Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:13

Сурияда ўзини портлатган Жаъфарни Қирғизистондаги тоғаси таниб қолди


28 сентябрь куни тармоқда тарқатилган видеода акс этган Жаъфар ал-Таййар-Бобур Исроилов
28 сентябрь куни тармоқда тарқатилган видеода акс этган Жаъфар ал-Таййар-Бобур Исроилов

"Имом Бухорий" катибаси "Моварауннаҳрнинг биринчи фидойиси" дея мақтаган худкуш Жаъфар ал-Таййарни тоғаси таниб қолди. Қирғизистоннинг Сузоқ туманида яшаётган Ҳамидулло Ботиров мобил телефонда тарқалган видеодаги жиянини таниб, хавфсизлик хизматига мурожаат қилди. Натижада, тоғаси қўлида улғайган Жаъфар аслида 21 яшар Бобур Исроилов экани аниқланди.

Тоғаси қўлида ўсган Бобур

"Имом Бухорий" катибасининг Идлиб вилоятидаги жанглари акс этган видео эълон қилинган ва унда 17-20 ёшлар атрофида экани тахмин этилган ўзбекнинг худкушлик амалиётига кетиш олдидан олинган кадрлар ўтган ойда пайдо бўлган эди.

18 сентябрь куни тармоқда тарқатилган видеода акс этган Жаъфар ал-Таййар-Бобур Исроилов
18 сентябрь куни тармоқда тарқатилган видеода акс этган Жаъфар ал-Таййар-Бобур Исроилов

18 сентябрь куни Интернетда тарқатилган видеода Жаъфар ал-Таййар, деб тақдим қилинган йигит "Моварауннаҳрнинг биринчи фидойиси" деб мақталган ва унинг бомба тўлдирилган БТРда ўзини портлатгани айтилган эди.

Орадан бир ҳафта ўтиб, жангари гуруҳ Odnoklassniki ва Youtube тармоқларида тарқатган видео Қирғизистон жанубига етиб борди ва мобил телефонларда қўлма-қўл бўлиб кетди. Натижада, Жаъфарни тоғаси Ҳамидулло Ботиров видеода кўриб, таниб қолди.

Сурияда ўзини портлатган Жаъфарни Қирғизистондаги тоғаси таниб қолди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:05 0:00
Бевосита линк

Маълум бўлишича, Жаъфар ал-Таййар асли Қирғизистоннинг Сузоқ туманида 1994 йилда туғилган Бобур Исроиловдир. Ботировнинг айтишича, жияни 1 ярим ёшида ота-онасидан етим қолган ва унинг қўлида катта бўлган. Тумандаги умумий ўрта таълим мактабини тамомлагач, Россияга ишлагани кетган. Тоғаси Россияга кетишидан олдин жияни Бобур исмини Абдуллоҳ, деб ўзгартирганини ҳам айтди.

Россия кетган Бобур 1 йилдан буён бедарак

Озодликнинг қирғиз хизмати мухбирига берган интервьюсида Ҳамидулло жиянини бир йилдан бери қидириб келганини гапириб берди:

- Россияга бориб, ишлаб келаман, кейин уйланаман, деб кетган эди. Борма, десам ҳам қулоқ солмай кетган. 2013 йилнинг ноябрида кетган. Ёмон йўлларга кириб кетмасин, деб юбормай юрган эдим. 2014 йилнинг мартигача бир-икки марта боғландик, иш ҳақисини жўнатди. Март ойидан кейин жим бўлиб кетди. Мен ишлари юришмай қолдимикин ё бировларнинг қўлига тушиб қолдимикин, деб юргандим. Шу бўйича кейин кўчадаги ёш болаларнинг қўлида видеосини кўриб, таниб қолдим, - дейди Ҳамидулло Ботиров.

Унинг айтишича, Бобурнинг ота-онаси у чақалоқлигида ажрашган. Кўп ўтмай онаси вафот этган, отаси эса бошқа аёлга уйланган:

- Опам болани отасига кўрсатмасди. Опам ўтиб кетгандан кейин отаси уйланди. Опам менга омонат қилиб қолдирган эди бу болани. Ёшлигидан ўзимнинг фарзандим қатори катта қилдим, авайлаб боққанман. Тарафини олардим, лекин барибир жиян экан, сўксам ҳафа бўларди. Қаттиқ ушлардим. Охири жуда қаттиқ ушлавордим шекилли, деб бир марта ўша ерга (Россияга - таҳр.) бориб ишлаб келишига рухсат бердим. Бунақа бўлиб кетишини хаёлимга ҳам келтирмаган эдим. Жуда афсусдаман, ўкинаман,- дейди Ҳамидулло Ботиров.

Ёш болаларни ўлимга йўллаган мужоҳидлар

Толибларга байъат берган "Имом Бухорий" катибаси 18 сентябрь куни эълон қилган видеода бир неча худкуш ҳужуми содир этилгани ва бу ҳужумлардан биринчисини "Моварауннаҳрнинг биринчи фидойиси Жаъфар ал-Таййар"содир этгани айтилган.

