Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:38

Газ йўқлигидан норози ғазалкентликларнинг талаби қондирилди


Ғазалкентликлар декабрь ойида 20 кун давомида газ йўқлигидан овқатни электрда пиширишга мажбур бўлишди.
Ғазалкентликлар декабрь ойида 20 кун давомида газ йўқлигидан овқатни электрда пиширишга мажбур бўлишди.

Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Ғазалкент шаҳрининг йигирма кун давомида газсиз ўтирган аҳолиси янги йил арафасида норозилик билдириб, бир ҳафта давомида деярли ҳар куни шаҳар ҳокимлиги ва туман газ таъминоти идорасига боришди. Байрам кунлари тўполон чиқишидан қўрққан мутасаддилар газ таъминотини яхшилашга қарор қилишган.

Янги йил арафасида бир ҳафта давомида ҳар куни шаҳар ҳокимлиги ва газ идорасига борган ғазалкентликлар талаби “Ўзбекнефтгаз" Миллий холдинг компаниясига етказилгач, шаҳарда газ таъминоти яхшиланди.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган ғазалкентликка кўра, йигирма кун давомида газсиз ўтирган аҳоли газ таъминоти яхшиланишини қатъий талаб қилгачгина, уларнинг талаби инобатга олинган:

“Декабрь бошида қор ёққач, газ босими жуда пасайиб кетди. Шаҳарнинг айрим жойлари, масалан, Дилбар мавзеси томонларда газ умуман ўчиб қолди. Бошқа жойларда бир кун газ бўлса, бир кун бўлмади. Жонига теккач одамлар йиғилиб, ҳокимликка ва газ идорасига қатнай бошлади. Горгазга жалоба қилиб боришди. Ҳокимиятга жалоба қилиб боришди. Ёши катта қариялар ҳар куни қатнашди. Шундан кейин газни ёқиб беришди”, деди исмини очиқламасликни сўраган ғазалкентлик манба.

Бошқа бир ғазалкентликка кўра, ҳар куни тахминан 100 нафар шаҳарлик йиғилиб, ҳокимлик ва газ идорасига бориб, газ таъминоти яхшиланишини талаб қилган:

“Ўзи ҳам бир ҳафта қатнашди ҳар куни. Ҳокимиятга 24 декабрь куни боришганида, горгазни бошлиғини норозилик қилиб борган одамлар ёнига чақириб келишди. У бир пачка қоғоз кўтариб келибди. Шу қоғозларни кўрсатиб, “Айб бизда эмас, биз вазирликка газ йўқлигини айтиб, мурожаат қилганмиз. Одамларнинг барча шикоятларини етказганмиз”, деб сувдан қуруқ чиқишга ҳаракат қилган. Лекин одамлар "газни ёқиб берасан", деб қаттиқ туриб олишди. Газ идорага ҳам бориб, тўполон қилишди”, деди ғазалкентлик манба микрофонсиз суҳбатда.

Яна бир ғазалкентлик иддаосига кўра, газ йўқлигидан норози аҳоли ҳатто шаҳар ҳокимлиги биносини тошбўрон ҳам қилишган.

Ғазалкент шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари газ йўқлигидан норози аҳолининг ҳокимлик биносига келганини тасдиқлашди, бироқ бинонинг тошбўрон қилинганини инкор қилишди:

“Норозилик қилиб келган одамлар билан кўчага чиқиб гаплашилди. Лекин ҳокимлик биносига тош ёки кесак отиш ҳолати бўлмади. Янги йил олди ҳокимлик биноси олдига арча қўйилди. Арча атрофида назорат кучайтирилди. МХХ, милиция ва бошқа органлар кучайтирилган тартибда ишлади. Бундай пайтда ким ҳам ҳокимликка тош отишга журъат етарди”, деди ҳокимликнинг ўзини таништирмаган масъули.

Бўстонлиқ туман газ таъминоти идорасидан олинган маълумотга кўра, Ғазалкентдаги газ муаммосини “Ўзбекнефтгаз" Миллий холдинг компанияси ҳал қилган:

“Газ босими пастлигини биз ҳал қила олмаймиз. Бу тепага боғлиқ. Магистралда газ босими паст бўлса, буни биз кўтара олмаймиз. Бошлиқларимиз вазирликка аҳолининг шикоятини етказди. Улар тўполон каттайиб кетишидан қўрқиб, босимни кўтариб беришди. 29 декабрь кечқурин вазият яхшилана бошлади. 30 декабрдан шаҳарнинг барча жойида газ босими нормаллашди”, деди Бўстонлиқ туман газ таъминоти идораси мулозимларидан бири.

Норози аҳоли. Сурат 21 декабрь соат 19лардан кейин Марғилоннинг Саховат маҳалласи ҳудудида олинган.
Норози аҳоли. Сурат 21 декабрь соат 19лардан кейин Марғилоннинг Саховат маҳалласи ҳудудида олинган.

​Ғазалкентдан олинган сўнгги хабарга кўра, 4 январь куни ҳам шаҳарда газ босими нормал ҳолатда ушлаб турилибди. Бироқ қор ёқса, босим яна пасайиб кетиши хавфи сақланиб қолаяпти.

Ўзбекистонда газ ва электр тақчиллигига қарши аҳолининг норозилик чиқишлари кейинги пайтда тез-тез кузатилаяпти.

Жумладан, 22 декабрда Фарғона вилояти Марғилон шаҳри Саховат маҳалласи аҳолиси табиий газ ва электр йўқлигидан норози бўлиб, тўрт кун кўчага чиқиб, газ босими нисбатан кўтарилишига эришди.

Фарғона шаҳрининг Қиргули мавзесида яшовчилар ҳам газ йўқлигидан норозилик билдириб, кўчага чиқди.
Фарғона шаҳрининг Қиргули мавзесида яшовчилар ҳам газ йўқлигидан норозилик билдириб, кўчага чиқди.

Марғилонликларнинг норозилигидан аввал - 18 декабрь оқшомида эса Фарғона шаҳрининг Қиргули мавзесида кўп қаватли уйларда яшовчи икки юзга яқин одам газ йўқлигидан норозилик билдириб, кўчага чиққиб, Марғилон автомобиль йўлини бир соат давомида тўсиб туришди. Милиция ва ҳокимият расмийлари норозилар ёнига келиб, газ баллонлари берилишини ваъда қилганидан сўнг оломон уйларига қайтди.

Сўнгги ўн йилдан зиёд вақт давомида Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудида табиий газ ва электр тақчиллиги мунтазам кузатилмоқда.

Айрим қишлоқларда кунига 20-22 соат давомида чироқ ва газ ўчирилаяпти.

XS
SM
MD
LG