Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:34

Ажрашган эридан алимент ундиролмаган аёл чақалоғини каналга ташлади


Катта Фарғона канали
Катта Фарғона канали

Фарғона вилояти Риштон туманида яшайдиган 26 яшар аёл шаръий никоҳдаги эри ўз боласини тан олмагани ва алимент тўлашдан бош тортгани учун 11 ойлик ўғлини Катта Фарғона каналига ташлаб, чўктирди. Чақалоқнинг жасади орадан икки кун ўтганидан сўнг қўшни Бағдод туманидаги фермер даласидан топилди.

Риштон туманининг Акмал Икромов кўчасида истиқомат қилган 26 яшар аёл(аёл ва унинг боласи исми шарифи Озодликка маълум, лекин маълум сабабларга кўра у ошкор этилмайди – таҳририят) 22 июль куни оқшом пайтида 11 ойлик ўғил фарзандини туманнинг Зоҳидон қишлоғидан ўтувчи Катта Фарғона каналига ташлаган.

Фарғона вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларидан бирида ишлайдиган Озодлик манбасининг айтишича, аёлнинг бу жиноятга қўл уришига унинг шаръий никоҳдаги эрининг болани тан олмаслиги сабаб бўлган:

“Бу аёл аввал икки марта турмушга чиққан. Ахлоқи яхши бўлмаган. Кейин Д.П. деган шахс билан шаръий никоҳ орқали бирга яшаб келган. Ундан ҳам ажрашганидан сўнг боласига алимент ундириш мақсадида собиқ эрини судга берган. Бироқ Д.П. судда бу бола уники эмаслигини айтганидан ва алимент ундиролмаганидан сўнг, аччиқ устида ўзини ва боласини сувга ғарқ этиш мақсадида Катта Фарғона каналига борган. Боласини сувга улоқтиргандан сўнг қўрқиб кетган ва ўзини сувга ташлашга журъат этмаган”, деди манба.

Манбанинг айтишича, боланинг ўлигини икки кундан сўнг қўшни Бағдод туманидаги фермер топиб олган:

“Чақалоқнинг ўлиги фермернинг ерига оқиб келиб қолган экан. Ўшалар топиб олиб, милицияга хабар берган”, деди манба.

Риштонлик Озодлик манбаси эса бу аёлнинг ёмон йўлга юрмаганини, бугунги оғир иқтисодий шароитда боласини боқа олмаслиги учун руҳий тушкунликка тушганини айтади:

“Ўша куни у аёл боласи билан касалхонада ётган. Касалхонадан қочиб кетиб шу ишни қилган. Уч марта эмас, икки марта турмуш қурган. Иккинчи эри Қалъаи нав қишлоғидан бўлган. Эр номардлик қилиб болани тан олмаган бўлса, алимент тўлашдан воз кечган бўлса, бу аёлнинг руҳиятига қаттиқ таъсир қилган. Аммо у ёмон аёл бўлмаган, деди риштонлик манба.

Боласини ўлдирганликда айбланаётган аёл ҳозир ҳибсга олинган ва унинг устидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси билан жиноий иш қўзғатилган.

Ўзбекистонда оғир иқтисодий шароитларда қолиб ёки жамоатчилик қаҳридан қўрқиб туққан боласини ўз оналари томонидан ўлдириш ҳолатлари кўп кузатилади.

Шу йил февралида Урганчдаги "Довдан" зовури ёнида туғиб, чақалоғини сувга чўктирган 31 яшар аëл устидан жиноий иш очилган эди. Ўз чақалоғини ўлдиришда айбланаётган эрсиз аёл¸ Урганчдаги манбага кўра, зовур бўйида ëлғиз ҳолида ўлик бола туққач¸ ундан қутулишга қарор қилган.

2 февраль куни эса, Қашқадарёнинг Чироқчи тумани Тиббиёт бирлашмаси Гинекология бўлимининг ҳожатхонасидан чақалоқ мурдаси топилган эди.

Ўтган йилнинг октябрь ойида эса андижонликлар орасида “Корейский сад” номи билан танилган микрорайондаги машҳур сауна олдига қўйилган ахлат қутисидан туғилиши билан бўғиб ўлдирилган чақалоқ мурдаси топилган эди.

2015 йилнинг октябрида Қашқадарë вилояти Чироқчи тумани марказидаги мактаб ортига номаълум шахслар етти ойлик туғилган чақалоқни ташлаб кетган. Тонгда дайди итлар ғажиб ташлаган чақалоқ жасади топилган эди.

Ўша йилнинг июль ойида эса Хоразм вилоятининг Шовот туманида 19 яшар қиз туққан чақалоғини молхонага ташлаб кетган ва чақалоқ касалхонада жон берган эди. Расмийларнинг айтишларича, чақалоқ баданида уни ўлдиришга қилинган ҳаракатлар излари қолган. Айни пайтда чақалоқнинг онаси қамоқ жазосини ўтамоқда.

XS
SM
MD
LG