Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:23

Ўзбек консули нималарга ёрдам бериши керак?


Хориждаги Ўзбекистон консулликларига мурожаат қилиб, иши битмаган фуқаролар томонидан шикоятлар Озодликка кўплаб келади. Аслида консулнинг вазифаси нималардан иборат? Консулдан ёрдам кутиш мумкинми? Шу каби саволлар жавобини OzodJavobнинг навбатдаги сонида излаймиз.

Ўзбекистон элчихоналари консуллик хизматларига мурожаат қилган ўзбек муҳожирлари югур-югурлар, қоғозбозликлар каби оворагарчиликлардан кўп шикоят қилади. Айрим ҳолларда консулликлардаги порахўрлик ҳолатлари ҳақида ҳам иддаолар учраб туради.

Жумладан, Россияда ишлаётган жиззахлик Нурматнинг ёзишича, Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси консуллик хизматига иши тушган, лекин консуллик вакиллари ишидан қониқмаган:

“Мен бир марта справка олиш учун консулхонага бордим. У ердаги охранниклар жуда қўпол муомалада бўлишган. Роса кутганман, кейин ўша охранниклар 50 долларга справкамни тезлаштириб беришган. Ҳатто консул билан учрашмадим ҳам. Ўзи консуллардан ёрдам кутишга ҳаққимиз борми? Улар биз учун бирор нарса қилиб беришадими? Бошқа давлатларнинг фуқаролари хорижга чиққанларида бирор муаммога дуч келишса, консуллари олдига югуриб боришади. Консуллари уларнинг ҳамма муаммоларини ҳал қилиб беради. Биз ҳам ўзбек консулларидан шунақа кўмак кутишимиз мумкинми?”, дея сўради жиззахлик муштарий.

Ўзбекистон Республикасининг консуллик уставига кўра, консуллик бўлимлари чет элларда ўзбекистонликларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи асосий муассаса ҳисобланади.

Ушбу ҳужжатга кўра, консул нафақат фуқаронинг ёзма аризасини балки унинг оғзаки равишда қилган мурожаатини ҳам қабул қилиши лозим.

Лекин амалда Ўзбекистон консулликлари фақат ёзма ариза беришни талаб қилиши айтилади. Демак, сиз ҳам қонунга кўра консулдан оғзаки аризангизни қабул қилишини талаб қилишингиз мумкин.

Ўзбек консули аризангизни қабул қилишдан ташқари хорижда ҳуқуқингиз топталса, ҳуқуқларингиз тикланиши учун чора-тадбирлар кўриши шарт.

Қонунга кўра, консул хорижда бўлган ўзбекистонликка биринчи навбатда нотариал хизматларини кўрсатади.

Консуллик бўлимлари шартнома, васиятнома, ишончнома каби битимларни тасдиқлайди.

Шунингдек, консул хориждаги ўзбекистонликнинг мол-мулкига доир вазифаларни ҳам бажаради.

Жумладан, консул хориждаги Ўзбекистон фуқароси вафот этган тақдирда ундан қолган мол-мулкни қўриқлаш чора-тадбирларини кўради. Бу мулкни Ўзбекистон ичкарисида бўлган меросхўрларга топшириш масаласини ҳам ҳал қилиши лозим.

Энг қизиғи хорижда бўлган ўзбекистонлик ўзига тегишли пуллар, бойликлар, қимматли қоғозлар ва ҳужжатларни сақлаш учун консулга топшириши ҳам мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг консуллик уставига кўра, ўзбекистонлик шахс хорижда бирор ҳалокатга учраса, жумладан, у минган самолёт ҳалокатга учраган тақдирда консуллик унга зарур ёрдам кўрсатиши лозим.

Ўзбек консулликлари зарурат туғилган тақдирда ўз фуқароларини самолёт орқали уйига қайтишига кўмаклашиши, уларнинг юкларини жўнатиш чора-тадбирларини кўришлари лозим.

Шунингдек, ўзбек консуллари хорижда жиноят содир этишда гумон қилиниб ҳибсга олинган ёки қамалган Ўзбекистон фуқаросининг ҳуқуқлари таъминланишини ҳам назорат қилиши лозимдир.

Демак, консуллик уставида қайд қилинган вазифалардан келиб чиқилса, ўзбек консуллари хорижга чиққан Ўзбекистон фуқаросининг асосий мададкори бўлиши лозим.

Лекин Озодлик муштарийлари Ўзбекистон Республикасининг консуллик уставида қайд қилинган вазифаларнинг амалдаги ижроси тўлиқ бажарилган ҳолатларга деярли дуч келмаганликлари ҳақида гапирадилар.

Шу пайтгача хорижда ҳалокатга учраган бирор ўзбекистонликка консуллик бўлимлари ёрдам кўрсатгани ҳақида Озодликда бирор маълумот йўқ.

Жумладан, куни кеча Москванинг Строминка кўчасидаги ёнғинда ҳалок бўлган ўн нафар қирғизистонлик мурдасининг уйига жўнатилиши билан боғлиқ ҳаражатларни қирғиз ҳукумати ўз зиммасига олди. Қирғиз консуллари маълумотига кўра, ёнғинда куйиб ўлган қирғизистонлик муҳожирлар оилаларига моддий кўмак бериш масалалари ҳам кўрилаяпти.

Лекин айни ёнғинда ҳалок бўлган икки ўзбекистонлик тақдири билан ўзбек консуллари қизиққани ҳақида бирор маълумот йўқ.

Шу ўринда Ўзбекистон Республикасининг консуллик уставида алоҳида қайд қилинган бир маълумотга муштарийлар диққатни жалб қилсак:

Консуллик бўлимларидаги ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар устидан фуқаро тегишли идораларга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

******* **** **** **** *** *** *** *** *** *** *** *** *** ***

Азиз муштарий¸ агар сизнинг бугунги саволларга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз - OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни Skype орқали ОzodSkype ëки OzodlikOnline манзилларига йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, телефон орқали +420 602 612 713 ва +420 221 123 381 рақамларига қўнғироқ қилиб, саволларингизни беришингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG