Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:27

Тошкентда банк ходимлари камида 5 пенсионерни пластикка ўтказишга мажбурланяпти


Ўзбекистон республикаси миллий банки пластик карточкаси
Ўзбекистон республикаси миллий банки пластик карточкаси

Тошкент шаҳридаги деярли барча банк ходимларига уйма-уй юриб кексалар пенсияларини пластик картага ўтказиш топшириғи берилди. Ҳар бир банк ходими камида беш қария пенсиясининг тўлиғини ёки бир қисмини пластик картага ўтказиши керак. Аммо, Марказий банк мулозими тижорат банкларига бундай топшириқ берилмаганини айтмоқда.

Тошкентда пенсияларни пластик карталарга ўтказиш бўйича компания янада кучайди.

Ўқитувчи ва коммунал хизмат ишчиларидан сўнг, энди банк ходимлари уйма-уй юриб пенсионерларни ўз пенсия маблағларини пластик картага ўтказишга кўндиришга ҳаракат қилмоқда.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган "Ўзсаноатқурилишбанк"нинг исми сир қолишини сўраган ходимига кўра, бундай талаб банк раҳбарияти томонидан қўйилган:

“Бизларга раҳбарлар шундай талаб қўйишмоқда. Танишми, қариндошми фарқи йўқ, 5 та пенсионерни пенсиясини пластикка ўтказишга кўндиришингиз керак. Ариза ёзиб берсин. Ҳеч бўлмаганда пенсиясининг 10 фоизини пластикка ўтказишга рози бўлсин. Пенсионер қариндоши бўлмаганларга маҳаллама-маҳалла юриш буюрилган. У ердаги пенсионерларни агитация қилишга. Жуда қийин бўлмоқда”, дейди банк ходими.

Тошкент шаҳрининг Сирғали туманида истиқомат қиладиган 76 яшар пенсионер Имон отанинг айтишича, банк ходимлари унинг уйига беш марта келишган:

- Янгги йилдан олдин мени уйимга ҳар хил банклардан икки-учтадан бўлиб беш марта келишди. Улар “энди отахон, бизга ҳам буюришган, ҳеч бўлмаса пенсиянгизнинг 10 фоизини пластикка ўтказишга розилик беринг”, деб илтимос қилишди. Мен рози бўлмадим. Кейин улар “агар янги йилдан кейин ўтказсангиз пластик картанинг нархи 70 минг сўм бўлиб кетади, деб қўрқитмоқчи ҳам бўлишди. Ҳозир ҳам, янги йилдан кейин ҳам пластик карточканг керак эмас дедим”, дейди Имон ота.

Тошкентнинг Яшнобод туманида истиқомат қилувчи 70 яшар пенсионер Абдуқаҳҳор Мусаевнинг айтишича, шу кунларда банк ходимларининг пенсионерлар уйларига қатнови кўпайган:

- Менга ҳам кунора банкдан келиб туришибди. Мен улардан “қарор борми шу ҳақда”, деб сўрадим. Улар эса, “энди ота ўзингиз тушунасиз ҳеч қанақа қарор йўқ. Бизни ҳам мажбурлашяпти, бўлмаса ишдан бўша деб айтишяпти”, дейди. “Ўзи шу пенсияга зўрға яшаб юрибмизу, пластикка ўтқазсанг кейин нима қиламиз”, дедим. “Бир ойда 50 минг сўм ечиб берамиз”, дейди. Бошқа жойда нақд қилиш имкони бўлмаса, банкомат дегани бўлмаса, пластикка нархлар бозордагидан қиммат бўлса, бу матаҳингни бошимга ураманми, дейди Абдуқаҳҳор Мусаев.