Кадрда Жаъфар-Бобур бомба тўлдирилган БТРга минишдан олдин бошқа жангарилар билан хайрлашаётган ҳолда, кейинги кадрда эса БТР ичида ўтирган ҳолда кўрсатилган. Қўрқувга тушгани кўриниб турган ёшгина йигитга атрофидаги тажрибали ва афтидан, катта ёшли жангарилар далда бергани акс этган:

"Жаъфар укам, қўрқмагин! Аллоҳ айтадики: "Қачон қўрқсангиз, мени эсланг!" деб. Чунки шайтон сени қўрқитишга уринади. Қўрқма укам! Қалбингда мустаҳкам иймон билан кет! Сен ҳақ устидасан, иншааллоҳ, Аллоҳ сенинг орқангда!", дейди ўлимга тик кетаётган жангарига далда бераётган ва айни пайтда, даҳшатли манзарани видеога муҳрлаётган яна бир ўзбек жангариси.

18 сентябрь куни тармоқда тарқатилган видеода акс этган Жаъфар ал-Таййар-Бобур Исроилов
18 сентябрь куни тармоқда тарқатилган видеода акс этган Жаъфар ал-Таййар-Бобур Исроилов

Бу кадрларни кўрган тоғаси Бобурни худкушликка мажбурлашган бўлиши мумкин, деб тахмин қилишини айтади:

- Йиғлаб кетяпти, балки мажбурлашгандир уни?! Ўзлари қолиб, ёш болаларни жўнатишяпти. Нима дейман, бўлар иш бўлди. Бундан буёғига ота-оналарга айтар сўзим, болаларни яхши қаранглар, контрол қилинглар. У ерда энди мусулмон билан мусулмон урушяпти, ҳеч қанақа жиҳод йўқ,- дейди Ботиров.

Жаъфарни қўрқди деганларга раддия

Жаъфар-Бобур худкушлиги ҳақидаги хабар Озодлик ва бошқа халқаро ахборот воситаларида берилгач, турли муносабатлар билдирила бошлади.

Кўзда ёш билан бомба тўлдирилган БТРга ўтираётган 21 яшар мужоҳиднинг қўрққани акс этган кадрларга билдирилган муносабатлар турлича бўлмоқда. Баъзи муштарийлар буни ўлимдан қўрқув деб баҳоламоқда, баъзилари Оллоҳдан қўрқув демоқдалар.

"Имом Бухорий" катибаси мужоҳидлари эса Жаъфарнинг қўрқмагани, аксинча ўз ихтиёри билан худкушлик ҳужумини амалга оширганини иддао қилиб, яна бир видео тарқатди.

28 сентябрь куни тармоқда тарқатилган видеода акс этган Жаъфар ал-Таййар-Бобур Исроилов
28 сентябрь куни тармоқда тарқатилган видеода акс этган Жаъфар ал-Таййар-Бобур Исроилов

28 сентябрь куни ижтимоий тармоқларга жойланган видеода Жаъфар амалиёт олдидан бошқа мужоҳидлар билан суҳбатлашаётгани, амалиётга ҳозирлик кўраётгани акс этган.

Навбатдаги видеода Жаъфарга баҳо берган "Имом Бухорий" катибаси амири шайх Салоҳиддининг овози ҳам илова қилинган: "Модомики, умматда мана шундай рижоллар (мардлар - таҳр) бор экан, иншаоллоҳ Оллоҳ таолло уларни кофирларга ем қилмайди".

Дарвоқе, "Имом Бухорий" катибасининг лидери саналган амир Салоҳиддин жамоатга кўриниш бермай келаётган кекса ўзбек жангариларидан биридир. 21 яшар ўзбекни худкушлик ҳужумига йўллаган етакчи аввалгилари каби, сўнгги видеода ҳам юзини яширди.

Сурияда худкушлик амалиётлари

Бунга қадар ўзбек жангариларининг худкушлик амалиёти содир этгани ҳақида хабар тарқатилмаган эди.

Суриянинг Идлиб вилоятидаги, асосан, шиалар яшайдиган Фуа шаҳарчаси учун жангларда эса "Жайш ал-Фатҳ" номи остида Сурия армиясига қарши коалиция тузган "Жабҳатан Нусра", "Аҳрор уш-Шом" ва "Имом Бухорий" катибалари худкушлик амалиётларини уюштираётгани кузатилди.

Муҳими, биринчи қаторлардаги жанглар ва худкушлик амалиётларида хорижлик жангарилар қўлланилаётгани кўринмоқда. Жаъфар эса йирик планда тақдим қилинган илк ўзбек худкушидир.

Сурияда бирлашаётган жангари гуруҳлар ичида ҳозирча иккита ўзбек гуруҳи бор. Булардан бири "Имом Бухорий" катибаси бўлса, яна бири "Тавҳид вал-Жиҳод" гуруҳидир.

Бу гуруҳ ҳам 19 сентябрь куни ўзбек жангариларининг Фуага ҳужумлари акс этган видеони эълон қилди. Унда ҳам жангарилар худкушлик амалиётларини уюштиргани айтилди.

"Имом Бухорий" катибаси ва "Тавҳид вал-Жиҳод" гуруҳлари эълон қилган видеолар мазмунидан Фуа шаҳарчаси учун жангларда камида 5та худкушлик амалиёти содир этилган. Амалиётга борганларнинг ҳаммаси ўзбекми ёки бошқа миллат вакилларими - бу ҳақда аниқ маълумот берилмаган.

XS
SM
MD
LG