Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:52

АҚШ суди Гулнорага узатилгани тахмин этилмиш $300 миллионни музлатишга рухсат берди


АҚШ Адлия вазирлиги суд қарори билан Россиянинг Vimpelсom ва МТС алоқа операторлари Ўзбекистонда пора берганига оид иш тергови билан боғлиқ равишда 300 миллион долларни музлатиб қўйишга эришди. Нью-Йорк Жанубий округи федерал суди пайшанба куни Адлия вазирлигининг талабномасини қондирди.

Бу ҳақда хабар қилган Bloombergагентлигига кўра, ширкатлар сохта фирмалар тармоғини яратиб, консалтинг хизматини кўрсатиш бўйича қатор шартномалар имзолаганлар ва бу схема орқали Ўзбекистон телекоммуникация бозорида ишлаш имкониятига эга бўлиш учун президент Ислом Каримовнинг яқинларига пора оқизганлар.

Музлатилиши лозим бўлган маблағлар АҚШнингNew York Mellon банки Ирландия, Люксембург ва Бельгия шўъбаларидаги ҳисоб рақамларида экани айтилмоқда.

Тергов тахминича, бу маблағлар халқаро пул ювиш схемасида иштирок этган. Пулларнинг бир қисми “Ўзбекистон президентининг қариндоши билан боғлиқ” Takilant Limited ширкатига тегишлидир. Takilant фирмаси президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага қарашли экани Озодлик иштирок этган журналистик суриштирувлар доирасида аниқланган.

Бир ярим йилдан бери уй қамоғида қолаётгани иддао қилинадиган президент қизи воситачи фирмаларни ўзига яқин шахслар, хусусан, фуқаровий эри Рустам Мадумаров ва хос ёрдамчиси Гаянэ Авакян номларига расмийлаштирганига доир маълумотлар бор. Мадумаров ва Авакян ўтган йили Ўзбекистон ҳарбий суди томонидан одам ўғирлаганлик айблови билан узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм этилган.

Озодлик шу йил апрель ойида АҚШ Адлия вазирлиги жиноят қидирув бўлими Швеция прокуратурасига VimpelCom, MTS ва TeliaSonera компаниялари пора тўлаши учун воситачи бўлган Takilant Ltd. фирмасига доир маблағнинг швед банкидан чиқариб олинмаслигини кафолатлашни сўрагани тўғрисида хабар қилган эди.

Ундан бироз аввал Озодлик иштирок этган журналистик суриштирувда Ўзбекистонда фаолият юритадиган VimpelCom, MTS ва TeliaSonera телеком ширкатлари Гулнора Каримовага камида бир миллиард АҚШ доллари миқдорида пора бергани фош этилган эди.

Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни ёритиш лойиҳаси (OCCRP) бошчилигида ўтказилган журналистик суриштирув натижасида Гулнора Каримова назоратида ташкил қилинган коррупцион схемаларга кирувчи воситачи фирмалар телеком ширкатларини йиллар давомида соғиб келганини тасдиқловчи ҳужжатлар қўлга киритилди.

Журналистик суриштирувга етакчилик қилган OCCRP муҳаррири Миранда Патручич Ўзбекистонда йирик коррупция терговига АҚШ расмийларининг қўшилишини Европада 2012 йилдан бери тергов қилинаётган ишда муз жойдан кўчаётганига ишора, дея баҳолаган.

Гулнора Каримова аралашгани иддао қилинган порахўрликка оид дастлабки жиноят ишлари 2012 йил Швейцария ва Швецияда очилган эди. Ўшандан бери Ўзбекистонда бизнес қилиш имкони учун президент қизига юзлаб миллион доллар пора берилгани ва бу пуллар ғарб давлатлари банклари орқали ювилгани юзасидан олиб борилаётган терговга Ҳолландия, Норвегия, Франция ва АҚШ расмийлари ҳам қўшилди.

Миранда Патручичнинг фикрича, АҚШ расмийларининг бу терговга аралашуви унинг мантиқий натижа билан якунланиши эҳтимолини оширади.

- АҚШ расмийлари ноқонуний ўзлаштирилган пулларни кетидан тушиб, бундай жиноятларга алоқадор шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича катта тажрибага эга эканини намойиш қилган. Ўтмишда коррупцияга қўл урган шахс ва ширкатлар АҚШ назарига тушгач катта миқдорда жаримага тортилганига гувоҳ бўлганмиз. Шунинг учун АҚШ терговчилари бу пуллар кетига тушгани ҳам Гулнора Каримова иши яқин орада якун топишига жиддий ишорадир,- деди OCCRP муҳаррири Миранда Патручич.

Ўзбекистон прокуратураси ҳам ўтган йилнинг сентябрида мамлакат президентининг қизи дохил “уюшган жиноий гуруҳ” устидан жиноят иши қўзғатганини эълон қилган.

XS
SM
MD
LG