Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:32

Ўз аҳолиси учун электрни чеклаган Тошкент электр эскпортини оширмоқда


Ўзбекистон Афғонистонга электр қувватини сотиш ҳажмини 10 фоизга оширганини эълон қилган бир пайтда, ўзбекистонликларга узатилаётган электр ҳажми камайиб бораётгани кузатилмоқда. Вилоятлардан Озодликка мурожаат қилаётган ўзбекистонликларга кўра, қишлоқ жойларида электр қуввати кунига ўртача 3-4 соатдан берилмоқда холос. Айни пайтда Афғонистон ҳукумати Ўзбекистондан сотиб олаётган электр қувватини аҳолига кунига ўртача 19-20 соатдан етказиб бермоқда. “Ўзбекэнерго” давлат ширкати вакиллари Ўзбекистонда электр тақчиллиги муаммоси борлиги тан олди, лекин тақчиллик вазиятида Афғонистонга экспорт ҳажми нега оширилаётганини изоҳлашдан бош тортди.


Электр тақчиллиги билан боғлиқ вазият Ўзбекистон вилоятлари, айниқса туман ва қишлоқларида кундан-кунга ёмонлашиб бораётганини айтмоқда Озодликка мурожаат қилаётганлар.

Озодликка WhatsApp ва Telegram орқали келаётган мурожаатлардан аён бўлишича, туман ва қишлоқларда, электр қуввати аҳолига 24 соат ичида ўртача ҳисобда 3-4 соат берилмоқда холос. Айрим қишлоқларда электр қуввати бир неча кунлаб берилмаётгани айтилмоқда.

Жиззах вилоятининг Зомин туманидан 11 декабрь куни хабар йўллаган муштарий ўзи яшайдиган қишлоқда 10-15 кунлаб свет берилмаётганини ёзди.

Вилоят марказлари ва шаҳарлардаги вазиятни ҳам яхши деб бўлмайди. Масалан Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида сенятбрь ойидан бери кунига 12 соат электр берилаётганини айтади Муҳаммаджон исмли суҳбатдошимиз.

- Аниқ айтишим мумкин, кунига камида 12 соат свет бўлмайди. Ҳозир, айни дамда свет йўқ. Соат бешда ўчирди, хушига келса соат еттида ёқади, бўлмас йўқ. Тўрт йилдан бери аҳвол шу, сентябрь ойидан то апрель ойигача чўзилади,- дейди марғилонлик суҳбатдошимиз.

Свет ўчмасин десанг, вилоят ҳокимига қўшни бўл

Муҳаммаджон электр тақчиллиги шаҳар аҳлининг айрим вакиллари, хусусан асли марғилонлик бўлган вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев яшайдиган маҳаллага тааллуқли бўлмаганидан келиб чиқиб, ҳукумат истаса, бу муаммони ҳал қила оларди, дея таъкидлайди.

- Электр ҳақини ошиғи билан тўлаймиз. Шаҳарнинг қарздорлиги бор, деган ҳар хил баҳоналарни қилишади, лекин вилоят ҳокимининг уйида ва унинг ёнидаги 20-30 хонадонда свет ҳам, газ ҳам умуман ўчмайди,- дейди Муҳаммаджон.

Шу ҳафта бошроғида Ўзбекистон Афғонистонга сотаётган электр қуввати ҳажмини келаси йилдан 10 фоизга оширгани ҳам марғилонлик суҳбатдош фикрини тасдиқлаши мумкин. Ўзбекистон бир неча йилдан бери Афғонистонга электр сотади.

Кобулда муаммо йўқ

Афғонистон пойтахтида истиқомат қиладиган Озодлик мухбири Олим Кўҳканнинг атйишича, Ўзбекистондан сотиб олинадиган электр ҳисобидан Кобул шаҳри қиш пайтларида кунига 19-20 соат давомида электрдан фойдаланиш имконига эга.

- Кобулга бериладиган электр қувватининг тахминан 90 фоизи Ўзбекистондан сотиб олинадиган электр қуввати ҳисобидан таъминланади. Ёз ойиларида электр тўхтовсиз берилади. Фақат қишда вазият ўзгаради. Кунига 4 соатча свет узиб қўйилади. Масалан, кеча эрталаб соат саккизда узиб қўйилди, соат бирларга яқин ёнди. Лекин бугун свет ўчгани йўқ,- дейди Олим Кўҳкан.

Афғонистон ҳукумати АҚШ молиявий кўмагида амалга ошириладиган дастур доирасида жорий йилда Ўзбекистондан 316 мегаватт/соат электр қуввати сотиб олди. Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон ҳар бир киловатт электр учун 8 центдан ҳақ олалди. Бу эса йилига тақрибан 225 миллион АҚШ долларига тенг бўлади.

“Ўзбекэнерго” давлат ширкати келаси йилдан экспорт ҳажми 10 фоизга оширилишини эълон қилди.

Толибон давридаги шундай эди

“Ўзбекэнерго” мутасиддилари Озодликнинг ўзбекистонликларга электр бир кунига бир неча соатгина берилаётгани вазиятида экспорт ҳажмини ошириш қарори қайси омилларга кўра қабул қилингани тўғрисидаги саволига жавоб бермади.

“Ўзбекэнерго” раиси ёрдамчиси Ботир Тошпўлатов, электр тармоқлари бошқармаси раҳбари Улуғбек Ҳакимов ва ширкат матбуот хизмати раҳбари Саида Мирзабоева бу масала хусусида изоҳ бериш ваколатига эга эмасликларини таъкидлашди.

“Ўзбекэнерго” 10 декабрь куни маҳаллий ОАВлари учун ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистонда энергетика соҳаси янги чўққиларни забт этаётгани ва 2015-2019 йиллар учун мўлжалланган дастурларлар доирасида 8,9 миллиард АҚШ долларга тенг инвестицион лойиҳаларни амалга оширишини маълум қилди.

Ўзбекистон шароитида, бунча маблағ ўзбекистонликлар бошдан кечираётган электр тақчиллигини бартараф қила оладими, йўқми, айтиш қийин, лекин Кобулдаги Озодлик мухбири Олим Кўҳкан Ўзбекистондаги электр тақчиллиги муаммосини афғонистонликлар Толибон ҳукмронлиги йилларида бошдан кечиганини эслайди.

- Биз аллбатта хурсандмиз, чунки одамларга электр керак. Бундан 10-12 йил олдин, Толибон ҳукумати пайтида, энди ағдарилган йилларда ҳам Кобулда электр қуввати (Ўзбекистондаги каби-таҳр.), фақат тунда 4-5 соат берилар эди холос,- дейди мухбиримиз.

XS
SM
MD
LG