Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:36

13 яшар синглисини ҳомиладор қилган хоразмлик йигит 13,5 йилга қамалди


13 яшар синглисининг номусига тегиб, уни ҳомиладор қилган Хоразм вилояти Шовот тумани Бўйрачи қишлоғида яшовчи 25 яшар йигит 13,5 йилга озодликдан маҳрум қилинди. 11 яшар синглисини зўрлаган Хоразмнинг Гурлан тумани Гулистон қишлоғида яшовчи 18 яшар коллеж ўқувчисининг эса тергов жараёни давом этмоқда.

Акасидан туққан шовотлик қиз воқеаси бўйича суд якунлади

Синглисини ҳомиладор қилган шовотлик 25 яшар йигит ишини кўрган Шовот тумани жиноят ишлари суди ўтган ойда ушбу иш юзасидан ўз ҳукмини эълон қилди.

Озодликка бу ҳақда 10 февраль куни шовотлик манба маълум қилди.

Маҳкама бўйрачилик йигитни Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 118-моддаси¸ яъни "Номусга тегиш" бўйича айбдор деб топиб, унга 13,5 йиллик қамоқ жазоси тайинлаган.

Жиноят Кодексининг ушбу моддасида 14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш учун 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган.

Ўтган йилнинг 20 январь куни ўз туғишган акасидан фарзандлик бўлган бўйрачилик қиз воқеаси ортидан жами олти киши жазоланди.

Озодлик манбаларига кўра, қиз ўқиётган мактаб директори, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари ва қизнинг синф раҳбари ишдан бўшатилган.

Ака-сингил воқеаси бўйича Бўйрачи қишлоқ врачлик пунктининг ҳамшираси ишдан олиниб, бош шифокорига ҳайфсан эълон қилинган.

Шунингдек, Бўйрачи қишлоғининг маҳалла маслаҳатчиси маошидан 30 фоиз ушлаб қолиш билан жазоланган.

Ҳозирда маҳалла маслаҳатчиси қизчанинг оиласига назоратчи сифатида тайинланган.

Ака-сингилдан туғилган чақалоқ туғилиши билан Урганч шаҳридаги “Чақалоқлар уйи”га топширилган.

Бўйрачидан олинган сўнгги маълумотга кўра, бугунги кунда қизалоқ ўз мактабида ўқишини давом эттирмоқда.

Ҳозирда 8-синфда ўқиётган қизча, дарсдан бўш пайтлари турли хил тўгаракларга жалб қилинган.

“Мактабида тикувчилик бўйича “Моҳир қўллар” тўгарагига ҳам қатнайди”, деди бўйрачидаги манба.

Акасидан туққан гурланлик қиз воқеаси бўйича тергов кетмоқда

Шу кунларда 12 яшар синглисини туғдирган гурланлик 18 яшар йигит иши бўйича тергов жараёни давом этмоқда.

Гурланлик манбага кўра, бу йигит ҳам Жиноят Кодексининг 118-моддаси¸ яъни "Номусга тегиш" бўйича айбланмоқда. Унга нисбатан очилган жиноий иш бўйича тергов- суриштирув ишларини Гурлан туман ИИБ ходимлари олиб бормоқда.

Гурлан туманининг Гулистон қишлоғида яшовчи 6-синф ўқувчиси 18 январь куни қиз фарзанд кўрди.

Озодлик манбасига кўра, қизча ўз чақолоғидан воз кечиши ҳақида тилхат ёзганидан сўнг гўдак Урганч шаҳридаги “Чақалоқлар уйи”га топширилган.

Манбамиз аниқлаган маълумотга кўра, ҳозирда қизчанинг ўзини ҳам Урганч шаҳридаги мактаб интернатлардан бирига жойлаштириш ҳаракатлари кетаяпти.

Шу кунларда қизча онаси билан биргаликда Гурлан туман ИИБга терговга қатнамоқда.

Гурланлик ака-сингил воқеаси бўйича қизча ўқиган 34-мактабнинг директори, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари, мактаб руҳшуноси ишдан бўшатилган. 6-синф раҳбарига нисбатан ҳам чора кўрилган.

XS
SM
MD
LG