Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:57

Андижонда оммавий заҳарланиш: 200 одам шифохонага ётқизилди, 5 кишининг аҳволи оғир


Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида 15 май куни музқаймоқдан жами 1500га яқин одам заҳарлангани айтилаяпти. Шифокорларга кўра, 200га яқин киши шифохонага ётқизилган, улардан 5 нафарининг аҳволи ўт жиддий. Юзлаб кишига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйига рухсат берилган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумоти: 17 май соат 17:00

  • 15 май куни Шаҳрихон шифохонасига заҳарланиш белгилари билан мурожаат қилган 212 кишидан 186 нафари даволаниш учун ётқизилди

  • 17 май куни эрталаб беморлардан 153 нафари касалхонадан чиқарилган, қолган 33 беморнинг аҳволи қониқарли

  • Беморлар заҳарланган музқаймоқ бактериологик ва кимёвий текширувдан ўтказилмоқда

*******************************************************************

“1500 одам заҳарланган”

Андижондан 17 май куни туш пайти олинган маълумотга кўра, музқаймоқдан заҳарланганлар сони 1500га яқин бўлиб, уларнинг аксари биринчи тиббий ёрдам олгач, уйларига қайтган.

Ҳозирда заҳарланиш ташхиси билан юзлаб одам шифохонада қолмоқда. Шифокорлардан олинган маълумотга кўра, Шаҳрихон шифохонасида 200га яқин одам айни ташхис билан даволанмоқда, улардан беш нафари реанимация бўлимига ётқизилган.

Шунингдек, қўшни шифохоналарга ҳам заҳарланган беморлар жўнатилган. Жумладан, Асака шифохонасига ҳам Шаҳрихондан беморлар келтирилган:

“Мен ҳозир Асака шифохонасига келиб вазиятни ўргандим. Бу ерга Шаҳрихондаги музқаймоқ воқеаси бўйича 307 одам келтирилган”, деди заҳарланиш воқеасини мустақил ўрганаётган асакалик манба.

Шаҳрихон туман шифохонаси
Шаҳрихон туман шифохонаси

Қўрқинчли Шаҳрихон

16 май куни Шаҳрихонда заҳарланиш воқеасига оид ваҳималар урчиди.

Ўз шахси очиқланмаслигини истаган тошкентлик журналист ўзининг Шаҳрихондаги қариндошларига таяниб¸ музқаймоқдан заҳарланиб касалхонага тушганлардан бештасининг ўлганини иддао қилди.

"Қариндошларимнинг айтишича¸ аҳвол жиддий. МЧС палаткалар тикибди"¸ деди журналист.

Озодликка телефон қилиб¸ музқаймоқдан оммавий заҳарланиш ҳабарини берган шаҳрихонлик 46 яшар тадбиркор йигит Икромжоннинг айтишича¸ шаҳарда музқаймоқдан заҳарланган 7 ëки 10 киши ўлгани ҳақидаги миш-миш урчиган:

"Қўшни туманлардан ҳам тез-ëрдам машиналари юрибди¸ номеридан билдим. Осмонда МЧС вертолëтлари учиб юрибди. Шаҳар миш-миш билан тўла¸ бировлар етти киши ўлган деса¸ бировлар 10 киши ўлган дейди. Тумандаги катта касалхона тўлган. Вилоят ҳокими¸ Тошкентдан келган катта мулозимлар билан ҳокимлик биносида штаб очган. Врачлар уйма-уй юрибди"¸ дейди шаҳрихонлик Икром.

"Ўлганлар йўқ"

Лекин Андижон вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси мулозимлари музқаймоқдан заҳарланган беморлар орасида ўлим ҳолати бўлганини инкор қилди.

"Ўлим ҳолати йўқ. Вазият бартараф қилинди. Душанба куни соат 14 дан 30 дақиқа ўтганида тиббиëт бирлашмаси юқумли касалликларни қайд қилиш бўлимига музаймоқдан заҳарланган илк бемор мурожаат қилди. Сал ўтмай¸ айни ташхис билан дасталбки 26 беморга врач ëрдами кўрсатилган. Улар ич кетиш¸ қайт қилиш ва баданга тошмалар чиқиши каби клиник белгилар билан қайд қилинган. Уларда "Овқат токсикоинфекцияси" бўлган. Кейин соат 15 дан 30 дақиқа ўтганга қадар тумандаги ҚВПлар ва бошқа касалхоналарга 300 га яқин бемор айни симптом билан мурожаат қилди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва санитария-эпидемиология маркази врачлари вазиятни тўғри баҳолаб¸ қўшни туманлардаги врачларни ҳам сафарбар қилишди"¸ деди вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси мулозими 16 май куни тушдан кейин.

“МАКС кафеси айбдор”

Андижон ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, заҳарланган беморларнинг барчаси Шаҳрихон марказидаги МАКС кафесидан музқаймоқ еганликларини айтишган.

“Ўтказилган тафтишлар натижасида 14, 15 ва 16 май кунлари МАКС кафесидан музқаймоқ еган кишилар орасида заҳарланиш ҳолатлари қайд этилгани аниқланди”, деди ҳуқуқ-тартибот идоралари вакили.

