Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:37

Сўхнинг Чашмасида сув жанжали бўлмоқда


Ўзбекистоннинг Қирғизистон ичкарисида жойлашган Сўх эксклавидаги Чашма қишлоғида яшовчи аҳоли қирғиз томони сув бермай қўйгани оқибатида 56 гектар экинзор қуриб қолгани ва 80 хўжалик ичимлик сувисиз қолганини иддао қилмоқда. Қирғизистон расмийси чашмаликларнинг бу иддаолари асоссиз эканини айтмоқда.

“Сувсизликдан экинзорлар қуриди, ичимлик суви муаммо”

Сўх туманининг Чашма қишлоғида яшовчи Ўлмасжон Илёсовнинг айтишича, Қирғизистоннинг Бирлик қишлоғи аҳолиси Ўзбекистонга бериладиган сувни тўсиб қўйганига 21 кун бўлган.

-Йигирма бир кундан бери сувнинг йўлини тўсиб олган. 316 хўжаликнинг экинзорлари сувсиз қолди. 80 хўжалик ҳам мана шу ариқдан сув ичар эди. Ҳозир улар учун ичимлик суви муаммо бўлиб турибди.

Сўхнинг Чашмасида сув жанжали бўлмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:24 0:00
Бевосита линк

Ўлмасжон Илёсовнинг айтишича, сувнинг йўқлиги туфайли 50 гектардан ортиқ экинзор қуриб қолган, ичимлик сувини эса одамлар 2 километр наридаги қўшни қишлоқдан ташиб келмоқда.

Чашмаликларнинг айтишича, сув можароси Қирғизистоннинг Бирлик қишлоғи аҳолиси чегаранинг аниқланмаган ҳудудидан ўз ҳамқишлоқларидан бирининг уйига йўл очиб беришни талаб қилгани ортидан келиб чиққан. Бироқ чашмаликлар бунга рози бўлмагач, қирғиз томони сувни тўсиб қўйган.

Булоқ олдида ташна қолган Юсуфали

Чашмалик Юсуфали Шералиевнинг айтишича, унинг уйи чегара ҳудудида, қирғизистонликлар тўсиб қўйган булоқ олдида жойлашган. Юсуфали Шералиев қирғизистонликлар унинг уйи Қирғизистон ҳудуди экани иддаоси билан таҳдид қилаётганидан арзланди:

-Сувимиз битта, қабристонимиз битта, тўйимиз битта, молимиз ҳам битта эди. Икки йилдан бери қирғизлар билан муросамиз чиқмай қолди. Менинг уйим шу булоқнинг тагида. Мен шу булоқдан биринчи бўлиб сув ичаман. Қирғизистон фуқаролари беш-олтита бўлиб келишиб: “Асфальт йўлни бузамиз, сенинг уйинг Қирғизистон чегараси”, деб мени ҳам анча безовта қилишаяпти.

Юсуфали Шералиев унинг уйи Ўзбекистон ҳудуди экани тўғрисида аниқ ҳужжатлар борлигини айтмоқда. Унга кўра, келишмовчиликлар бошлангач, чегара ҳудудига Сўх тумани расмийлари келган, бироқ ҳеч нарсани ҳал қила олмай қайтиб кетишган.

-Олдин мен яшаётган уйнинг ўрни молхона бўлган. Бу ерда сўхликлар мол боқар эди. Менинг уйим Ўзбекистоннинг ери. Ҳозир қирғизистонликлар “сенинг уйинг Қирғизистоннинг ери” деб муттаҳамчилик қилишаяпти. Начальник мелиса келди, землемер келди. Келишиб кетишди, -деди Юсуфали Шералиев.

“Чашмаликлар сув масаласини сиёсийлаштириб юборишди”

Қирғизистонга қарашли Бирлик қишлоғи ҳокими Асанбай Жўрўев эса чашмаликларда сув муаммоси бўлиши мумкин эмаслигини, бу масалани Чашма қишлоғи аҳолиси сиёсийлаштириб юбораётганини айтди:

-Улар “сувни сиз томондан оламиз” деб, масалани сиёсийлаштириб, ультиматум қўйшаяпти. Бироқ Чашма қишлоғида муқобил сув билан таъминлаш тизими бор. Бу сув уларни бемалол таъминлаши мумкин. Чегара масаласига келадиган бўлсак, бу ерга 9 йил олдин икки давлат чегара комиссияси чегарани бўлиб турувчи симёғочларни ўрнатиб кетган эди. Чашмаликлар ўз манфаатларидан келиб чиқиб, бу симёғочларни синдириб юборишган. Биз уларни қайта тиклашни талаб қилаяпмиз холос, -деди Асанбай Жўрўев.

Мен бордим, сен келмадинг...

Сўх тумани ҳукумат идораларида ишловчи Озодлик манбаси ўз номини айтмаслик шарти билан бўлган воқеа тафсилотларини ва Қирғизистон расмийлари келишмовчиликни ҳал этиш юзасидан музокараларга келмаётганини айтиб берди:

-Қирғизистон фуқаролари Ўзбекистонга ўтадиган сув йўлини тўсиб қўйишган. Улар “Катта мошина ўтадиган йўл очиб берасизлар, кейин сувни очамиз”, деб талаб қўйишаяпти. Сўх ҳокимиинг чегара масалалари бўйича муовини, маҳалла фуқаролар йиғини раиси, қишлоқ фуқаролар йиғини раиси қирғиз томонини сўзлашувга чақирган. Лекин улар келишмаяпти, -деди Озодлик манбаси.

Айни пайтда Қирғизистонга қарашли Бирлик қишлоғи ҳокими Асанбай Жўрўев бу можарони ҳал қилиш учун чегара ҳудудига борганини, аммо Ўзбекистон вакиллари учрашувга келмаганини айтди.

-Бу каби майда-чуйда ишларни бизнинг ўзимиз маҳаллий даражада ҳал қиламиз, бу ҳақда вилоятга хабар бериб ўтирмаймиз. Қўни-қўшничиликни ҳисобга олиб, бундан ҳам каттароқ муаммоларни ўзаро ҳамжиҳатлик билан ҳал қилиб келганмиз. Шунинг учун бу масалани ҳам ижобий томонга ҳал қилинишига умид қилсак бўлади, -деди Асанбай Жўрўев.

XS
SM
MD
LG