Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:34

Ўзбекистонлик энага 30 минг доллар ўғирлаганликда гумон қилинмоқда


Нарофоминск шаҳар суди иш берувчисидан 30 минг доллар пул ўғирлаб кетганликда айбланаётган 49 ёшли ўзбекистонлик энагани халқаро қидирувга бериш ва сиртдан қамоққа олиш тўғрисида қарор чиқарди. Москва вилоят терговчилари навоийлик Хабиба Р. ҳақидаги қидирув материаллари Интерполга жўнатилганидан кейин унинг ўғли Жасур А.га нисбатан ҳам жиноят иши қўзғатилиши мумкинлиги маълум бўлди.

Москва вилоятида яшовчи врач Анжелика Даурова бундан икки йил олдин фарзанд асраб олади.

Анжелика асранди ўғлига Тимур деб исм қўяди. Бола 3 ойга тўлганида, унга энага ёллаб, ишга чиқишга қарор қилади.

Озодлик билан суҳбатда Анжелика ўзбекистонлик Ҳабибани унга умумий танишлари бўлган бир аёл тавсия қилганини гапириб берди.

- У бизникига боламга тахминан 3 ойларча тўлганида, яъни 2014 йилнинг апрелида биринчи маротаба келди. 2015 йилнинг 29 октябригача 1,5 йил давомида менинг боламга қаради. Болага у яхши қарарди, унинг ишига эътирозим йўқ эди. 29 октябрь куни у кетдию бошқа қайтиб келмади. Икки кун давомида унга қўнғироқ қилиб туша олмадим. Шкафимни очиб, у ерда сақланаётган пулларни текшириб кўрдим: конвертлар бўм-бўш эди. Ҳабиба бизни тунаб кетганини ўшанда тушундим, деди Анжелика.

Анжелика ўзбекистонлик бола қаровчиси яшаётган квартирага боради ва қўшниларидан у ўғли, ҳуштори, укаси билан бирга юкларини машинага ортиб номаълум томонга чиқиб кетганини аниқлади.

У Ҳабибани хона ва жавон калитларини қўлга киритиб, сақланаётган долларларни олиб кетганликда гумон қилди.

“У квартирада ўрнатилган видеоназорат камерасини ҳам ўчириб, ҳамма ёқдан бармоқ изларини артиб кетганини аниқлашди мен чақиртирган полиция ходимлари”, дея давом этади Анжелика.

- Бу жиноятга у кўп вақт тайёрланибди. Жиноятга Ҳабибанинг ўғли Жасур ёрдам берганига амин бўлдим, чунки бу йигит Россияда ўғирлик билан қўлга тушган экан, у ўзининг маъшуқаси бўлган рус аёлнинг боласини боши билан кроватга урибди. Бола икки йилдан буён кома ҳолатида шифохонада ётибди. Болакайнинг онаси Жасур устидан тергов идорасига ариза ёзганини аниқладим. Олдин Жасур боланинг онасини қўрқитиб қўйган экан. Шундай қилиб, ҳозирда Нарофоминск шаҳар суди Ҳабибани сиртдан қамоққа олиш ва халқаро қидирувга бериш тўғрисида ҳукм чиқарган, деди Анжелика.

Маълум бўлишича, ўғриликда айбланаётган ўзбекистонлик энага аёл жиноий иши Россия Бош прокуратураси ва Интерполга юборилган.

Апрелевка шаҳарчаси Ички ишлар бўлимининг жиноят қидирув бўлими ходими Павел Вашчинников жиноий иш секин-аста бўлсада, силжиётганини билдирди:

- Жараён тўхтагани йўқ, тергов бораётганини тасдиқлашим мумкин, холос. Одамларимиз ишлаяпти, деди бундан ортиқ маълумот бера олмаслигини Озодликка билдирган терговчи Павел Вашчинников.

Тергов идорасида навоийлик Ҳабиба Р. Ва унинг ўғли Жасур А.га қўйилаётган айбловлар бўйича материаллар асосида Ўзбекистонга юборилган сўровга жавоб олинмагани ва ўзбек милицияси ва прокуратураси уни пайсалга солаётганини ҳам билдиришди. Ҳозирда Тергов қўмитасида ўзбекистонлик она-болага қарши жиноий ишлар бирлаштирилиши масаласи кўрилаётгани маълум бўлди.

Анжелика Даурова маҳаллий полиция ҳам уни тунаб кетган энагага қарши жиноий иш очишга аввалига қаршилик қилганини эслади.

Анжела Даурова билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:26 0:00
Бевосита линк

У Москвада ўзбекистонлик 4 ёшли қизчани ўлдирган энага Гулчеҳра Бобоқулова тўғрисида ахборот воситаларидан хабар топгач, Ҳабибани албатта топишга қарор қилганини билдирди.

Суҳбат сўнггида Анжелика ҳеч қачон уйига энага олмаслик ҳақида қатъий қарорга келганини бундай изоҳлаб берди:

- Биринчи кадрларни кўриб мен тилдан қолдим, карахт бўлдим! Мени болам билан ҳам шундай ҳодиса бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги ўй-ҳаёллар мени анчагача ваҳимага солиб юрди. Шундан кейин мен терговчилар билан жанжал қилишни бошладим, энагамга нисбатан ҳам терговни тезлаштиришни талаб қилдим. Ўша Бобоқулова ҳам мени уйимда ишлаган Ҳабиба каби 1,5 йил бола қарагани, улар иккалови Ўзбекистондан экани мени ҳар хил ҳаёлларга олиб борди!Ахир Ҳабиба 1,5 йил ичида қадрдондек бўлиб қолган эди. Мендан терговчилар сўради: қандай қилиб бегона одам олдида бунча пулни сақладингиз? Мен унга энг азиз бўлган фарзандимни топширганимдан кейин пул ҳаёлимга келади, деб ўйлайсизми?! Хуллас, ҳозирги кунга келиб бирор энага менинг уйимга оёқ қўймайди, деган тўхтамга келдим, деди Анжелика.

У ҳозир 2 ёшга кираётган ўғилчасини, қиммат бўлса ҳам, хусусий боғчага топширганини айтди.

XS
SM
MD
LG