Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:26

Суяклар устига қурилган Сталин номли Катта Фарғона канали


Катта Фарғона канали тимсоллари.
Катта Фарғона канали тимсоллари.
Ўзбекистонда мажбурий меҳнат Сталиндан қолган мерос сифатида қаралади. Ҳукумат тепасида ўтирганлар бу анъанани Катта Фарғона каналидек машаққатли лойиҳани ëшу қарини текинга ишлатиб амалга оширган Сталиндан ўрганган.


Бу йил минглаб ўзбек зиëлиларини қатағон қилган Иосиф Сталин вафот этганига 60 йил тўлади. Собиқ совет коммунистларининг сталинизмдан расман воз кечганига 57 йил бўлди.

Расмий баëнот ва ваъзларида воз кечганлари билан коммунистлар амалда сталинизмдан воз кечолмадилар ва Сталин лагерларида ўлган-ўлдирилган миллионлаб аристоннинг суяклари устига қурилган Совет давлати охир-оқибат парчаланиб битди.

Бу парчаланиш сталинизмдан батамом қутулишнинг тарихий имконияти эди.

Ўзбеклар 67 йил бурун бу тарихий имкониятдан фойдалана олдиларми¸ бугунги ўзбек жамияти тийнатида тоталитаризм¸ репрессия тимсоли сифатида кўриладиган сталинизмнинг улуши қанча?

Нега Сталин туғилган юртда бекор бўлган тақиқ ва чеклашлар Ўзбекистонда ҳануз амалда?

Навбатдаги ҳикоя Ўзбекистондаги Сталин даврида жорий қилинган мажбурий мехнат маҳсули бўлган қурилишлар ҳақида.

45 кунлик жаҳаннам

Иосиф Сталин номидаги Катта Фарғона канали (ҳозир Усмон Юсупов номида) 1939 йили 45 кун ичида қурилган.

Ўша давр тарғибот матбуотида “колхозчилар ташаббуси билан қурилди” дея айтилган бу канал Сталин буйруғига кўра 160 минг кишининг мажбурий меҳнати эвазига барпо қилинди.

45 кун ичида 160 минг киши маош олмасдан¸ очин-тўқин ҳолда ўз шахсий кетмони билан 270 километр трассадан 17¸8 миллион кубометр тупроқ қазиб чиқарди.

42¸2 минг кубометр бетон қўлда қорилиб қўлда қуюлди. 45 та катта ва 275 майда гидроиншоотлар тикланди.

Совет даврида сиëсий маҳбус сифатида жазо ўтаган 72 яшар Миртемир Мирабдуллаевнинг Озодлик билан суҳбатда айтишича¸ бу канал Сталин тарафидан ўзбекларни мажбуран қулдай ишлатиш эвазига қурилган:

- Суяклар устига қурилган канал бу. Одамларни гала-гала қилиб мажбуран олиб келиб ишлатишган. Ҳар бир маҳалла¸ ҳар бир гузар разнарядка асосида канал қурилишига қул етказиб туриш мажбуриятини олган. Ким қарши бўлса халқ душмани деб отилган. Қанча-қанча одам канал қазиш чоғида силласи қуриб ўлган. Бригадирлар уриб ўлдирган ҳолатлари ҳам бўлган. Нимасини айтасиз¸ ўша пайтда барча қурилишлар мажбурий меҳнат эвазига барпо этилган¸ дейди Миртемир Мирабдуллаев.

Суҳбатдошга кўра Катта фарғона канали Беломорканал тажрибаси асосида қурилган.

Сталин номини ташиган Беломорканал (Беломо́рско-Балти́йский кана́л) 1931 йилда рекорд қисқа муддатда қурилган эди.

Сталинпараст нарком Генрих Ягода ва қамоқхоналар бошлиғи Матвей Берман раҳбарлигида Беломорканал маҳбусларнинг мажбурий меҳнати асосида қурилди.

120 минг маҳбус тарафидан қазилган Беломорканал¸ Катта Фарғона канали қурилиши учун намуна бўлди.

Фақат Ўзбекистонда канал қазишга лойиқ шунча маҳбус йўқ эди¸ аммо бунинг ҳам йўлини топишди дейди Миртемир Мирабдуллаев:

-Ўша пайтдаги Ўзбекистон раҳбарлари бутун ўзбек халқини қамоқдаги маҳбусдан ҳам паст кўришган. Бутун Фарғона аҳолиси қул каби канал қазишга ташланган. Махсус инструкцияга кўра фақат ўта зарур ҳолларда техника ишлатилган¸ дейди Миртемир Мирабдуллаев.

Катта Фарғона канали мардикорлари ихтиëрида ўзлари билан олиб келган 160 минг кетмон¸ 1500 дан зиёд от, 11881 та арава, 7205 та кўтарма замбил ғалтак бор эди.

Асосий меҳнат қуроли эса кетмон эди. Мардикорларнинг кучи етмаган жойлардагина махсус техника ишлатилган.

