Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:44

Бўстонлиқда 1-синф ўқувчилари “Ёш куч” журналига обуна қилдирилди


Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги 30-умумтаълим мактабининг “Алифбе” ўқиётган биринчи синф ўқувчилари “Ёш куч” журналига мажбуран обуна қилдирилди. Бу ҳақда шикоят қилган ота-оналарга кўра, бундан ташқари кузатув камералари ўрнатиш учун ҳар бир ўқувчидан етти минг сўмдан пул йиғилган. Бироқ расмийлар бу иддаоларни инкор қилмоқда.

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги 30-умумтаълим мактабида фарзандлари таҳсил олаётган ота-оналарнинг Озодликка ёзишича, мактабнинг барча ўқувчилари газета ва журналларга мажбуран обуна қилдирилмоқда:

“Бу хатни 30-мактабдаги ўқувчиларнинг ота-оналари ёзяпти. Бизнинг болаларимиздан обуна учун 2700 сўмдан пул йиғиб олишди. Энг таажжубли жойи шундаки, биринчи синф ўқувчилари балоғат ёшидан катта бўлган ёшларга мўлжалланган “Ёш куч” журналига обуна қилинди. Ахир улар энди ҳарф таниди, энди "Алифбе"ни тугатяпти, қандай қилиб журнал ўқишсин?”, деб ёзади ота-оналар.

Озодлик икки фарзанди ана шу мактабда ўқиётган оталардан бири билан боғланди. У биринчи синф ўқувчилари “Ёш куч” журналига обуна бўлганини тасдиқлар экан, бундан ташқари мактабга ўрнатиладиган кузатув камералари учун ҳам пул йиғилганини айтди:

- Менинг иккита болам шу мактабда ўқийди. Уларнинг ҳар бирига 2700 сўмдан обуна учун бердим. Бундан ташқари кузатув камералари ўрнатишни ҳам ота-оналарнинг бўйнига юклашибди. Бунга ҳам икки болам учун 14 минг сўм бердим”, деди оталардан бири.

30-умумтаълим мактабининг директори Зиёхўжа Исомов Озодлик билан суҳбатда ўқитувчи ва ўқувчиларнинг газета ва журналларга обуна қилинаётганини тасдиқлади, бироқ биринчи синф ўқувчиларининг “Ёш куч” журналига обуна қилинганини инкор қилди:

- Ҳозирги кунда бир талай журналга обуна бўляпмиз. Ҳар бир фан ўқитувчиси ўзининг мутахассислигига тегишли бўлган газета-журналга обуна бўлган. Ўқувчилар ҳам ўзининг ёшига мос бўлган нашрларга обуна бўлган. Обуна мажбурий эмас, ихтиёрий бўляпти”, деди Зиёхўжа Исомов.

Бўстонлиқ тумани халқ таълими бўлими мудири Норпўлат Қурбонов Озодлик билан суҳбатда кузатув камералари учун ота-оналардан пул йиғилаётганини қисман тасдиқлади:

- Кузатув камералари кўп мактаблардаги ота-оналар васийлик кенгашлари билан маслаҳат қилган ҳолда ўрнатилади. Агар имкон топса ота-оналар ёрдам беряпти, имкони бўлмаса мактабларнинг ўзлари бюджетдан ташқари фондлари ҳисобидан қўйдириляпти. Бунинг учун мактаб ўқувчисидан пул йиғиб олиш мутлақо мумкин эмас. Ҳаттоки ота-оналардан ёппасига пул йиғилмасин деган топшириқ ҳам берилган. Агар биринчи синф ўқувчилари “Ёш куч” журналига обуна қилинган бўлса, бу нотўғри иш бўлибди. Буни суриштирамиз”, деди Норпўлат Қурбонов.

Ўзбекистонда ҳар йили обуна кампанияси мавсумида корхона ва ташкилотлар ишчи-хизматчилари ва пенсионерлар, олий ва ўрта махсус ўқув юртларини, мактабларни ҳукумат, парламент ва сиёсий партиялар газеталарига мажбурий обуна қилиш ҳолати кузатилади.

XS
SM
MD
LG