Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:36

Хоразмда чақалоғини зовурга чўктирган ëш аëл ҳибсга олинди


Чақалоқнинг жасади шунга ўхшаш зовурдан топилган.
Чақалоқнинг жасади шунга ўхшаш зовурдан топилган.

Шу йил февралида Урганчдаги "Довдан" зовури ёнида туғиб, чақалоғини сувга чўктирган 31 яшар аëл устидан жиноий иш очилди. Ўз чақалоғини ўлдиришда айбланаётган эрсиз аёл¸ Урганчдаги манбага кўра, зовур бўйида ëлғиз ҳолида ўлик бола туққач¸ ундан қутулишга қарор қилган.

Озодликнинг Урганчдаги манбасидан олинган маълумотга кўра, чақалоғи зовурдан топилганидан бироз ўтиб ушланган 31 яшар аëл (унинг исми-шарифи Озодликка маълум¸ аммо тергов манфаатларидан келиб чиқиб¸ эълон қилинмаëтир -таҳр.) ҳозирда ҳибсда сақланмоқда. Урганч туман прокуратураси Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 99-моддаси - "Онанинг ўз чақалоғини қасддан ўлдириши" моддаси билан жиноят иши қўзғаган.

"Ишни прокуратура кўриб турибди. Ўзи воқеа шу йилнинг февралида бўлган. Ўша куни "Довдан" зовурининг ёқасида бир ўзи боласини туққан. Афтидан бола ўлик туғилган ва бу аёл болани сувга ташлаган. Кейин чақалоқни 25 февраль куни кундузги бирларда сувдан топишган. Чақалоқ жасадини экспертиза қилишганида, унинг сувга ўлик ҳолда ташлангани, тан жароҳатлари йўқлиги аниқланган. Ҳозир тергов бораяпти", деди Урганчдаги исми ошкор қилинмаëтган манба.

Ҳозирча жиноят мотиви ва жиноятга доир бошқа тафсилотлар Озодликка маълум эмас.

Урганчдаги манбалардан олинган маълумотга кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари уни енгилтабиат аёл сифатида қайд этган:

"Эрсиз, енгилтабиат аёл бўлган, деб ёзилганда ҳужжатларда. Унга-бунга бориб-келиб юрган. Болани ҳам эрсиз туққан ва сувга ташлаб кетган. Нимага бундай иш қилган, оиласи қаёққа қараган, боланинг отаси ким - прокуратура суриштириб турибди ҳозир", деди Озодлик манбаси.

Озодликка маълум бўлишча, Урганч тумани Ғойбу қишлоғида яшаган бу аëл муқаддам ҳам Ўзбекистон Жиноят Кодексинининг 168- моддаси асосида "товламачилик"да айбланиб¸ судланган.

Озодликка оддий ўзбекистонликлардан туғилиши билан ўлдирилган ëки ташлаб кетилган чақалоқлар ҳақида хабарлар келишда давом этмоқда.

Шу йилнинг ​2 февралида Қашқадарёнинг Чироқчи тумани Тиббиёт бирлашмаси Гинекология бўлимининг ҳожатхонасидан 8 ойлик ҳомила мурдаси топилган эди. Чироқчи милицияси ўлик чақалоқнинг ДНК анализлари асосида уни онасини қидирмоқда.

Ўтган йил июль ойида ҳам Чироқчи туман марказидаги мактаб ахлатхонасида итлар ғажиб кетган янги туғилган чақалоқ жасади топилган эди.

Андижонда эса ​туғилиши билан бўғиб ўлдирилган чақалоқ мурдасининг ахлат қутисидан топилиши катта шов-шувга сабаб бўлганди. Тергов давомида боланинг онаси аҳлат қутиси турган сауна ошхонасида ишлайдиган ёш қиз экани аниқланган.

Ўтган йили яна Хоразм вилоятининг Шовот туманида 19 яшар қиз туққан чақалоғини молхонага ташлаб кетган ва бир неча соатдан кейин топилган чақалоқ касалхонада жон бергани қайд этилган эди.

XS
SM
MD
LG