Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:43

Ўзбекистонлик талабалар ҳукумат нашрларига обуна бўлишга мажбурланмоқда


Эндигина мажбурий пахта теримидан қайтган ўзбекистонлик талабалар ва коллеж ўқувчилари ҳукумат нашрларига обуна бўлишга мажбурланмоқда. Талабалар ўқишдан ҳайдалиш таҳдиди билан стипендияларидан обуна учун пул ушлаб қолинаётганини айтишмоқда.

Озодлик билан суҳбатда бўлган ўзбек талабалари уларнинг розилигисиз стипендияларидан ҳукумат нашрларига обуна учун 120 минг сўмдан ушлаб қолинаётганини айтишди.

- Ҳозир 120 мингга обуна бўласан, бўлмаса диплом олмайсан, деб қўрқитишяпти. Шароитимиз оғир бўлса, нима қилайлик. Отам пенсионер, онам ҳам ишламайди, - дейди Жиззах транспорт, алоқа касб-ҳунар коллежининг исми очиқланмаслиги шарти билан Озодликка гапирган 3-босқич ўқувчиси.

Урганч Давлат университети талабаларидан бири эса обуна бўлишга қаршилик қилган талабалар ўқишдан ҳайдалишлари ҳақида огоҳлантирилган.

- Шу газеталарни ўқиб боришимиз керак экан. Ҳар бир талаба газетага обуна бўлиши шарт, бу ҳам ўқув жараёнини бир қисми, дейишяпти.Обуна бўлмаганлар “отчисления”га тушар экан. Мен учун обуна пули катта пул эмас. Лекин, қишлоқлардан келиб ўқиётганлар бор, улар учун обуна пули катта пул, - дейди урганчлик талаба.

Озодлик мухбири масалага ойдинлик киритиш мақсадида Урганч давлат университетига қўнғироқ қилди.

Телефон гўшагини кўтарган университет ректорати ходими талабаларга ҳукумат нашрларига обуна бўлишлари айтилганини тасдиқлади, лекин бунинг учун уларнинг стипендияларидан пул ушлаб қолинаётганига оид гапларни мутлақо рад этди:

- Обуна ҳар йили бўлади, бизга бу тепадан айтилган. Талабалар обуна бўлишлари керак, лекин уларни стипендияларидан пул ушлаб қолиниши бўлмаган гап, - деди университет ходими.

Ўзбекистонда ҳар йили обуна кампанияси мавсумида корхона ва ташкилотлар ишчи-хизматчилари ва пенсионерлар, олий ва ўрта махсус ўқув юртларини ҳукумат, парламент ва сиёсий партиялар газеталарига мажбурий обуна қилиш ҳолати кузатилади.

XS
SM
MD
LG