Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:42

Талабалар стипендияни 100 фоиз пластикка ўтказишга мажбурланмоқда


Ўзбекистонда тўлов картасидан нақд пул чиқариш учун 10-20 фоиз устама тўлаш керак
Ўзбекистонда тўлов картасидан нақд пул чиқариш учун 10-20 фоиз устама тўлаш керак

Ўзбекистон Олий ўқув юртлари талабалари стипендияларини 100 фоиз пластик тўлов карталарига ўтказишга мажбур бўлмоқда. Айрим олийгоҳларда талабалар бу ҳақда ариза ёзишга мажбурланаётган бўлса, стипендиялари тўлалигича тўлов картасига туширилиб берилишини сўраб, ариза ёзаётган талабалар ҳам борлиги айтилмоқда.Талабаларнинг айтишларича, бунга стипендияларнинг нақд пулда бериладиган қисми бир неча ойлаб кечикаётгани сабаб бўлмоқда. Ўзбекистонда барча тўловларни пластик карточкаларга ўтказиш жараёни мамлакатда нақд пул тақчиллиги юзага келиши ортидан бошланди.


Ўзбекистон олий ўқув юртлари талабаларига стипендияларини пластик тўлов карточкаларига ўтказиш тавсия этилмоқда. Бу ҳолда талабаларга стипендиялари вақтида берилиши ваъда қилинмоқда.

Лекин пойтахтдаги айрим олийгоҳларда стипендияларни тўлалигича пластик картага ўтказиш тўғрисида ариза ёзиш талаб қилинаётгани айтилмоқда. Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабаси Озодликка Telegram орқали юборган хабарда бунга рози бўлмаган талабалар умуман стипендия берилмаслиги ёки имтиҳонлардан ўтказилмаслик билан қўрқитилмоқда.

Унинг ёзишича, шу пайтгача талабалар стипендиясиининг камида 50 фоизи тўлов карталарига мажбурий тарзда ўтказиб келинган.

Талаба ўз хабарига ТДИУ бош ҳисобчиси номига битилган ариза нусхасини ҳам илова қилган
Талаба ўз хабарига ТДИУ бош ҳисобчиси номига битилган ариза нусхасини ҳам илова қилган

“Стипендиямизни 100 фоиз пластикка ўтказишга мажбурлашяпти. 50/50 қулай эди десам, “аризани ёз, ёки умумман берилмайди”, деяпти. Қачон тугайди бу бедодлик. Нақд пул муаммо бўлаётгани учун қилишяпти шекилли. Ҳозир талабалар малакавий амалиёт ҳисоботини топширяпти, агар стипендияни 100 фоиз пластикка ўтказиш аризасини ёзмасак, ҳисобот қабул қилинмаслигини айтишяпти. Ҳамма пул пластикка тушадиган бўлса, талабага қийин бўлади”, деб ёзди иқтисодиёт университети талабаси.

Талаба ўз хабарига ТДИУ бош ҳисобчиси номига битилган ариза нусхасини ҳам илова қилган.

Лекин Озодлик билан гаплашган ўзбекистонлик талабалар орасида, стипендиялари тўлалигича пластик картага ўтказилишини сўраб ўз хоҳишига кўра ариза ёзганлар ҳам бор. Тошкент аграр университетининг шахси сир қолишини сўраган талабаси стипендиясининг 100 фоизи пластикка ўтказилганига икки йил бўлганини билдирди. Унинг айтишича, пластикка ўтказилган стипендия вақтида берилиши кўпчиликни шундай йўл тутишга мажбур қилган.

“Лекин бунинг ноқулай томонлари бор. Нақд пул керак бўлиб қолганда, уни нақдга айлантириш харажати бўлишини ўзингиз яхши биласиз. Шунинг учун, иложи борича, пластикдаги пулни кундалик харажатларга ишлатиб юборишга ҳаракат қиламиз”, дейди талаба.