Шаҳрихонликларга кўра, Амир Темур кўчасида жойлашган бу кафе туман аҳоли орасида анча машҳур бўлган:

“Кимки туман марказига борса, шу кафедан музқаймоқ еб қайтади. Кеча онам билан қизим ҳам бозор қилишга борган пайти, шу кафедан музқаймоқ олиб ейишган. Аллоҳга шукур, уларнинг вазияти яхши. Биринчи тиббий ёрдамни олиб, ҳозир уйда иккаласи ҳам”, деди шаҳрихонлик аёл.

“Уч киши ҳибсда”

Андижон ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, 2016 йилда очилган МАКС кафеси шаҳрихонлик Рустамжон Раҳимовга тегишли бўлиб, у кафени андижонлик Жаҳонгирмирзо Бултурбоевга ижарага берган:

“Кафеда тадбиркор Жаҳонгирмирзо Бултурбоевга ишлаб чиқарган қўлбола музқаймоқлар сотуви йўлга қўйилган. Бултурбоев тегишли ҳужжатларга эга бўлмаган ҳолда, антисанитария ҳолатида ўз уйида музқаймоқ цехи ташкил қилгани аниқланди”, деди ҳуқуқ-тартибот идоралари вакили.

Вазиятдан хабардор Озодлик манбасига кўра, заҳарланиш воқеаси бўйича уч киши ҳибсга олинган:

"Музқаймоқчи болаларни милиция бўлимига олиб кириб қўйибди. Ҳозирча жами уч киши мелисахонада ўтирибди. Бугун материал тайёрлашибди, судга олиб чиқишаркан, иш жиддий эмиш", деди Озодлик манбаси.

Вазият назоратда

Шаҳрихон туман ҳокимлиги мулозимига кўра, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари¸ Республика Бош Давлат санитария врачи Сайдмурод Сайдалиев бошчилиигидаги врачлар зудлик билан Шаҳрихонга келиб¸ вазиятни назоратга олган:

- Сайдмурод Сайидғаниевичнинг ўзлари штабда ўтириб вазиятни назорат қилди. МЧС оëққа қалққан. Вилоят ҳокими Шуҳратбек Қўшоқбоевич бўлса касалларга бепул тиббий ëрдам ва дорилар беришни таъминлади. Бутун вилоятдаги врачлар Шаҳрихонга сафарбар қилинди. ҚВП врачлари уйма-уй юрибди¸ дейди мулозим.

Озодлик билан суҳбатда Бош санитария врачи идораси¸ шунингдек¸ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги расмийси ўз раҳбар ва ходимларининг Шаҳрихондаги вазиятни бартараф этишга сафарбар қилинганини тасдиқлади.

МЧС хабари

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 17 май куни тушдан сўнг эълон қилган маълумотга кўра, 15 май куни Шаҳрихон тумани тиббиёт бирлашмасига ва Юқумли касалликлар шифохонасига қайт қилиш ва ич кетиш каби овқатдан заҳарланиш белгилари билан мурожаат қилган 212 кишидан 186 нафари даволаниш учун ётқизилган.

“Беморларга кўрсатилган барча зарур даволаш муолажалари самараси ўтган суткалар ичида, яъни 17 май соат 8.00 ҳолатига 153 нафар фуқаронинг ҳолати яхшиланиб, уйига жавоб берилган. Қолган 33 беморнинг ҳолати қониқарли, кундан-кунга яхшиланиб бормоқда”, дейилади Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарида.

Лекин вазирлик хабарида Шаҳрихондан бошқа шифохоналарга ётқизилган беморлар ҳақида маълумот берилмаган.

Вазирлик маълумотига кўра,беморлар заҳарланган музқаймоқ бактериологик ва кимёвий текширувдан ўтказилмоқда.

Музқаймоқ кафелари ёпилди

Ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, оммавий заҳарланиш воқеасидан сўнг Шаҳрихондаги музқаймоқ сотиладиган барча кафелар ёпилган.

"Заҳарланиш ўчоғи айнан МАКС кафеси бўлган бўлсада, туманда музқаймоқ сотилидиган бошқа жойларнинг барчаси вақтинча ёпилди. Ҳозир тафтиш ишлари бўлаяпти. Ўрганилгач, яна қайта очилади", деди ҳуқуқ-тартибот идоралари вакили.

Ëз ойларида Ўзбекистоннда музқаймоқдан захарланиш кўп учрайди
Ëз ойларида Ўзбекистоннда музқаймоқдан захарланиш кўп учрайди

Ëз ойларида Ўзбекистон шаҳарларида музқаймоқ¸ айрон ëки бошқа роҳатбаҳш ичимликлардан заҳарланиш учраб туради.

Озодлик жорий йилнинг март ойида Самарқанд вилояти Оқдарё туманида жойлашган “Устоз” санаторийсининг қарийб ўн нафар дам олувчиси овқатдан заҳарлангани ҳақида ëзган эди.

2014 йили Жиззахда ўнга яқин одам музқаймоқдан заҳарланиб касалхонага ëтқизилган эди.

XS
SM
MD
LG