Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:44

Ҳажга бориш тартиб-қоидалари қандай?


OzodJavobнинг навбатдаги сонида Ҳаж зиёратига бориш тартиб-қоидаларини ўрганамиз.

Ҳажга кимлар боради?

Самарқандлик 24 яшар Ҳакимжон йўллаган ушбу саволни Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси раисининг ўринбосари шайх Абдулазиз Мансурга бердик.

- "Ҳажга кимлар бориши керак? Кимларнинг зиммасига вожиб, фарз?", деган саволга Қуръони Каримда Оллоҳ таоло шундай оят нозил қилган: Астаизубиллаҳ “Ва лиллаҳи алан-наси ҳажжул-байти ман истатоъа илайҳи сабила” деган оят бор. Яъни Оллоҳ таоло учун инсонларнинг ҳар бирига, йўлга қодир бўлган кишиларга, бориб келгунча имконият топган кишиларнинг зиммасига умрида бир марта Байтуллоҳни ҳаж қилиш фарз, деган оят борда. Мана шу ердаги “ман истатоъа илайҳи сабила” кимки йўлга қодир бўлса, бориб келишга имконият топса, деган оятни мана бутун уламоларимиз ҳозиргача шарҳлаб келадиларки, йўлга қодир бўлди дегани фақат харажатига пул топди дегани эмас. Йўлга қодир бўлиши учун соғлом бўлиш керак, балоғат ëшига тўлган бўлиш керак, яъни мукаллаф дейилади шариатда, балоғат ëшига етган бўлиши керак. Аëл киши бўлса, 12 ëш, ўғил бола 15 ëшдан балоғатга етган бўлади, - деди Абдулазиз Мансур.

Лекин Ўзбекистонда Ҳажга бориш учун фақат 35 ёшдан катта бўлган (айрим вилоятлар, жумладан, Хоразм ва Тошкент шаҳрида 40 ёшдан катта) шахсларгина ариза бериш ҳуқуқига эга. Бу ҳолат мамлакатда Ҳажга бориш истагида бўлган ёши улуғ қарияларнинг кўплиги билан изоҳланмоқда.

- Ҳажга боришга ариза берганларнинг ичида ëши 60-70-80, ҳатто баъзида 90 ëшлилар ҳам учраб қолади. Агар биз буни “15 ëшдан навбати келган, бораверсин” дейдиган бўлсак, ëши катталар шунча кутиб, қанча бу ëқда умри бор Худо билади, уларнинг кўнглига озор бериб қўйишимиз мумкинки, биздан ëш, боламиз тенги, неварамиз тенгилар бораверадими навбати келса, деган нима бўлмасин деб ўшани бундай қараб чиқилса, катталарга биринчи навбат бериш мақсадида баъзи жойларда 35 ëки 40 ëш қилиб қўйилган. Мана энди ëши катталар камайган сари пастга қараб тушаверади. 30-25-20 ëш бўлиб бораверади келажакда. Ëши катталарни биринчи юборайлик деган яхши бир тарбия бўлганда бу ерда. Бундан ҳеч ким ëмонликни хоҳлаган эмас ëки 35га кирмаганлар ҳаж қилмасин дегани эмас, дейди Абдулазиз Мансур.

Айрим жойларда Ҳажга бормоқчи бўлган қарияларнинг ёшида ҳам маълум чекловлар мавжуд. Жумладан, Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида фақат 75 ёшгача бўлган қарияларнинг Ҳажга бориш учун ариза топширишига изн берилган.

Аёлларнинг Ҳажга бориш тартиби қандай?

Ҳаж қилиш истагида бўлган аёллар учун алоҳида талаблар мавжуд. 46 ёшгача бўлган аёлларнинг Ҳажга бориши учун маҳрам талаб қилинади.

- Шариатимизда аëл киши сафарга чиқадиган бўлса, яъни уч кечаю уч кундузлик узоқ йўлга, ҳозир 90 километр деб белгиланган, шунақа узоқ сафарга чиқадиган бўлса, ë эри билан ë бир маҳрам, ўрталарида никоҳ юрмайдиган маҳрам, ака-укасими, тоға-амакисими, шунга ўхшаган маҳрамлари билан чиқсин дейилган. Мабодо турмуш қурмоқчи бўлса, ўрталарида никоҳ мумкин бўлмайдиган эркакларни аëлга маҳрам дейилади, мана ака-укаси, тоғалар, амакилар, қайинота, қайиноға, қайининилар маҳрам бўладида. Маҳрам деган сўз ҳаромдан олинганда. Никоҳи ҳаром, яъни тақиқланган. Ўрталарида никоҳ юрмайдиган кишиларни маҳрам дейилади, -дейди Абдулазиз Мансур.

46 ёшдан катта бўлган аёллардан эса Ҳаж зиёрати учун маҳрам талаб қилинмайди.