Ўзбекистон вилоятларидан биридаги университет бош ҳисобчисининг Озодликка айтишича, ҳозирда талабаларнинг ўзлари стипендиялар тўалалигича пластик тўлов картасига ўтказилишини сўраб мурожаат қилишмоқда. Шахси сир қолиши шарти билан гапирган бош бухгалтер, бундан аввал талабалар стипендиясининг камида 50 фоизи пластик карточкага мажбуран ўтказилгани, лекин кейинги пайтларда нақд пул тақчиллиги боис стипендия ва маошлар бир неча ойлаб кечикаётгани нафақат талабалар, балки ўқитувчиларни ҳам ойликларини 100 фоиз пластикка ўтказишга мажбур қилмоқда, дейди.

“Ўзи шу пайтгача камида 50/50 олиб келишаётган эди. 70-80 фоиз олаётганлар ҳам бор. Лекин ҳозир кўпчилиги 100 фоиз ўтказишяпти. Ҳозир энди, ҳокимият тарафидан айтиляпти-ку пул йўқ, ҳаммасини пластикка ўтказинглар, деб. Чунки нақд пул муаммоси сабабли болалар икки ой-уч ой кутиб қолишяпти. Ўзлари келишиб, 100 фоиз пластикка ўтказиб беринг, деб ариза ёзишяпти. Ҳозир ўқитувчилар ойлигини ҳам 100 фоиз пластикка ўтказяпмиз. Шунда ҳам ойликлар кечикяпти. Мана июнь ойлигини икки кун аввал олдик. Пластикка ўтказсак, вақтида беради, деб вада қилишяпти”, дейди университет бош ҳисобчиси.

Ўзбекистонлик талабалар мамлакатда тўловларни тўла пластикка ўтказиш жараёнининг навбатдаги нишони бўлди. Ўзбекистон бўйлаб нафақахўрлар пенсияларини тўлалалигича пластик тўлов карталарига ўтказиш жараёни бошлангани ҳақида Озодлик ўтган ойда хабар қилган эди.

Айни пайтда, Ўзбекистон банклари тарафидан бериладиган тўлов карталари бошқа мамлакатлардаги каби ишламаслиги фуқаролар учун қийинчиликларни келтириб чиқаради. Масалан, Ўзбекистонда пластик картага боғланган банк ҳисоб рақамидан нақд пул чиқариб олишнинг имкони йўқ. Картадаги пулни нақдлаштириш учун 10-20 фоиз устама тўлшга мажбур бўлади. Ёки дўконларда пластик карта билан савдо қилингада молнинг нархи одатда 10-20 фоизга қимматроқ бўлади.

Шу йил бошроғида Ўзбекистон Марказий банки Бош вазирга юборган ҳисоботида мамлакат иқтисодида нақд пул тақчиллиги юзага келгани ижтимоий-иқтисодий вазиятни янада қийинлаштиришидан огоҳлантирган эди. Озодликка сиздирилган ҳисоботда мамлакат банкларида ойлик ва бошқа ижтимоий тўловларни вақтида бериш учун нақд пул қолмагани ва тезкор чора-тадбирлар кўрилмаса, бу жиддий оқибатларга олиб келиши таъкидланган эди.

Марказий банк нақд пул муаммоси юзага келганини рад этиб келаётганига қарамасдан, бу хабар пайдо бўлишидан кўп ўтмай бутун мамлакат бўйлаб маош, пенсия, стипендия ва бошқа тўловларни тўлалигича пластик карталарга ўтказиш жараёни бошланди.

Ўзбекистонда талабалар стипендиялари 220 мингдан 300 минг сўмгачани ташкил этади. Мамлакат олийгоҳларида аълочи стипендиялари тўланмаслиги учун олий таълим вазирлиги аълочилар сонини қисқартириш тўғрисида норасмий кўрсатма бергани тўғрисида Озодлик ўтган йили хабар қилган эди.

XS
SM
MD
LG