Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:27

Пайариқда ёш қизни зўрлаганликда гумон қилинаётган чол сазойи қилинди


Самарқандда ёш қизни зўрлаганликда гумон қилинаётган 63 ёшли фермер ҳамқишлоқлари тарафидан сазойи қилинди. Зўрланган қизнинг қариндошлари ва қишлоқ аҳли вакиллари чолнинг уйига бостириб борган, уни ўртага олиб калтаклаган, “уруғинг билан йўқол”, деган гаплар билан уни қишлоқдан қувиб солган.

Ўтган ой Самарқанднинг Пайариқ тумани, Бурхут фуқаролар йиғини Аювча қишлоғида 17 ёшли қиз 63 ёшли ҳамқишлоғи тарафидан жинсий зўрланиши ортидан ўзини ўзи осиб қўйгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Шу воқеадан сўнг ёш қизни зўрлагани даъво қилинаётган чол ва унинг қариндошлари қишлоқдошларининг қаҳрига учраб, уларнинг қаттиқ босими остида қолган.

Ғазабга тўлган аювчаликлар уларнинг уйига бир неча марта бостириб борган, чолни калтаклаб, қишлоқдан бадарға бўлишларини талаб қилган.

– Бутун қишлоқ оёққа турди. Унга уруғи билан қишлоқдан даф бўлиш талаби қўйилган. Кетмаса уни куч билан бадарға қилишга тайёр бўлиб туришибди, - деди исми сир қолишини истаган аювчалик аёл.

Ҳуқуқ-тартибот органларидаги Озодлик манбалари зўрланган қизнинг қариндошлари ва Аювча қишлоғида яшовчи бир гуруҳ одам уч кун аввал жанжал кўтариб чолнинг уйига бостириб боргани, уни ўртага қўйиб сазойи қилгани, “уруғинг билан қишлоқдан йўқол” деган гаплар айтиб, уни калтаклаганини тасдиқлади.

Озодликка маълум бўлишича, ҳозир чол ҳамқишлоқлари тарафидан калтакланиши оқибатида жароҳатланиб, касалхонага ётқизилган.

Унинг ўғли эса уйини сотиб, бошқа ерга кўчиб кетиш тараддудига тушган.

Лекин, Аювча қишлоғида ёш қизни зўрлаганликда гумон қилинаётган 63 ёшли фермернинг ҳамқишлоқлари тарафидан сазойи қилиниб, калтакланиши бўйича жиноят иши қўзғатилмаган.

Ёш қизнинг зўрланиши ва кейинчалик ўзини осиб ўлдиргани воқеаси бўйича ҳам милиция иш очмаган.

Озодлик айбсизлик презумпцияси нуқтаи назаридан 63 ёшли фермер исмини ҳам, ўзини осган қиз исмини ҳам ошкор қилмаяпти.

Қонунсиз жамият

Ўзбекистонда “гуноҳкорларни” аҳоли ўзича жазолашга уриниши биринчи марта кузатилаётгани йўқ.

Ўғирлик қилганида қўлга туширилиб калтакланаëтган¸ “фоҳиша” ëки “гей” деган тавқи лаънатга учраб кўчада яланғоч сазойи қилинаëтган ўзбеклар акс этган видеолер ижитимоий тармоқларда кўп бора тарқалган.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаевнинг айтишича, бундай холатлар Ўзбекистонда адлия тизимининг заиф эканидан далолатдир.

-“Самосуд” қилишлар, аҳоли гуноҳкор деб билган одамни ўртага олиб сазойи қилиши Ўзбекистонда, айниқса қишлоқларда жуда кўп тарқалган. Аслида бу иш билан ички ишлар, суд тизимлари шуғулланиши керак. Айбсизлик презумпцияси, деган гап бор. Лекин, бизда одамлар терговни кутиб ўтирмасдан, ўзлари хулоса чиқариб, гуноҳкорларни ўзларича жазолашга уринади. Балки у гуноҳкор эмасдир, бу ҳақда ўйлашмайди. Бунинг ҳаммаси - бизда қонунларнинг ишламаётгани, адлия тизимлари заифлиги белгиси, - дейди Пардаев.

Озодликка маълум бўлишича, Пайариқда ўзини осган қиз ўлимидан олдин ўз ҳамқишлоғи номусига тажоввуз қилгани ҳақида милицияга ҳам шикоят қилган.

Лекин, ҳуқуқ-тартибот органлари, қизнинг иддаоларини жиддий қабул қилмасдан, унинг аризасини қабул қилмаган.

Зўрлангани бутун қишлоққа овоза бўлганидан сўнг қиз иснодга чидай олмаган ва молхонаси айвонининг тўсинига ўзини осган.

Пайариқ тумани Ички ишлар бўлимидагилар марҳума 7 июль куни ҳамқишлоғи зўрлагани ҳақида шикоят аризаси билан мурожаат этганини тасдиқлади.

-Терговчи уни аризасини отказ қилди, чунки экспертиза унинг зўрланганини тасдиқламади, - деди Озодлик манбаси.

XS
SM
MD
LG