- Шундай фатво чиққан, Саудиянинг ўзидан чиққан – агар аëллар уч кишидан тепада бўлса, уч кишидан бошлаб жамоат ҳисобланади. Кўпчилик бўлса, эркаклар шарт эмас, маҳрам шарт эмас. Ўзлари борса ҳам бўлаверади деган фатво чиққанда. Биздан уюштирилган ҳолда, ташкил қилинган ҳолда борилаяптию. Аëллар ҳаммаси жамоа бўлиб бирга бориб, бирга келишади. Битта самолëтда, ëтоқхонаси ҳам битта. Шунинг учун ҳам ҳалиги фатвога жуда тўғри келади. Аëллар якка юрмайди. Доим бирга юришади. Шунинг учун маҳрам уларга керак эмас. Уларга ҳалиги фатво борда, -дейди Абдулазиз Мансур.

Ҳажга бориш шартлари?

Демак, талаб қилинган ёшда бўлган ўзбекистонлик мусулмон доимий яшаш жойидаги маҳалла фуқаролар йиғинига ариза билан мурожаат қилиши мумкин.

Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши лозим:

- Паспорт ва паспорт нусхаси;

- 2 та фотосурат (3,5 х 4,5 ҳажмда);

- Саломатлиги ҳақида тиббий маълумотнома;

- Ҳаж тўловларига имконияти етарли эканлиги ҳақида маълумотнома;

- 46 ёшгача бўлган аёл маҳрами борлигини кўрсатиш;

Шунингдек, ариза топширган кишининг зиёратга маънавий тайёргарлиги ҳам текширилади. Лекин ҳозирда зиёратга борувчиларни имтиҳон қилиш расман бекор қилинган:

- Шарт шуки мусулмон мўмин бўлиши керак. Мустақилликнинг илк даврларида ҳар хил шартларни қўйиб кўрилган. Масалан мусулмончиликдан қанчалик хабари бор, беш вақт намоз ўқийдими, Қуръонни намозга яраша ўқий оладими, намознинг ичидаги саловатлар, дуойи қунутларни ëд биладими деб имтиҳон қилинган эди. Бу нарса олиб ташланди. Чунки кўпчилик тили келмайдиганларнинг ҳам намози қабулда энди. Ëш катта бўлиб қолган. 70-80га борган. Пенсияга чиққандан кейин намоз бошлаганларнинг тили албатта Қуръон ўқишга ҳам яхши келмайди. Лекин намози қабул бўлаверади. Тили келмаганлар намоз ўқимасин деган жойи йўқда. Ана ўшандан кейин олиб ташланган,- деди Абдулазиз Мансур.

Ҳаж зиёрати харажатлари қанчага тушади?

Жорий йилда Ҳаж зиёратига бориш учун бир кишининг харажатлари 9 миллион 950 минг сўмга баҳоланган. Лекин Ҳаж харажатлари сметаси ҳар йили ўзгариб туради. Ўтган йили 8 миллион 265 минг сўм бўлган. Бу маблағнинг нималарга сарфланишини шайх Абдулазиз Мансур шундай тушунтирди:

- Саудиядаги бизнинг ҳожиларга жой берадиган, транспорт берадиган, озиқ-овқат берадиган Ҳидоят деган компания билан бир неча йилдан бери шартнома тузилаяпти. Ўшаларга тўлайдиган, кейин самолëт, йўл харажатлари, билет харажатлари – шунга ўхшаган ўзининг харажатлари бор.

Озодлик: Демак, озиқ-овқат, транспорт¸ турар-жой харажати.

- Турар-жой ва даволаниши ҳам бор бунинг ичида.

Озодлик: Даволаниш деганда нимани назарда тутаяпсиз?

- Неча миллион сўмлик дорилар ҳам олиб кетишади. 30та шифокор олиб кетилади. Улар энди ҳожиларнинг ҳисобига борадида. Ишчи гуруҳ, пул тўламай борадиган элликбоши – ўшаларнинг харажати ҳам буларнинг зиммасига қўшиб юборилади,- деди Абдулазиз Мансур.

Рўйхат тартиби қандай?

Аризаси қабул қилинган фуқаро Ҳажга борувчилар рўйхатига киритилади. Ҳозирча ушбу рўйхатни онлайн кузатиш имкони йўқ. Рўйхат маҳалла фуқаролар йиғинида сақланадиган махсус (тикилган, рақамланган, муҳрланган) дафтарда қайд қилиб борилади.

Маҳалладаги рўйхатга киритилганлар ҳақидаги маълумотлар туман Ҳаж жамоатчилик Кенгашига ва у ердан вилоят Ҳаж Кенгашига жўнатилади.

Амалдаги тартибга кўра, ҳар йили навбати келган киши Ҳажга жўнаш имконига эга бўлиши лозим.

