Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:40

"Америкадан қайтиб, Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини 2 йилда тиклаб беришга тайёрман"


Акром Маҳмудов Америкада тиббий техника ишлаб чиқарувчи компанияда мутахассис бўлиб ишлайди.
Акром Маҳмудов Америкада тиббий техника ишлаб чиқарувчи компанияда мутахассис бўлиб ишлайди.

Озодликнинг Portal рукнига Америкадан мурожаат қилган 43 яшар Акром Маҳмудов Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги икки йилда тикланишига ишонади. Бу борадаги таклифларини президент Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига йўллаган Акром агар таклиф қилишса, Ўзбекистонга қайтиб, буни амалда исбот қилишга ҳам тайёрлигини таъкидлади.

Асли қашқадарёлик Акром Маҳмудов Ўзбекистонда пайти "Камолот" ёшлар ҳаракати аъзоси бўлган ва тадбиркорлик билан шуғулланган.

Акромнинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, ёшлар ташкилотлари фаолиятидан ва қишлоқ хўжалиги соҳасидан яхши хабардор бўлгани боис президент порталига ўз таклифларини йўллаган:

- Ўша пайтдаги муаммолар яна такрорланмаслиги учун, менга ўхшаб "Камолот" каби ёшлар иттифоқига ишониб, ҳаракат қилиб, бўрига гўшт ташлагандай ташлаб, хор қилиб ташламасин деган мақсадда президент порталигига таклифларимни ёздим,- дейди Маҳмудов.

Ўз таклифларини Озодлик муштарийлари билан ҳам ўртоқлашган Акромга кўра, ёшлар ташкилотлари маҳаллий ҳокимлик органларидан мустақил равишда фаолият кўрсатиши лозим, акс ҳолда бирор ўзгариш бўлиши имконсиз:

- Ҳокимлик аралашса, тарафкашлик кучли бўлади. Шунинг учун менинг таклифим "Ёшлар" иттифоқида кенгаш тузиб, яхши фикрлайдиган ёшларни шу кенгашга киргизиб, сайлов асосида кадрлар танланса яхши натижа бўлиши мумкин. Пул аралашмасдан, таниш-билишсиз келган одам ишлайди. Агар вилоят ҳокимининг тавсияси билан қилинса, у бола ҳокимга қарши чиқиб, бирор нарса қила олмайди,- дейди Маҳмудов.

Акром ердан унумли фойдаланмаётган фермерлар қўлидан ерларини олиб, ёш тадбиркорларга беришни таклиф қилади:

- Ўша ерда "Ёшлар" иттифоқининг уюшмасини тузиб, бригадалар очиб, Россияда, чет элларда сарсон бўлиб юрган мутахассисларни чақириб, ўша жойларга ишга қўйиб, уларни техника билан таъминласа, болалар зудлик билан ишга киришади. Битта қишлоқда ўнта бригада бўлса, 70-80тадан ёшлар ишласа, битта қишлоқда 800та одам ишга киради. Унинг орқасидан қанча тракторчи бор, заводлар ишга тушади. Бу бир-бирига уланиб кетаверади,- дейди Акром Маҳмудов.

Ҳозирда Америкада тиббий техникалар ишлаб чиқарувчи компанияда мутахассис бўлиб ишлаётган Акром Маҳмудов "Агар таклиф қилишса, Ўзбекистонга қайтиб, икки йил ичида қишлоқ хўжалигини тиклаб беришга тайёр"лигини ҳам айтди:

- Менга ойлик ҳам керак эмас. Менга кафолат бўлса бораман. Вилоят ҳокимлиги, прокуратура, СНБдан кафолот бўлса бораман. Мен ўша пайтда "Камолот"да ишлаганимда очиқдан-очиқ тазйиқ бўлган менга. Қамашди мени. Америка элчихонаси ёрдамида қамоқдан чиққанимда, "Бу ердан чиқиб кетмасанг, қамаймиз сени", деб юзимга айтишган. Ўшандай тазийқ бўлмаса, айтган таклифларини амалга ошираман. Мен биламан одамларни қандай қилиб, олиб келиб, ишга жойлаштириш, мутахассисларни қайтаришни биламан. Мен ҳеч кимдан пора олмайман. Менга пули ҳам керак эмас. Лекин мен қандай ишлаш кераклигини кўрсата оламан. Ўша ердаги узумзорларни, олмазорларни узоғи билан икки йилда 20-30 тоннага чиқараман, -дейди Акром Маҳмудов.

Ҳозирда Америкада яшаётган Акром Маҳмудов билан суҳбатни тўлиқ равишда қуйида тинглашингиз мумкин:

Акром Маҳмудов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:47 0:00
Бевосита линк

Муҳим эслатма: Президент Мирзиёев порталига йўлламоқчи бўлган шикоятингиз нусхасини Озодликка ҳам йўллашни унитманг! Аризангиз тақдирини биргаликда кузатамиз!

XS
SM
MD
LG