаолияти 22 январдан бошлаб тикланганини хабар қилганди.

“Даракчи” ва “Суғдиëна” газеталари зиммасидаги таъқиқнинг олиб ташлангани ҳақида Озодликнинг Ўзбекистон президенти девонидаги манбаси ҳам хабар қилган эди.

Манбанинг айтишича¸ “Даракчи” ва “Суғдиëна” хусусий газеталарининг эгаси алмашган. Аммо, манба газетанинг янги эгаси ким экани ҳақидаги маълумотни очиқламади.

“Даракчи” ижодий уйи” таниқли тадбиркор Фирдавс Абдуҳолиқов томонидан 1992 йилда ташкил қилинган бўлиб¸ қисқа муддатда мамлакатдаги энг оммабоп газетага айланган эди.

Газета ёпилганидан буён Фирдавс Абдуҳолиқовнинг қаерда экани номаълум қолмоқда.

Vesti.uz газетаси Абдуҳолиқовнинг тергов қилинаётгани, Uznews.net интернет нашри эса унинг қамоқда экани ҳақида ëзган.

Fergana.ru нашри эса Фирдавс Абдуҳолиқов ўз қариндошлари билан биргаликда тафтишлар бошланиши биланоқ Ўзбекистонни тарк қилгани борасидаги тахминни илгари сурганди.

“Даракчи” билан боғлиқ вазиятдан яхши хабардор Озодлик манбасига кўра, Фирдавс Абдуҳолиқов оиласи, синглиси ва опаси билан биргаликда Германияда яшамоқда.

Айни пайтда Озодлик ушбу хабарни бошқа манбалар орқали тасдиқлатиш имконига эга бўлмади.

“Даракчи” ёпилишидан аввал Абдуҳолиқовга тегишли Самарқанддаги СТВ телеканалининг ҳам фаолияти тугатилди. СТВ Гулнора Каримовага мансублиги айтиладиган бир қатор телеканаллар эфирдан олиниши ортидан 31 октябрда ёпиб қўйилган эди.

Мамлакат медиа бозорида ўзига хос нуфуз ва ўринга эга бўлган “Даракчи” ижод уйи" бошидаги “қора булут”лар Гулнора Каримова ҳамда унинг издошлари, хусусан, медиамагнат Фирдавс Абдуҳолиқовга нисбатан олиб борилаётган сиёсат маҳсули сифатида кўрилган эди.

Фирдавс Абдуҳолиқов ўзбекистонлик йирик медиамагнат сифатида ҳар доим матбуот диққатида турган фигуралардан бири бўлган.

У 1992-1995 йилларда Ўзбекистонда илк нодавлат телеканал ва газета очиш билан бирга 2004 йилдан буён мамлакатдаги 60 дан ортиқ ахборот воситасини бирлаштирган "Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси"га раҳбарлик қилиб келади.
XS
SM
MD
LG