Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:51

Ғазнаси бўм-бўш “Ўзбекэнерго” ходимларига маош ўрнига лампочка бермоқчи


Йиллардан бери қарийб 70 мингга яқин ходимига ойликларни вақтида бера олмай келаëтган Ўзбекистондаги энг йирик акциядорлик жамиятларидан саналган “Ўзбекэнерго” муаммога “ечим” топди. Жамият бошқаруви раиси Искандар Басидов 8 февраль куни қўл қўйган 41-сонли буйруққа асосан¸ жорий ойдан бошлаб жамиятда ишловчи 66579 нафар хизматчи ҳар ой уч донадан “Ўзбекэнерго” ҳиссадори бўлган икки ширкат ишлаб чиқараëтган LED лампочкасини бозор нархидан қимматга сотиб олиши шарт.

“Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Искандар Басидов имзо чеккан 41-сонли буйруқ матнининг Озодликка етиб келган нусхаси рус тилида ëзилган.

Буйруқнинг 1-саҳифаси.
Буйруқнинг 1-саҳифаси.

Буйруқ матни:

“Ишлаб чиқаришга кетадиган энергияни тежаш¸ электр энергиясидан оқилона ва самарали фойдаланиш¸ ишлаб чиқарилаëтган маҳсулот рақобатбардошлигини ошириш¸ шунингдек¸ IX Халқаро кўргазма ва ҳамкорлик биржаси доирасида тузилган келишувлар ижросини таъминлаш мақсадида

БУЮРАМАН” деб бошланади.

Тўққиз банддан иборат мазкур буйруқнинг 1-бандида жаноб Басидов “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамиятига қарашли корхона ва ташкилотлар раҳбарларига “EGL-NUR” ва “Yorqin Chiroqlar” қўшма корхоналаридан LED ëритиш ускуналарини тармоқнинг ҳар бир ишчиси бошига ойига уч донадан ҳисоблаган ҳолда сотиб олишни буюради.

Буйруқнинг 2-саҳифаси
Буйруқнинг 2-саҳифаси

Айни бандга кўра¸ ҳар бир ишчи бошига бериладиган уч донадан LED лампочкаси пули улар ойлигидан “ëзилган аризалар асосида” олиб қолинади.

Буйруқнинг 2-бандга кўра¸ “Ўзбекэнерго” корхона ва ташкилотларига 15 февралга қадар “EGL-NUR” ва “Yorqin Chiroqlar”¸ шунингдек “QUYOSH ISSIQLIK ENERGIYASI” қўшма корхоналарида сотиб олинадиган ëритиш ускунaлари ва сув иситиш тизимлари учун тўловларни тугатиш буюрилади.

Электрэнергетика ва кўмир саноати бўйича мамлакатда бошқарув органи бўлган “Ўзбекэнерго” таркибига 51 та корхона, жумладан, 37 та акциядорлик жамияти, 11 та унитар корхона, иккита масъулияти чекланган жамият ва компаниянинг “Энергосотиш” филиали киради ва тармоқда айни кунларда жами 66579 ишчи-хизматчи бор.

Буйруққа илова қилинган жадвал
Буйруққа илова қилинган жадвал

Жамият бошқаруви раиси буйруғига илова қилинган жадвалга кўра¸ “Ўзбекэнерго”нинг 66579 нафар ходими 2016 йил охирига қадар ойига 202 588 дона¸ йил давомида эса¸ 2 228 375 дона лампочка сотиб олиши шарт. Йил давомида хизматчи бошига 33 донадан тўғри келадиган бу лампочкалар учун энг арзони 12 800 сўмдан пул чегириб қолинади.

“Ўзбекэнерго” хизматчиларидан Озодликка етиб келган мурожаатда айтилишича¸ айни кунларда тармоқда ишловчиларнинг ҳаммасидан ëппасига “ҳар ойлигимдан уч дона лампочка учун пул ушлаб қолинг” деган мазмундаги ариза мажбуран ëздириб олинмоқда.

“Уч ойдан бери ойликдан дарак йўқ. Раис буйруғида¸ келишувлар бўйича пул кўчирилсин¸ дейилган. Бизга эса¸ на ойлик¸ на лампочка берилди. Ҳаммамизни мажбурлаб “йил бўйи уч донадан лампочка оламан¸ ойлигимдан пул чегириб қолинглар”¸ деган қоғозга қўл қўйдиришаяпти. Қўл қўйманман дейишга одамлар қўрқади¸ бу дегани ишдан ҳайдалиш дегани”¸ дейди Озодлик боғланган “Ўзбекэнерго” ходимларидан бири.

Озодлик билан суҳбатда “Ўзбекэнерго” расмийси¸ шундай жараëн бораëтганини эътироф этди¸ аммо унинг мажбурийлигини инкор этишга уринди.