Лекин Ҳаж комиссиялари рўйхатга киритилган 35 яшар кишининг навбати келсаю, рўйхатда турган қариялар сони кўп бўлса, автоматик тарзда ёши улуғ кишиларнинг навбати тезлаштирилиши мумкин. Ҳаж комиссияларидан олинган маълумотга кўра, бундай ҳолатда ёши кичик кишининг навбати орқага сурилиши ноқонуний ҳисобланмайди.

Шунингдек, 46 ёшга кирмаган аёлларнинг маҳрами билан биргаликда навбатга туриши талаб қилинади.

“Агар аёлнинг ўзининг навбати келсаю, маҳрами навбатга қўйилмаган бўлса, аёл Ҳажга кетувчилар сафига қўшила олмайди. Кўпинча одамлар хато ўйлашади. Фақат аёл навбатга турса бўлди, маҳрами шарт эмас деб ўйлашади. Лекин маҳрам ҳам аёл билан биргаликда навбатга туриши шарт”, деди Тошкент шаҳридаги Ҳаж комиссияларидан бирининг масъули.

Нега Ўзбекистондан Ҳажга кам одам боради?

Саудия Арабистонида Ҳаж зиёрати масалалари билан шуғулланувчи вазирлик томонидан белгиланган тартибга кўра, ҳар бир мамлакатга у ерда яшайдиган мусулмонлар сонига нисбатан квота ажратилган: Ҳар минг киши (мусулмонлар)га бир киши. Лекин Абдулазиз Мансурга кўра, ҳозирча Ўзбекистон ажратилган квотадан фойдаланиш имконига эга эмас:

- Ўзбекистонда 30 миллион аҳоли бор десак, шундан 90 фоизи мусулмон бўлган тақдирда ҳам 25 минг, 26 минг бориш керак. Саудия бизга квотани берган аллақачон. Лекин биз ҳали унга тайёр эмасмиз. Ана шу 5 минг ҳожини жойлаш, уч маҳал овқат бериш, транспортларда олиб юриб, зиёрат қилдириш шунақанги оғир ишки, шу 5 минг одамнинг ўзини зўрға эпланаяпти ҳозир. Ҳозир бирданига 10 мингта бўлса, мана шу ҳозирги хизматни қила олмай қоламиз. Одамлар пораканда бўлиб қолади. Энди буни секин-секин кўпайтириш керак. Бирданига кўпайтириб юборса бўлмайди. Ўша самолётлар ҳам 5 минг кишини 10 кун ташийди. Агар 10 мингта бўлса, 20 кун ташиши керак. 30 минг бўладиган бўлса, 1 ой ташиши керак. Шунинг учун ҳамма томонлари ҳисобга олинган. Лекин яхши бир хабар бор. Бизнинг ҳукумат раҳбарларимиз ҳам айтаяпти, Маккаи Мукарраманинг таъмири тугаганидан кейин имкониятга қараб, ҳар йили ошириб-ошириб навбатда турганларни енгиллатишимиз керак, деган тадбирлар кўрилаяпти ҳозир,- деди Абдулазиз Мансур.

Ҳажга пора бериб бориш мумкинми?

Ҳозирда одамлар ҳажга бориш учун йиллаб навбат кутишга мажбур бўлаяпти. Ҳатто 10 йилдан зиёд вақтдан бери навбат кутаётганлар ҳам бор. Озодликка бўлган мурожаатларда айтилишича, пора эвазига навбатини тезлаштириш, бошқалар йиллаб навбат кутаётган пайтда пора бериб бир неча бор Ҳажга бориб келаётганлар ҳам топилади.

Лекин Ўзбекистон қонунларига кўра, нафақат пора олган балки берган одам ҳам жиноятчи ҳисобланади. Жиноят кодексининг 211-моддаси (Пора бериш) бўйича 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шайх Абдулазиз Мансурга кўра, шариат ҳам Ҳажга пора эвазига боришни қўлламайди:

- Мумкин эмас, мумкин эмас. Шунинг учун ҳам қўлга тушганлар жазоланади. Шаръий томондан ҳам, қонун томондан ҳам мумкин эмас. Пора бериб, бировни қолдириб, ўрнини эгаллаб бориш мутлақо тўғри келмайди. Агар йўл харажати, ўша шартнома бўйича харажатлар бўлганида бошқа эди. Буни ғайриоддий, яширин ҳолда қилишади. У аниқланса, албатта жазоланади,- деди Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси раисининг ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур.

Кейинги пайтда йилига жами 11000 киши ҳаж ва умра зиёратини адо этмоқда. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён жами 200 000 га яқин фуқаро ҳаж ва умра зиёратларига бориб келди.

******* **** **** **** *** *** *** *** *** *** *** *** *** ***

Азиз муштарий¸ агар сизнинг бугунги саволларга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз - OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни Skype орқали ОzodSkype ëки ErkinMikrofon манзилларига йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, телефон орқали +420 602 612 713 ва +420 221 123 381 рақамларига қўнғироқ қилиб, саволларингизни беришингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG