Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:42

Меркель Путин билан учрашишга келди, Трамп билан эса телефон орқали сўзлашади


Меркель ва Путиннинг Сочи учрашуви.
Меркель ва Путиннинг Сочи учрашуви.

2 май куни Германия канцлери Ангела Меркель Россия президенти Владимир Путин билан учрашиш учун Қора денгиз бўйидаги Сочи шаҳрига келди.

Икки мамлакат раҳбари Путин қароргоҳида жорий йилнинг 7-8 июлида кунлари Ҳамбург шаҳрида бўлиб ўтадиган “G-20” саммитига тайёргарлик масалаларини муҳокама қилади.

Айни пайтда¸ Путиннинг 2 май куни кечқурун АҚШ президенти Дональд Трамп билан телефон орқали сўзлашиши ҳам режалаштирилган.

2014 йил февралида Россия Қримни аннексия қилганидан сўнг бу мамлакатга иккинчи бор келаëтган Меркель¸ канцлер матбуот котибига кўра¸ Путин билан Украина шарқи ва Суриядаги можароларни ҳам муҳокома қилади.

- Албатта, ўзаро муносабатларга соя солиб турган иккита мавзу бор, – деган Меркель матбуот котиби Штеффен Зайберт Россиянинг Украина ишларига қуролли аралашуви ва Сурияда олти йилдан бери давом этаётган фуқаролар урушида президент Башар Асадни қўллаётганини тилга олди.

Зайбертнинг билдиришча, Меркель билан Путиннинг икки қисмдан иборат музокаралари оралиғида матбуот конференцияси ўтказилиши режалаштирилган.

Қрим аннексияси ва Россиянинг 2014 йилдан бери 9900 дан ошиқ одам умрига зомин бўлган урушда қатнашаётгани учун Москва ва Берлин ўртасидаги алоқалар совуқлашди ва Меркель Европа Иттифоқи Россияга жорий қилган санкцияларни қатъий қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Меркель Украина шарқида боши берк кўчага кириб қолган тинчлик режаси амалга ошгунга қадар¸ Москвага қарши санкцияларнинг кучда қолиши тарафдори бўлиб турибди.

Германия канцлери мамлакат Ташқи ишлар вазири Зигмар Габриэль март ойида Путин билан учрашиб¸ муносабатлар “тўлиқ изга тушиши” мумкин, деб умид билдиргандан кейин Россияга сафар қилмоқда.

Меркель ўзи билан Франция президенти Олланд 2015 йил февраль ойида воситачилик қилган иккинчи Минск келишувини амалга ошириш мақсадида Путин, Украина президенти Петр Порошенко ва Франсуа Олланд билан бир қанча учрашувлар ўтказди.

Ушбу форматдаги энг сўнгги учрашув ўтган йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтди, бундан ташқари, тўрт раҳбар тинчлик келишувини амалга оширишни жадаллаштириш учун апрлеь ойида телефон орқали сўзлашди.

Ўшанда Меркель билан Путин июль ойида Ҳамбург шаҳрида ўтказиладиган G20 саммитини ҳам муҳокама қилиши лозим эди.

Россия “Катта саккизлик”дан (G8) чиқариб юборилгандан сўнг G20 Путиннинг бошқа давлат раҳбарлари билан учрашиши учун ягона формат бўлиб турибди, G8 эса қайта G7 га айланди.

Трампнинг Путин билан Тошкент вақти билан соат 20:30 да сўзлашиши кутилмоқда.

Оқ уйга кўра, Трамп билан Путиннинг Суриядаги фуқаролар урушини муҳокама қилиши кутилмоқда. Бу мамлакатда АҚШ президент Ассадга бўйсунувчи ҳукумат қўшинларига қарши жанг қилаётган исëнчиларни қўллаб-қувватламоқда.

Трамп январда президентлик лавозимини бажаришга киришгандан бери Путин билан икки марта телефон орқали гаплашди. Вашингтон расмийларининг билдиришича, икки президент, асосан, "Ислом давлати" ва бошқа экстремистик гуруҳларга қарши кураш масалаларини муҳокама қилди.

Бироқ бу музокаралар кутилган самарани бермади ва Трамп билан Путин ўртасида юзма-юз учрашув ўтказиш санаси белгиланмади. Иккала президентнинг G20 саммитида иштирок этиши кутилмоқда.

Трамп 2016 йилги президент сайлови кампанияси вақтида Путинга қойил қолгани ва Россия билан яқин алоқалар тарафдори эканини айтган эди, бироқ алоқалар ҳали-ҳамон таранглигича қолмоқда.

Трамп маъмурияти ҳам Россиянинг Украина ишларига қуролли аралашуви ортидан жорий қилинган санкцияларни қўллаб-қувватлаб келмоқда ва маъмуриятнинг етакчи амалдорлари Кремлга нисбатан кескин позицияда турибди.

Трампнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, генерал-лейтенант Макмастер 30 апрель куни Путин Украина, Сурия ва Афғонистонда “Россия халқи манфаатларига зид иш қилмоқда”, деб айтди. АҚШ маъмурларининг билдиришича, Россия Толибон жангариларига қурол етказиб бермоқда.

МакМастер, муносабатлар яхшиланишидан олдин Қўшма Штатлар Россия президентининг “хулқ-атвори ўзгариши”ни кўришни истайди, деди.

Россиянинг Германия билан муносабатлари ҳам ёмонлашиб кетди, яқин орада на уларнинг кескин яхшиланиши ва на Сурия билан Украинадаги можаролар барҳам топиши кутилаётгани йўқ.

Меркелнинг Путин билан учрашуви “мулоқот қилиб туришга ёрдам беради, бошқа нарса кутиш қийин”, – деб ёзди Москвадаги Карнеги таҳлил маркази директори Дмитрий Тренин 1 май куни Твиттерда.

Германия-Россия муносабатлари “бузилди” ва “шу ҳолича яна узоқ вақт сақланиб қолади”, – деди Тренин.

XS
SM
MD
LG