Ўзбекистон Марказий Банкининг исми сир қолишини сўраган мулозими Озодлик билан суҳбатда банк ходимларининг уйма-уй юриб пенсионерларни пластик картага ўтишга ундаётгани ҳолатлари борлигини инкор қилмади:

“Балки бордир шундай ҳолатлар. Бу тижорат банкларининг нақд пулни тежаш учун қилаётган тадбири бўлиши мумкин. Аммо Марказий Банк тижорат банкларига бундай кўрсатма бергани йўқ. Пенсияларни пластик карталарга мажбурий ўтказиш мумкин эмас”, деди банк мулозими.

Мулозим Фуқаролик кодексининг 354 –моддасига биноан фуқаролар шартномаларни имзолашда эркин эканликларини таъкидлади.

Фейсбук ижтимоий тармоғидаги maslahat.uz саҳифасида ҳам банк ходимларининг бу ишга сафарбар этилганлиги қизғин муҳокама қилинмоқда:

“Ҳозир банк ходимларига "агар ишлашни истасанг ...тадан пенсионерни "розилигини олиб" пластикда олишига рози қиласан"- деб режа қўйилган. Кеча банкда ишлайдиган танишим, пенсион.фондларда "тиланиб"юришганини айтиб, 10 та пенсионер топиб беринг деди. Мен бунақа ишларга аралашмайман дедим, энди дўкону бозорларда устига 15% га шу қарияларнинг таланиши қолувди,-дедим”;

“Банкоматлар , терминаллар маълум ҳудудларда мавжуд бўлса пластик карточкага ҳеч қачон эътироз бўлмасди, ҳайронман , пластик карточка тизимига ўтишдан олдин уни тўлиқ англаб , керакли воситалар билан таъминлаб , сўнгра йўлга қўйиш мумкин. Миллионлаб маош олардиму , керак бўлган пайтда сарсон бўлиб ундан фойданолмасдим, азоб эди...яна минимум ҳаққингиздан 10% олишларига " ўлайми" .Бу умримда кўрган ахмоқликлардан биринчиси бўлган..умид қиламан бартараф этилади деб”, деб ёзишади maslahat.uz муштарийлари.

Ўзбекистон вилоятларида пенсия ва нафақалар пластик карталарга мажбуран ўтказиб юборилгани ҳақида Озодлик кўп хабар берган эди.

Бир неча йилдан буён бутун мамлакат бўйлаб маош, пенсия, стипендия ва бошқа тўловларни тўлалигича пластик карталарга ўтказиш жараёни давом этмоқда.

Шу пайтгача пенсионерларни пластикка ўтишга кўндириш вазифаси ўқитувчилар, коммунал хизмат ходимларига юкланган эди. Эндиликда улар сафига банк ходимлари ҳам қўшилди.

Ўзбекистонда нақд пул тақчиллиги муаммоси кескинлашиб бораëтгани ортидан Марказий банк ўтган йилнинг июнь ойидан бошлаб пенсияларни нақд пулда беришни тақиқлаб қўйган эди.

Ўтган йил бошроғида Ўзбекистон Марказий банки Бош вазирга юборганҳисоботида мамлакат иқтисодида нақд пул тақчиллиги юзага келганиижтимоий-иқтисодий вазиятни янада қийинлаштиришидан огоҳлантирган эди. Озодликка сиздирилган ҳисоботда мамлакат банкларида ойлик ва бошқа ижтимоий тўловларни вақтида бериш учун нақд пул қолмагани ва тезкор чора-тадбирлар кўрилмаса, бу жиддий оқибатларга олиб келиши таъкидланган эди.

Айни пайтда, Ўзбекистон банклари тарафидан бериладиган тўлов карталари бошқа мамлакатлардаги каби ишламаслиги фуқаролар учун қийинчиликларни келтириб чиқаради.

Масалан, Ўзбекистонда пластик картага боғланган банк ҳисоб рақамидан нақд пул чиқариб олишнинг имкони йўқ. Картадаги пулни нақдлаштириш учун 10-20 фоиз устама тўлашга мажбур бўлади. Ёки дўконларда пластик карта билан савдо қилинганда товарнинг нархи одатда 10-20 фоизга қимматроқ бўлади.

XS
SM
MD
LG