Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:52

Хориж қамоғидаги ўзбекистонликнинг паспорт муаммосини ким ҳал қилади?


Чет эл қамоқхонасида жазо ўтаётган Ўзбекистон фуқаросининг паспорти эски бўлсаю, унинг қамоқ муддати 2018 йилнинг 1 июлидан сўнг тугаса, у ватанига қайтиши учун нима қилиши керак? OzodJavobнинг навбатдаги сонида ушбу савол жавобини топишга ҳаракат қиламиз.

Ўзбекистонда 2011 йилдан бошланган биометрик паспортларга ўтиш жараёни 2015 йил декабрида ниҳоясига етиши билдирилганди.

Бироқ бу муддатда паспортларини алмаштиришга улгурмаганлар сони кўплиги боис, эски ҳужжатларнинг амал қилиш муддати 2018 йил 1 июлгача узайтирилган.

Лекин эски паспортлар жорий йил 1 январидан бошлаб хорижда мутлақо яроқсиз ҳисобланади. Фақат чет элда юрган ўзбекистонликлар қўлидаги эски паспортларнинг амал қилиш муддати ўтмаган бўлса, у эски паспорти билан ватанга қайтиб келишларига рухсат этилган.

Бироқ хорижда жазо ўтаётган Ўзбекистон фуқаросининг қамоқ муддати 2018 йилнинг 1 июлидан кейин тугаса ва унинг қўлида нобиометрик паспорт бўлса, у уйига қандай қайтиши мумкин?

Россия шимолидаги Архангельск вилояти қамоқхонасида ўтирган 32 ёшли ўзбекистонлик маҳбус Собит Қадамовни ҳам худди шу савол қийнаяпти.

Тўрт йил аввал ўғирликда айбланиб, етти йилга қамалган Сирдарё вилоятининг Сайҳунобод туманидан бўлган Собит Қадамов қамоқ муддати 2018 йил охирида тугаши, унгача эски паспортининг амал қилиш муддати ҳам ўтиб кетиши ва Ўзбекистонга қандай қайтишни ўйлаб боши қотаётганини гапирди:

- Уч йилу 4 ойдан бери қамоқхонада ўтирибман. Муддатим 2018 йилнинг ноябригача. Ўзбекистон фуқаросиман. Паспортим Ўзбекистоннинг эски паспорти,- дейди Озодлик билан суҳбатда Қадамов.

Унинг айтишича, у ўтирган қамоқхонада элликдан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари жазо ўтаяпти ва барчасининг паспорти эскидир.

***********************

Халқаро амалиётга кўра, чет эл қамоқхонасида ўтирган хорижликнинг паспорти билан боғлиқ муаммо бўлса, ўша давлатнинг ҳуқуқ-тартибот органлари бу ҳақда элчихонага маълум қилиши лозим.

Мисол учун Архангельск қамоқхонасида жазо ўтаётган Ўзбекистон фуқароси Собит Қадамов вазиятида қамоқхона маъмурияти унинг қамоқ муддати тугашига 5-6 ой қолганида бу ҳақда Россиянинг тегишли органларига хабар йўллаши керак. Тегишли органлар эса Ўзбекистон элчихонасига сўровнома жўнатиб, Собир Қадамовга “Ватанга қайтиш сертификати” сўраши лозим.

Агар Россиянинг тегишли идоралари элчихонага мурожаат қилмасаю, Қадамов қўлида муддати ўтиб кетган эски паспорт билан қамоқхонадан чиқса, унинг ўзи Ўзбекистон элчихонасига сертификат сўраб, мурожаат қилиши керак.

Қадамов кабилар вазиятида улар элчихонадан “Ватанга қайтиш сертифакати”ни олгунча, Россиянинг вақтинча сақлаш изоляторида ушлаб турилади.

Маълум бўлишича, иккала вазиятда ҳам Ўзбекистон элчихонаси сертификат сўраган фуқаро борасида Ўзбекистондаги тегишли идораларга сўровнома жўнатади. Сўровномага жавоб келгачгина, сертификат берилади.

Ўзбекистон Ташқи ишлари вазирлиги билан Ички ишлар вазирлиги ҳамкорликда қабул қилган “Ўзбекистон Республикасига қайтиш учун сертификат бериш тартиби тўғрисида йўриқнома”га мувофиқ қўлида эски паспорти бўлган ўзбекистонлик учун мазкур ҳужжат Ўзбекистонга кириш ҳуқуқини берувчи ҳужжат ҳисобланади.

Хориж қамоғидан озодликка чиққан ўзбекистонлик ўша давлатдаги консуллик бўлимига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиш лозим бўлади:

- Электрон ариза-анкета; (Аризачининг ўзи эса консуллик бўлимига шахсан мурожаат қилиши лозим)

- Ҳақиқийлигини йўқотган эски паспорт;

- 35x45мм ҳажмдаги 4та фотосурат;

- Консуллик йиғими -55 АҚШ доллари;

- Агар зарур бўлса, ҳужжатларни жўнатиш учун пули тўланиб, марка ёпиштирилган конверт;

- Ва албатта хориж қамоқхонасида жазо ўтаб, озодликка чиққани ҳақидаги ҳужжат;

Амалдаги тартибга кўра, "Ватанга қайтиш сертификати" 5 иш кунидан узоғи билан 1 ойгача бўлган муддат ичида берилиши лозим. Лекин сертификатни ойлаб кутиш ҳолатлари сабабини ўзбек элчихоналари шу пайтгача изоҳлаган эмас.

“Ватанга қайтиш учун сертификат”ини олиб Ўзбекистонга қайтган фуқаро янги паспортни расмийлаштириш учун ўзи доимий яшайдиган жойдаги Ички ишлар идораларига ушбу сертификатни топшириши лозим.

**********************

Озодлик муштарийлари илтимосига кўра, Ўзбекистоннинг Россиядаги консуллик бўлимлари манзилларини келтирамиз:

Москвадаги консуллик бўлими:

119017, г. Москва, 2-й Казачий пер., дом 2

Тел.: (499) 230-13-01, 230-00-54

Новосибирскдаги консуллик бўлими:

630005 г. Новосибирск, ул. Ломоносова, дом 55Б

Тел.: +7(383) 2460485, +7(383) 2460484

Шунингдек, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг ишонч телефони:

+998 (71) 233-28-28

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:28 0:00
Бевосита линк

Озодликнинг “Биометрик паспорт: Минг бир савол ва жавоб” саҳифаси орқали биометрик паспорт бўйича кўплаб саволларингизга жавоб топишингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG