Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:19

Гулнорага пора бергани гумонланаётган Ucell Ўзбекистонни тарк этмоқда


TeliaSonera бош директори Йохан Деннелинд
TeliaSonera бош директори Йохан Деннелинд

Ўзбекистондаги Ucell мобил операторининг эгаси TeliaSonera мамлакат телекоммуникация бозорини тарк этишини эълон қилди. Швециянинг TeliaSonera ширкати бош директори Йохан Деннелинд Озодликка берган интервьюсида мазкур қарорга ширкатнинг Ўзбекистондаги фаолияти билан боғлиқ коррупцион жанжал ҳисса қўшганини билдирди. Бундан ташқари, унинг айтишича, Ўзбекистонда конвертация билан боғлиқ муаммолар ширкат топган даромадини олиб чиқа олмаётгани ҳам бунга туртки бўлган.

Ўзбекистонда 8 йиллик фаолияти ва коррупция билан боғлиқ жанжаллардан кейин Швециянинг TeliaSonera телеком ширкати бу мамлакатни тарк этмоқда. Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримовага 320 миллион АҚШ доллари миқдорида пора бергани гумони билан бир неча мамлакат тергов идоралари томонидан тафтиш қилинаётган ширкат бош директори Йохан Деннелинд 17 сентябрь куни TeliaSonera Евроосиё минтақасидан бутунлай кетиш ниятида эканини эълон қилди.

Ўзбекистондан ташқари TeliaSonera Қозоғистон, Тожикистон, Озарбайжон, Молдова ва Непалдаги фаолиятини ҳам секин-аста бошқа қўлларга ўтказиш режалаштирилаётганини билдирди.

Озодликка 17 сентябрь куни берган интервьюсида TeliaSonera бош директори Йохан Деннелинд хусусан, Ўзбекистонни тарк этиш қарори сабабларидан бири ширкатнинг бу мамлакатдаги фаолияти билан боғлиқ коррупцион жанжал эканини эътироф этди.

- Биргина бу сабаб бўлгани йўқ, лекин умумий фаолиятимизни кўриб чиқиб, бу масалалар (Ўзбекистондаги коррупция жанжали-таҳр.) жуда кўп вақтимиз ва эътиборимизни олаётганини хулоса қилдик. Эътиборимизни бошқа минтақаларга қаратиш қарори сабабларидан бири ҳам шу. Сиз кўтарган Ўзбекистонга оид масаланинг ўзига келадиган бўлсак, бу хусусда кўплаб мамлакатлар прокуратуралари билан жавобсиз қолаётган саволларга жавоб топиш мақсадида ҳамкорлик қиляпмиз ва бугун эълон қилинган жараён қандай кечишидан қатъий назар ҳамкорлик қилишда давом этамиз.

TeliaSonera Гулнора Каримовага пора берганига доир иддаолар АҚШ, Швеция ва Европанинг бошқа мамлакатларида тергов қилинмоқда
TeliaSonera Гулнора Каримовага пора берганига доир иддаолар АҚШ, Швеция ва Европанинг бошқа мамлакатларида тергов қилинмоқда

​TeliaSonera Ўзбекистонда бизнес қила олиш имкони эвазига Гулнора Каримовага 320 миллион АҚШ доллари миқдорида пора берганига доир иддаолар ҳозирда АҚШ, Швеция ва Европанинг бошқа мамлакатларида тергов қилинмоқда.

Ўтган ойда АҚШ Адлия вазирлиги Европанинг бешта мамлакати ҳукуматларидан Гулнора Каримова Ўзбекистонда фаолият олиб борадиган учта йирик телеком ширкат – TeliaSonera, Vimpelcom ва МТС ширкатларидан пора олгани иддаолари юзасидан ўтказилаётган тергов доирасида жами 1 миллиард АҚШ долларига тенг маблағларни ҳибсга олишни сўради.

TeliaSonera бош директори Ўзбекистонни тарк этиш вақти келгани тўғрисидаги қарорга бу мамлакатда конвертация билан боғлиқ муаммолар боис ширкат топган фойдасини олиб чиқа олмаётгани ҳам асосий омиллардан бири бўлганини таъкидлади.

- Ўз ҳисоботларимизда бу ҳақда мунтазам айтиб келганмиз. Шу пайтгача Ўзбекистондан 100 миллион доллардан ошиқроқ пулни олиб чиқа олмаётганимизни айтганмиз. Лекин ҳозирда 200 миллион АҚШ долларидан ошиқроқ фойдани ҳақдорларга етказа олмаётганимизни кўриб турибмиз.

Ўзбекистонда конвертация билан боғлиқ муаммолар бундан аввал ҳам кўплаб халқаро сармоядорларнинг мамлакатни тарк этишига сабаб бўлган.

Деннелинд мазкур қарор Ucell мобил операторининг ёпилишини англатмаслиги ва TeliaSonera Ўзбекистондаги шуъбасига харидор топгачгина мамлакатни тарк этишини таъкидлайди Озодлик билан суҳбатда.

- Мобил операторининг фаолиятини тўхтатиш ниятида эмасмиз. Ucell кучли ширкат, яхши позицияларга ва каттагина мижозлар базасига эга. Унинг катта ва кичик мижозлар билан муносабати бор ва истиқболда Ўзбекистонда ривожланишига ишонамиз. Биз яқин муддат ичида потенциал харидорлар билан мулоқотга киришиш ниятидамиз ва кейин бу бозор учун нимани англатишига баҳо бера оламиз.

TeliaSonera Ўзбекистонга 2007 йилда Coscom ширкатини сотиб олиш орқали кириб келган. Coscom ўрнига Ucell бренди остида фаолият олиб борган ширкат йиллар давомида мамлакат телеком бозорида қолиш имкони эвазига Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримовага юзлаб миллион АҚШ доллари миқдорида пора бериб келганига доир иддаолар Озодлик иштирокидаги журналистик суриштирувлар ортидан юзага чиқди.

Бу иддаолар АҚШ ва Европада тергов қилина бошланиши ортидан Гулнора Каримовага қарши Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳам жиноят иши қўзғатди. Президент қизининг TeliaSonera, Vimpelcom ва МТС ширкатларидан пора олиш схемаларига алоқадорлиги иддао қилинган бир неча шахс Ўзбекистонда қамоққа олинди, Гулнора Каримованинг ўзи эса уй қамоғига олингани тўғрисида хабар қилинди.

XS
SM
MD
LG