245 та трактор¸14 экскаватор ва 420 автомобил махсус назорат остида авайлаб ишлатилган.

Катта Фарғона каналида ишлаган маҳаллий аҳоли туганмас ресурс сифатида кўрилди.

Катта Фарғона канали қурилиши ҳақида Малик Қаюмов суратга олган кинокадрларда ярим яланғоч тарзда кетмон чопаëтган минглаб меҳнаткашлар армияси акс этган.

Ўзбек Совет Энциклопедиясининг Катта Фарғона канали ҳақидаги мақоласида тўртта сурат кетма-кет берилган.

Биринчи суратда кетмон кўтарган минглаб ярим яланғоч эркаклар тасвирланган.

Иккинчи суратда замбилда тупроқ ташиëтган минглаб хотин қизлар акс этган.

Учинчи суратда эса ишчилар устида карнай чалаëтган мусиқачи тасвири мухрланган.

Тўртинчи суратда эса кетмончларга орден бераëтган Ўзбекистоннинг илк президенти Йўлдош Охунбобобоев.

1964 йил Тошкентда вафот этган Фатҳиддин қорининг невараси ўз бобосидан эшитганларини Озодлик мухбирига гапириб берди.

Ўша пайтда қамоқда жазо ўтаган Фатҳиддин қори бошқа маҳбуслар қатори канал қазишга мажбурланган. Канал қазиб силласи қуриган меҳнаткашлар очликдан илдизларни ейишганини Фатҳиддин қори ўз неварасига ҳикоя қилиб берган.

Эгри карнай остидаги машаққат

Канал қурилиши Ўзбекистонда улкан тарғибот кампанияси воситасида улуғланди.

“Правда” ва “Известия” каби иттифоқ ¸“Қизил Ўзбекистон” каби республика газеталари канал қурилишини улуғловчи мақола ва кетмон ушлаб дўппи кийган меҳнаткашлар сурати билан тўлди.

Тамарахоним бошчилигидаги ўзбек санъаткорлари кетмончилар ҳордиғини чиқаришга сафарбар қилинди.

Фарғоналик қизиқчи Юсуфжон қизиқнинг эслашича¸ ўша пайтда кетмончилар устида симфоник духовой оркестр классик куйлар чалиб турган.

Ўшанда Юсуфжон қизиқнинг” ош йўқ¸ нон йўқ эгри карнайингдан ўргулдим¸” деб ҳазил қилгани эсланади.

"Катта Фарғона канали халқнинг ўз ихтиëрига кўра қазилган муҳташам лойиҳа" деган афсона совет даврида парваришланиб бизнинг кунларимизгача етиб келди.

Катта Фарғона канали қурилишини пушти ранг афсонага айлантирганлардан бири ëзувчи Саид Аҳмад бўлади.

Саид Аҳмад ўзининг “Уфқ”¸ “Қирқбеш кун” асарларида совет кишиларининг ўз азми ихтиëри билан канал қазигани мадҳ қилди.

Албатта умрининг охирида Саид Аҳмад бу борада пушаймонлик сатрларини ҳам ëзди:

“Биз ҳаммамиз, жами ижодкорлар офтобда куйиб, кечалари чивинга таланиб, қум бўронларида юз-кўзини дока билан ўраб ишлаётган юпун одамларни юрак амри билан ватанпарварлик бурчини адо этгани келган, чинакам фидойи, онгли, илғор совет гражданлари деб таърифладик”. деган адиб мақола давомида : “Аслида шундаймикин?” деган савол қўяди ва шундай аламли мушоҳадаларни ўртага ташлайди: “Бу тўғрида бирон дақиқа бўлсин ўйлаб кўрмадик. Қайтага уларни бахтиёр, тўкин совет оиласи, деб таърифладик. Ҳатто, чўл шамолларидан қорайиб сополга ўхшаб кетган юзларини гўзаллик тимсоли, деб тасвирладик. Кетмондан қадоқ бўлиб кетган қўлларини “олтин қўллар” дедик”. Энг ачинарлиси, “Ичингда шунча гап бор экан, нега миқ этмай юрибсан, деб ҳеч ким сўрамади...”

Саид Аҳмад бу мисраларни ëзган мустақиллик даври ҳали Сталинизм асоратларидан қутулиш ва тазарру даври эмас эди.

Шу боис мустақиллик даври матбуоти Катта Фарғона канали тагида қолган ўзбек меҳнаткашлатрининг суяклари ҳақида бир сатр ҳам ëзмади..

- Агар 1937 йилда минглаб ўзбек зиëлилалар Сталин буйруғига кўра отилган бўлса¸ 1939 йилда минглаб меҳнаткашлар Сталин иродаси маҳсули бўлган канал қурилишида азоб чекдилар. Кўп меҳнаткашлар ўша ерда ўлди. Уларни хотирлаш ва Сталиндан мерос мажбурий меҳнатга барҳам бериш керак¸ дейди собиқ сиëсий маҳбус¸ диссидент Миртемир Мирабдуллаев.

Давоми бор
XS
SM
MD
LG