“Ўзбекэнерго” ўз маҳсулотини тўлиғича ўз ишчиларига едирмоқчи

“Ўзбекэнерго”нинг 70 мингга яқин ишчи-хизматчисига мажбуран ўтказиладиган 2 миллион донадан ошиқ лампочкани EGL-NUR” ва “Yorqin Chiroqlar” қўшма корхоналари сотади. Бу корхоналар тарихини ўрганиш асносида¸ уларнинг ҳам “Ўзбекэнерго”га қарашли эканини аниқланди.

Ангрен саноат-индустриал зонасида 2013 йилда иш бошлаган “EGL-NUR” қўшма корхонаси 1 миллион долларлик низом капиталининг 51 фоизи¸ давлат матбуотига кўра¸ Жанубий Кореянинг “EG Lightings Co., Ltd” ширкатига¸ қолган 49 фоизи эса¸ “Ўзбекэнерго” қошидаги “Янги Ангрен” ТЭСига қарашли.

Жиззах махсус индустриал зонасида 2015 йил августида иш бошлаган “Yorqin Chiroqlar” қўшма корхонаси ҳам айни шу формула асосида Жанубий Кореянинг OWELL ва “Ўзбекэнерго” ўртасида тузилган.

“EGL-NUR” йилига 48000 дона¸ “Yorqin Chiroqlar” эса¸ 2 500 000 дона тежамкор лампочка ишлаб чиқариш қувватига эга. Иккала корхона йилига 2 548 000 дона лампочка ишлаб чиқараëтган бўлса¸ “Ўзбекэнерго” раиси буйруғига кўра¸ жамиятнинг 67 мингга яқин ишчиси мажбурий тарзда 11 ой давомида 2 228 375 дона лампочка сотиб олиши шарт. Оддий арифметикага кўра, бу “Ўзбекэнерго” ўзи ишлаб чиқараëтган лампочкани тўлиғича ўз ходимларига ўтказмоқда¸ деганидир.

“Ўзбекэнерго” ходимлари¸ йўқ ойликдан йўқ лампочка учун пул чегириб қолинаëтгани¸ аммо ҳозирча тежамкор LED лампочкаларини кўрган одам йўқлигини айтишди. Шу боис¸ ҳозирча Жиззах ва Ангренда катта тантана билан очилган бу қўшма корхоналарнинг амалда лампочка ишлаб чиқараëтган-чиқармаëтгани ҳам мавҳумлигича қолмоқда.

Мамлакатдаги стратегик жиҳатдан муҳим корхоналардан ҳисобланган “Ўзбекэнерго” жамиятининг ўз ходимларига олти ойлаб ойлик беролмаëтгани ҳақида Озодлик кўпдан хабар бериб келмоқда.

Жорий ой бошида Озодлик суҳбатлашган “Ўзбекэнерго” расмийларидан бири¸ширкатга қарашли камида ўн ташкилотда ойлик билан боғлиқ муаммо мавжудлигини тан олиб¸ унинг ечимини топиш имконсиз бўлиб қолаëтганини билдирган эди:

“Шу пайтгача корхоналарда ойликлар кечикиши юзага келган пайтда банкдан имтиёзли кредит олиб, иш ҳақлари тўлаб келинган. Лекин банкдан олинган кредитларни қайтара олмаяпмиз. Шунинг учун банклар бизга кредит бермай қўйишди”, деган эди 1 февраль куни жамиятнинг ўзини таништирмаган мулозими.

Банкрот бўлган иқтисоднинг банкрот бўлган корхонаси

Озодлик суҳбатлашган иқтисодчилар¸ "Ўзбекэнерго" ширкати раисининг тармоққа қарашли корхоналар ишлаб чиқараëтган лампочкаларни ўз ходимларига мажбурий сотиш ҳақида берган буйруғини ҳам ҳуқуқий¸ ҳам иқтисодий жиҳатдан нотўғри эканини таъкидлашди.

- Совет иттифоқи қулаганида аксар корхоналар ўз ходимларига ойлик тўлай олмай қолган ва ойлик ўрнига ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни ўтказган. Бундан мақсад¸ ишлаб чиқаришни¸ завод ва фабрикаларни сақлаб қолиш бўлган эди. Аммо бозор қонунларига терс бўлган бундай ҳаракат ўзини барибир оқламади ва бу корхоналар охир-оқибат синди. "Ўзбекэнерго" қилаëтган иш ҳам худди шу тажрибанинг такрори ва бу корхонани узоқ вақт ушлаб қолишга имкон бермайди¸ дейди Намангандаги Машинасозлик заводининг собиқ бош директори.

XS
SM
MD
LG