Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:30

“Ватанга қайтиш учун сертификат”ини олиш тартиби қандай?


 "Ватанга қайтиш учун сертификат"
"Ватанга қайтиш учун сертификат"

31 декабрдан бошлаб эски паспортларнинг яроқсиз ҳолга келтирилиши ортидан хорижда юрган ўзбекистонликлар олдида “Ўзбекистонга қайтиш учун сертификат” олиш зарурати пайдо бўлди. Мазкур ҳужжатни олиш жараёни билан боғлиқ саволларга “OzodJavob”нинг навбатдаги сонида жавоб излаймиз.

Январь бошида Россия ва бошқа давлатларда эски (нобиометрик) паспорт билан юрган ва уйига қайтмоқчи бўлган Ўзбекистон фуқароларидан “Ўзбекистонга қайтиш учун сертификат” талаб қилинаяпти.

Бу вазиятга дуч келган ўзбекистонликлардан Озодликка келаётган саволлар кўлами анчагина.

Жумладан, жиззахлик Акмал ушбу ҳужжат талаб қилинишининг ҳуқуқий асослари борасида сўрайди:

“Ўзбекистон ҳукумати эски паспортларни биометрик паспортларга алмаштириш муддатини 2018 йилнинг июнига қадар узайтирди. Лекин нимага эски паспорт билан юриш, уни ишлатиш мумкин эмас? Нимага қўлимизда паспортимиз бўлган ҳолда яна “Ватанга қайтиш учун сертификат” олишимиз шарт?”, дея сўради жиззахлик Акмал.

Владивостокда ишлаб, уйига қайтаётган пайти аэропортдан ортга қайтарилган бухоролик Мурод исмли муштарий сертификат олишнинг тартиб-қоидаларига қизиқди:

“Менга аэропортда элчихонадан “Ватанга қайтиш учун сертификат” олиб келмасанг, уча олмайсан”, дейишди. Мен бу ҳужжатни қанча вақтда олишим мумкин? Чунки ҳозир ишимни тугатиб, уйга кетмоқчи эдим. Энди ишсиз ўтирибман. Ҳужжатни қанча кутишим керак?”, дея сўради бухоролик Мурод.

Нукуслик Салтанат эса “Ватанга қайтиш учун сертификат”ини олиш учун элчихонага қандай ҳужжатларни тақдим қилиш зарурлиги борасида сўради.

**************************************

Ўзбекистонда фуқаролик паспортини биометрик паспортга алмаштириш муддати 2,5 йилга узайтирилгани ҳақидаги хабар 19 декабрь куни пайдо бўлди. Бу ҳақда деярли барча маҳаллий нашрлар хабар қилишди. Ички ишлар вазирлиги вакиллари ҳам Озодликка паспортларни алмаштириш жараёни 2018 йилнинг 1 июлига қадар давом этиши ҳақида айтишди.

Лекин орадан 1 ойга яқин вақт ўтаётган бўлса ҳам бу борада бирор расмий ҳужжат эълон қилинганича йўқ.

Президентнинг 2011 йил 5 январида қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонига кўра, Ўзбекистон фуқаросининг нобиометрик паспорти 2015 йилнинг 31 декабригача ҳақиқийдир.

Бу ҳужжат бекор қилингани ёки унга ўзгартириш киритилгани ҳақида ҳозирча Озодликда бирор маълумот йўқ. (Бу ҳақда расмий маълумот бирор жойда эълон қилинмади)

Демак, ушбу фармонга таянилса, эски паспортларни 31 декабрдан кейин ишлатиш мумкин эмас ва 1 январдан бошлаб хорижда бўлган Ўзбекистон фуқароси агар биометрик паспорти бўлмаса, “Ватанга қайтиш учун сертификат”ини олиши шарт ҳисобланади.

Ўзбекистон Ташқи ишлари вазирлиги Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда қабул қилган “Ўзбекистон Республикасига қайтиш учун сертификат бериш тартиби тўғрисида йўриқнома”га мувофиқ чет элда бўлган фуқаро Ўзбекистоннинг хориждаги консуллик бўлимларига мурожаат қилиб, ушбу ҳужжатни олиши лозим.

Қўлида эски паспорти бўлган ўзбекистонлик учун мазкур ҳужжат Ўзбекистонга кириш ҳуқуқини берувчи ҳужжат ҳисобланади.

