Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:36

Суриядаги ўзбек худкушнинг сўнг онлари акс этган видео эълон қилинди


"Имом Бухорий" катибасининг худкушлик ҳужуми олдидан юм-юм йиғлаётган жангариси - Жаъфар ал-Таййар
"Имом Бухорий" катибасининг худкушлик ҳужуми олдидан юм-юм йиғлаётган жангариси - Жаъфар ал-Таййар

"Имом Бухорий" катибасининг Идлиб вилоятида қилган жанглари акс этган видео эълон қилинди. Унда, тахминан, 17-20 ёшлар атрофидаги ўзбекнинг худкушлик амалиётига кетиш олдидан қўрқувдан йиғлагани кўринган кадрлар бор. Жаъфар ал-Таййар, деб тақдим қилинган йигитнинг бомба тўлдирилган БТРда ўзини портлатгани айтилди.

"Моварауннаҳрнинг биринчи фидойиси"

Суриянинг Идлиб вилоятидаги Фуа шаҳарчасида аҳолининг каттагина қисмини шиалар ташкил қилади.

Толибларга байъат берган "Имом Бухорий" катибаси 18 сентябрь куни бу шаҳарчага қилган ҳужумлари акс этган видеони эълон қилди.

Видеода бир неча худкуш ҳужуми содир этилгани ва бу ҳужумлардан биринчисини "Моварауннаҳрнинг биринчи фидойиси Жаъфар ал-Таййар" содир этгани айтилди.

Кадрда бомба тўлдирилган БТРга минишдан олдин бошқа жангарилар билан хайрлашгани кўрсатилган, тахминан, 17-20 ёшлар атрофидаги Жаъфарнинг қўрқаётгани аниқ сезилиб туради. (Озодликда бу йигитнинг шахсига оид бирор маълумот йўқ.)

Кейинги кадрда Жаъфар БТР ичида ўтирган ҳолда кўрсатилади ва қўрқувга тушган ёшгина йигитга атрофидаги тажрибали ва афтидан, катта ёшли жангарилар далда беради.

"Жаъфар укам, қўрқмагин! Аллоҳ айтадики: "Қачон қўрқсангиз, мени эсланг!" деб. Чунки шайтон сени қўрқитишга уринади. Қўрқма укам! Қалбингда мустаҳкам иймон билан кет! Сен ҳақ устидасан, иншааллоҳ, Аллоҳ сенинг орқангда!", дейди ўлимга тик кетаётган жангарига далда бераётган ва айни пайтда, даҳшатли манзарани видеога муҳрлаётган яна бир ўзбек жангариси.

Жаъфар эса йиғи аралаш: "Мен шайтондан қўрқмайман, ниятим ҳосил бўлмай қолишидан қўрқаман!" дея жавоб беради.

Видеонинг кейинги дақиқаларида эса Жаъфар бошқараётган БТРнинг душман тараф ўрнашган бино олдига бориб, портлагани ва Жаъфарнинг шаҳид кетгани айтилади.

"Имом Бухорий" катибаси сўнгги ҳафталар ичида Фуа шаҳарчаси учун жангларда иштирок этмоқда. Катиба томонидан 7 сентябрь куни эълон қилинган видеода ҳам ўзбек жангариларининг ўнлаб шиани ўлдиргани иддао қилинган ва улар жасадларини таҳқирлаётгани акс этган.

Худкушлик амалиётлари

Бунга қадар ўзбек жангариларининг худкушлик амалиёти содир этгани ҳақида хабар тарқатилмаган эди.

Фуа шаҳарчаси учун жангларда эса "Жайш ал-Фатҳ" номи остида Сурия армиясига қарши коалиция тузган "Жабҳатан Нусра", "Аҳрор уш-Шом" ва "Имом Бухорий" катибалари худкушлик амалиётларини уюштираётгани кузатилмоқда.

Муҳими, биринчи қаторлардаги жанглар ва худкушлик амалиётларида хорижлик жангарилар қўлланилаётгани кўринмоқда. Жаъфар эса йирик планда тақдим қилинган илк ўзбек худкуш жангарисидир.

Бундан ташқари, "Ал-Қойда"га алоқадор кўриладиган Туркистон Исломий ҳаракати ҳам Фуа шаҳарчаси учун жангларда иштирок этаётгани ҳақида маълумотлар бор.

Шу тариқа, Сурияда бирлашаётган жангари гуруҳлар ичида ҳозирча иккита ўзбек гуруҳи бор. Булардан бири "Имом Бухорий" катибаси бўлса, яна бири "Тавҳид вал-Жиҳод" гуруҳидир.

Бу гуруҳ ҳам 19 сентябрь куни ўзбек жангариларининг Фуага ҳужумлари акс этган видеони эълон қилди. Унда ҳам ўзбек жангарилари худкушлик амалиётларини уюштиргани айтилди.

Худкушлардан бирининг амалиётдан омон қайтгани айтилди. Омон қайтган жангари юзи яширилган ҳолда кўрсатилди. Карахт аҳволга тушган жангари ерга чўккан ҳолда, қолганлар эса уни ўраб олиб, омон қолганини қутлаган ҳолда намойиш этилди.

Видео сўнгида хитоб қилган ўзбек жангариси: "Иншааллоҳ, Дамашқни оламиз, кейин эса Фаластинга юриш қиламиз!" деб хитоб қилади.

"Имом Бухорий" катибаси ва "Тавҳид вал-Жиҳод" гуруҳлари эълон қилган видеолар мазмунидан Фуа шаҳарчаси учун жангларда камида 5 та худкушлик амалиёти содир этилгани ва улардан биридан жангарининг омон қайтгани кўринади. Амалиётга борганларнинг ҳаммаси ўзбекми ёки бошқа миллат вакилларими - бу ҳақда аниқ маълумот берилмаган.

"Жайш ал-Фатҳ" жангари гуруҳлар коалицияси шу йил аввалидан буён Суриянинг Идлиб вилоятидаги каттагина ҳудудни эгаллаб олган эди.

Бу ерда, аҳолининг асосий қисмини шиалар ташкил этадиган Фуа ва Кафрия шаҳарлари Ассад қўшинлари қўлида қолаётган сўнгги йирик аҳоли пунктларидир.

Ҳар икки шаҳар сўнгги бир ой ичида жангарилар томонидан қамалга олинган эди. Бу шаҳарларга ҳужумлар эса ҳукумат қўшинларининг Ливия билан чегараолди ҳудудида жойлашган Забаданий шаҳрини бомбардимон қилганидан сўнг бошланган.

20 сентябрь куни Эрон ва "Жайш ал-Фатҳ" жангари гуруҳлар коалицияси ўртасида ўт очишни тўхтатиш ҳақида келишувга эришилгани ва икки шаҳар қамалдан чиқарилгани хабар қилинди.

XS
SM
MD
LG