Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:36

Янги Фасл? Ёки Вилоят ҳокимлари “юзи очилмоқда”


Kun.uz сайти мухбири Хуршид Далиев
Kun.uz сайти мухбири Хуршид Далиев

2017 нинг якунига етган баҳори давомида Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида ҳам кўклам иси уфургандай бўлди: вилоят ҳокимлари мамлакат миқёсида видеосуҳбатлар бера бошлади.

Хусусан, kun.uz сайти “Очиқ мулоқот” лойиҳаси доирасида Андижон, Бухоро ва Наманган вилоятлари ҳокимлари билан суҳбатлар ўтказди.

Бу суҳбатлардан нафақат ҳар бир вилоятнинг хос ёки барча вилоятлар учун муштарак муаммолар, балки ҳокимлар корпуси вакилларининг шахси, уларнинг дунёқараши, ҳаётий принциплари тўғрисида тасаввур ҳосил қилиш мумкин.

Озодлик ҳокимларнинг суҳбатдоши билан суҳбатлашди

Вилоят ҳокимлари илгари, балки, вилоят матбуоти ва телевидениесида кўриниш бериб юргандир, лекин мамлакат миқёсида кўринмас кишилар эди. Уларни интервьюга кўндириш қийин бўлмадими? Бериладиган саволлар олдиндан келишиб олиндими ёки бундай шарт қўйилмадими?

Шу ва бошқа саволларини Озодлик ҳокимлар билан суҳбатлашган kun.uz мухбири Хуршид Далиевга берди:

Журналист Хуршид Далиев билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:21 0:00
Бевосита линк

PRсимон суҳбатларда кўтарилган маҳаллий муаммолар

Kun.uz нинг вилоят ҳокимлари билан ўтказган суҳбатлари халқни қийнаётган саволлар жавобини топишга уринишдан кўра, ҳокимларнинг пиари сифатида тасаввур қолдиради.

Балки, Ўзбекистон шароитида йиллар давомида бундай мулоқотга киришмаган ҳар икки томон: журналист ва ҳоким учун суҳбатнинг шундай юмшоқ шакли табиийдир.

Лекин, нима бўлганда ҳам, наманганликлар ўзларини қийнаётган баъзи саволларга ўзлари яшаётган вилоят ҳокимидан жавоблар олди.

Масалан, Хайрулло Бозоров Наманган шаҳрида кўчаларидаги тирбандликни тан олар экан, бундай деган:

“Сабаби автобусларимиз йўқ эди. Одамларимизни ташишда фақат “Дамас”ларга таяниб қолгандик. Шаҳарда жуда кўплаб бундай машиналар юриши оқибатида кўчаларда ҳаракатланиш қийин бўлиб қолганди. Лекин бугунги кунга келиб 200 тага яқин автобус олдик. Яна 70 автобус олишимиз керак. Бу орқали шундай муаммолар бартараф этилади”.

Озодлик тингловчисидан ҳокимнинг жавобига савол

Наманган шаҳрида яшовчи 30 яшар Шокирхон 31 май куни Озодлик орқали вилоят ҳокимига бермоқчи бўлган саволлар орасида шу масала ҳам бор эди.

- Шаҳарнинг Сардоба мавзеида тирбандлик жонга тегди. Шунга барҳам беришни ҳокимдан сўраган бўлардим, -деди Шокирхон.

Суҳбатларда ҳокимлар тан олган муштарак муаммолар

Kun.uz Наманган вилоят ҳокими Хайрулла Бозоров билан май ойида ўтказилган суҳбатдан олдин февралда Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов билан, мартда Бухоро вилоят ҳокими Ўктам Барноев билан суҳбатлашган эди.

Уччала ҳоким ҳам Озодлик йиллардан буён айтиб келаётган энергия ва ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ муаммоларни тан олди.

Наманган вилоят ҳокими Хайрулла Бозоров:

“Бу кўплаб аҳолимизнинг эътирозларига сабаб бўлаётган масала. Айниқса электр энергияси соҳасида муаммолар қишки мавсумда бор”.

Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов:

“Қиш келиши билан одамлар орасида бир гап айланишни бошлайди: “Ана давлат чироқни ўчиряпти, ана ҳоким у қиляпти, бу қиляпти”. Бир савол ўртага чиқади: ҳокимга чироқни ўчиришдан нима фойда? Имкон бўлса, одамларнинг электр таъминотини 24 соат қилиб қўйсак, гази ва ичимлик сувини яхшиласак, ўзимизга фойда эмасми?”

Бухоро вилоят ҳокими Ўктам Барноев:

“Ушбу лавозимда фаолият юритаётганимга кўп бўлмаган бўлса-да, тумандаги барча фаоллар ва тадбиркорлар билан учрашиб чиқдим. Бу учрашувларда кўриниб қолдики, асосий муаммо электр энергияси ва табиий газ таъминоти масаласи эканлиги маълум бўляпти”.

Наманган вилоят ҳокимининг ваъдаси

Kun.uzга берган суҳбатлари давомида вилоят ҳокимлари қатор ваъдалар ҳам берди. Хусусан, Наманган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров энергия тақчиллигини назарда тутиб, бундай деди:

“Бу масаланинг ечими, эртами-кечми, барибир топилади. Тўрақўрғон туманида қиймати 1 млрд 100 млн долларлик иссиқлик электр станцияси қурилиши бошланди. У 970 мегаваттгача электр қуввати ишлаб чиқариши мумкин. 2019 йилнинг Наврўз байрамига 450 мегаваттли босқичи, 2020 йилнинг бошларида тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилган. Бу ИЭСнинг ишга туширилиши бутун водийнинг электрга бўлган таъминотини тўлиқ қоплаб бериши мумкин”.

Озодлик тингловчисининг ҳокимнинг жавобларидан бирига саволи

Наманган вилоятининг Чортоқ туманида яшайдиган Хамидиллонинг Озодликка айтишича, 31 май куни унинг уйида газ йўқ эди.

“Газ йўқлигига анча бўлди. Бундан ташқари сувимиз ҳам йўқ. Сувни 1 км узоқликдаги водопроводдан ташиб ичаяпмиз. Ҳокимдан шуни сўраган бўлардим”, деди Хамидилло.

“Ҳашар – элга ярашар”?

Kun.uz ўтказаётган суҳбатлардан ҳокимлар корпуси вакилларининг шахси, уларнинг дунёқараши, ҳаётий принциплари тўғрисида тасаввур ҳосил қилиш мумкин.

Масалан, Наманган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров мухбирнинг аҳоли шикоятларига таяниб, мажбурий ҳашарлар тўғрисида берган саволига жавобан “Ҳашар – элга ярашар”, деди. Катта Фарғона канали қурилишини фикрига қувват қилиб келтирди.

XS
SM
MD
LG