Мазкур сертификатни олиш учун ўзингиз яшаётган хориж давлатидаги консуллик бўлимига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиш лозим бўлади:

- Электрон ариза-анкета; (Аризачининг ўзи эса консуллик бўлимига шахсан мурожаат қилиши лозим)

- Ҳақиқийлигини йўқотган эски паспорт;

- 35x45мм ҳажмдаги 4та фотосурат;

- Агар вояга етмаган фарзандингиз бўлса, уларнинг ҳам 35x45мм ҳажмдаги 2та фотосурати;

- Консуллик йиғими -55 АҚШ доллари;

- Агар зарур бўлса, ҳужжатларни жўнатиш учун пули тўланиб, марка ёпиштирилган конверт;

Шунингдек, амалдаги тартибга кўра, паспорт йўқолган ёки ўғирланган тақдирда ариза берувчидан қўшимча ҳужжатлар талаб қилинади:

- Йўқолган ёки ўғирланган паспорт нусхаси (агар бор бўлса);

- Ариза берувчининг паспорти йўқолгани ёки ўғирлангани борасида ўзи яшаётган хориж давлатидаги мутасадди ташкилотларига ариза билан мурожаат қилгани ҳақидаги расмий ҳужжат. Масалан, полиция бўлимидан берилган ҳужжат;

- Ариза берувчи ишлайдиган ташкилот, ўқийдиган олийгоҳи, даволаниш муассасаси ёки хизмат сафарида бўлса, ўша ташкилотнинг тасдиқловчи ҳужжати;

- Аризачининг паспорти бўлмаган тақдирда унинг шахсини тасдиқлаш зарур бўлса, Ўзбекистон Ички ишлар идораларидан олинган фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати талаб қилинади;

Мазкур ҳужжат 5 иш кунидан узоғи билан 1 ойгача бўлган муддат ичида берилиши лозим.

“Ватанга қайтиш учун сертификат”ини олиб Ўзбекистонга қайтган фуқаро янги паспортни расмийлаштириш учун ўзи доимий яшайдиган жойдаги Ички ишлар идораларига ушбу сертификатни топшириши лозим.

***********************

Унутманг: Қонунга кўра, эски паспортни ишлатиш мумкин эмас!!!

“Норма маслаҳатчиси” ҳуқуқий газетаси ёзишича, 31 декабрдан сўнг эски паспортларни ишлатиш ҳатто ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.

Нашрнинг юристларга таяниб ёзишича, эски паспортни 31 декабрдан сўнг ишлатган шахс Маъмурий- ҳуқуқбузарлик кодексининг “Паспорт тизими қоидаларини бузиш” (223-модда) моддаси бўйича жавобгарликка тортилиб, энг кам иш ҳақининг 1 баробаридан 3 баробаригача миқдорда жарима тўлаши шарт.

Ҳозирда Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи – ойига 130 240 сўм бўлиб, демак, эски паспортни ишлатган фуқаро 390720 сўмгача жарима тўлаши лозим бўлади.

*****************************************

Озодлик муштарийлари илтимосига кўра, Ўзбекистоннинг Россиядаги консуллик бўлимлари манзилларини келтирамиз:

Москвадаги консуллик бўлими:

119017, г. Москва, 2-й Казачий пер., дом 2

Тел.: (499) 230-13-01, 230-00-54

Новосибирскдаги консуллик бўлими:

630005 г. Новосибирск, ул. Ломоносова, дом 55Б

Тел.: +7(383) 2460485, +7(383) 2460484

Шунингдек, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг ишонч телефони:

+998 (71) 233-28-28

*****************************************

P.S. Озодлик мухбири ўрганишича, Россияда эски паспорт билан юрган аксар ўзбекистонликлар Украина орқали ҳеч бир муаммосиз Ўзбекистонга кетаяпти. Киев аэропортидаги расмийлар ҳам буни Озодликка тасдиқлашди. Шунингдек, Украина чегарачилари шу пайтгача чиқиш визаси бўлмаган ўзбекистонликларнинг учинчи давлат, жумладан, Европага чиқишига ҳам монеълик қилгани ҳақида маълумотлар йўқ.

XS
SM
MD
LG