Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:50

Хивалик мактаб ўқувчиси ҳомиладор бўлгани ортидан ўнга яқин мулозим ишдан кетди


Хоразм вилоят, Хива тумани Саëт қишлоғидаги 31- мактабнинг 15 яшар ўқувчиси ҳомиладорлигини яширишга уринган врач ва мактаб ўқитувчилари ўтган ҳафта охирида ишдан олинди.

Қўшниси зўрлаб, ҳомиладор бўлганини иддао қилаëтган ва бир неча марта ўз жонига қасд қилишга уринган мактаб ўқувчиси Т.М. (тўлиқ исми Озодликка маълум) шу кунларда руҳшунос назоратига олинган.

Хоразм вилоят прокуратураси терговчисининг Озодликка айтишича¸ Хонқа туман ИИБ да Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 118-моддаси (“зўрлик ишлатиб, қўрқитиб ёки жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиб, жинсий алоқа қилиш”) бўйича жиноят иши очилган.

Хоразм вилоят Халқ таълими бошқармаси ходимининг Озодликка билдиришича¸ ўқувчининг ҳомиладирлиги масаласи шу кунда бошқарма назоратига олинган:

- 31-мактабнинг 8-синф ўқувчиси шаҳар касалхонасида УЗИ орқали текширилганида ҳомиладор эканини аниқлаган врачлар туман Халқ таълим бошқармаси ва Хива туман ИИБ га маълум қилишди. Аниқлашимизча, бу қиз Хонқа туманидаги бувисини кўришга кетаëтганида қўшниси тарафидан зўрланган. Ҳар ҳолда қиз шундай деб турибди. Ëзда бўлган эди¸ юпқа кийинган эдим, деб турибди. Қизнинг ўзи билан руҳшунослар гаплашиб¸ далда бериб турибди. У арқон олиб ўзини осмоқчи бўлганида қутқариб қолинди¸ дейди мулозим.

Ўқувчи қизнинг ҳомиладорлигини мактаб нега яширди?

Хоразм вилоят Халқ таълими бошқармаси ходимининг айтишича¸ мактаб маъмурияти “зўрланган қизнинг қорнидаги ҳомила 6 ойлик бўлгунга қадар¸ воқеани” яшириб келган:

- Зўрлангани ортидан ўқувчи қизнинг ҳомиладор бўлганини 31-мактаб раҳбарияти яширишга уринган. “Бизнинг мактабдан бундай гап чиқмасин”, деб воқеани хаспўшлаган раҳбарлар зудлик билан ишдан олинди. Ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Юсупова Гулнора¸маънавий ишлар бўйича директор ўринбосари Назаров Рўзмат¸ зўрланган қиз ўқиган синф раҳбари Саъдуллаева Ирода¸ мактаб психологи Ваисова Нафосат ишдан олинди. Мактаб директори Рустам Хўжаевни ишдан олиш учун тақдимнома ëзилди. Уни ҳам эрта-индин бўшатамиз. Қаранг, синф раҳбари бу қиз ҳақида мактаб раҳбариятига мурожаат қилиб “шу қиз кўп дарс қолдиради¸ ИИБ вояга етмаганлар инспексиясига айтайлик” деса¸ мактаб директори Хўжаев¸ мактабга доғ тушади деб кўнмаган. Ҳолбуки ўтган йили Шовотда ўқуви қиз ўз акасидан ҳомиладор бўлганидан кейин мактаб директори ва бошқа раҳбарлар билан тушунтириш ўтказилган эди¸ дейди мулозим.

Ҳомиладорликни “грипп” деб ўйлаган врач ҳам ишдан олинди

Хоразм вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасидаги мулозимнинг Озодликка айтишича¸ бу воқеада Саëт қишлоқ врачлик пункти шифокорининг ҳам айби бўлган:

- Бу қиз 4 январь куни токсикоз (бошқоронғилик) аломати билан Саëт ҚВП (Қишлоқ врачлик пункти) шифокори Мадримова Шарофат қабулига кирган. Мадримова эса унга гриппга чалинган¸ деб справка ëзиб берган. Бошқарма қарори билан Мадримова ишдан бўшатилди. Агар у январь ойида ўқувчи қизнинг ҳомиладорлигини аниқлаганда¸ қизга руҳий ларза етказмасдан¸ муаммони енгил ҳал қилса бўлар эди. Врач деганимиз¸ мутахассис деганимиз бу Мадримова бир ҳафта амбулаторияда даволадим¸ грипп экан, деб ëзиб ўтирибди. Сал ўтмай бу қизнинг қорнида бола қимирлаб бошлаган. Қиз эса талвасага тушиб ўзини ўлдирмоқчи бўлганида қутқарилди¸ дейди мулозим.

Муҳтож оила фожиаси

Хива туман ИИБ вояга етмаганлар билан ишлаш инспекцияси ходимининг айтишича¸ зўрланган қиз Саëт қишлоғидаги муҳтож оила фарзанди бўлган:

- Онаси 1978 йил Хонқа туманида туғилган С.А. турмуши бузилганидан кейин Хива тумани Саëт қишлоғига келиб қайта турмуш қурган. Унинг ҳомиладор бўлган қизи Т.М. 2002 йили олдинги турмушидан бўлган. Қиз ўгай ота зулмидан қочиб Хонқадаги бувисиникига тез-тез кетиб қолиб турган. У ўз қишлоғидан 30 км узоқдаги бувисиникида бўлганда ҳам мактаб давоматида исми юриб турган. Қиз зўрландим¸ деяпти. Асосий гумондор унинг 1982 йил туғилган ва икки фарзанд отаси бўлган О. исмли қўшниси. У қизга доимо гап отиб тегажоғлик қилиб юрган. Хонқага сени ўзим олиб бораман, деб машинасига солиб олиб кетган ва қизни айтишича зўрлаган. Лекин гумондор мен зўрлаганим йўқ¸ деб турибди. Воқеа Хонқа туманида содир бўлгани боис¸ жиноят иши ўша ерда юритилаяпти. Биз ва яна бир психолог бу қиз ўз жонига қасд қилмасин, деб қараб турибмиз, дейди суҳбатдош.

Унга кўра, ўқувчи қиз қорнидаги ҳомила яхши ривожланмоқда ва қизнинг келаси ойда туғиши кутилмоқда.

Гурлан, Шовот ва энди Хива

Мактаб ўқувчиларининг ҳомиладор бўлиши масаласига Хоразм вилоятида қаттиқ қаралади¸ дейди вилоят Халқ таълими бошқармаси мулозими Озодлик билан суҳбатда.

Унга кўра¸ 2015 йилда 13 яшар синглисининг номусига тегиб, уни ҳомиладор қилган Шовот тумани Бўйрачи қишлоғида 25 яшар йигит 13,5 йилга озодликдан маҳрум қилингани ортидан мактабларда жиддий тушунтиришлар ўтказилган.

Бундан олдин Хоразм вилояти Гурлан туманининг Гулистон қишлоғида истиқомат қиладиган 12 яшар қизалоқ ўз акасидан фарзанд кўрган эди.

XS
SM
MD
LG