Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:21

"Одно"да Рашод қори суратига "класс" босган қорасувлик ҳибс қилинди


Шу йилнинг 20 августида “Одноклассники” тармоғида Рашод Камолов ва Дилёр Жумабоев суратларига “класс” босгани учун милиция томонидан огоҳлантириш олган қорасувлик 20 ёшлик Абдуллоҳ Нурматов 10 сентябрь куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан ҳибс қилинди. Абдуллоҳнинг яқинлари унинг ҳибс қилинишини, 20 август куни милиция ходимлари томонидан калтаклангани тўғрисида Қорасув ҳамда Ўш шаҳри прокуратураларига арзлангани учун ўч олиш сифатида баҳоламоқда.

10 сентябрь куни қорасувлик Абдуллоҳ Нурматовнинг уйида Миллий хавсизлик хизмати ходимлари 3 соат давомида тинтув ўтказган.

Абдуллоҳнинг отаси Маъмиржон Нурматовнинг айтишича, тинтув натижасида уйдан “Муалимусоний” ва кирил ҳарфида ёзилган арабча китоб, бир дафтар ва қўшиқлар ёзилган бир флешка топилган.

Шундан сўнг Абдуллоҳ Миллий хавфсизлик хизматига олиб кетилган ва 48 соатга ҳибс қилинган. Маъмиржон ака ўғлининг ҳибс қилинишига Абдуллоҳнинг Ўш шаҳар милициясида калтаклангани тўғрисида Ўш ва Қорасув шаҳар прокуратураларига ёзган аризаси сабаб бўлган, деб ҳисоблайди.

- Қасос олгани келишди. Биз барчасини ёзиб, арзланганимиз учун улар қасос олгани келишди. Ўғлимни урган тўрт милиционер уйимни текширди. Агарда қасос олиш ниятлари бўлмаганида бошқа милиционерлар йўқмиди? Ишни СНБга ўтказиб беришибди. Шахсан ўша тўртови келди СНБ ва ОМОНлар билан, - дейди Маъмиржон Нурматов.

Озодлик Абдуллоҳнинг август ойида қўлга олинишига унинг “Одноклассники” тармоғида қорасувлик таниқли имом Рашод Камолов ва диндор Дилёр Жумабоев суратларига “класс” босгани сабаб бўлгани тўғрисида аввал маълум қилган эди. Ўшанда Абдуллоҳнинг ўзи 20 август куни милицияда бўлган воқеалар тўғрисида қуйдагиларни айтган эди:

- Ўзлари турли суратларни чиқариб олишиб, “мен шуларга “класс” босганман, дўстларимга тарқатганман деб”, ёзасан деб ёздиришди. Мен ёзиб бердим. Кейин ўзларини телефонида Сурияга телефон қилиб беришди. “Сен ҳозир: Ассалому алайкум!Жиҳодлар бўлаяптими, биродарлар, деб гапирасан”, дейишди. Мен гапирмадим. Ундан кейин, мени компьютер олдига ўтқизиб, мен мана бу суратларга “класс” босганман, дўстларимга тарқатганман”, дедириб видеога олишди, - деган эди Абдуллоҳ Нурматов.

Бундан ташқари Абдуллоҳ 9 сентябрь куни Қорасув туман судида Рашод Камоловга нисбатан ўтаётган маҳкамада гувоҳ сифатида иштирок этган. У судда “Одноклассники”да Камолов суратига “класс” босгани учун қўлга олингани ва қийноққа солинганини айтган.

10 август куни эса, у Қирғизистон Жиноят кодексининг 299 - моддаси иккинчи банди, эсктремистик материалларни сақлаганликда айбланиб ҳибс қилинган.

Маълум бўлишича, унинг уйида тинтув суд санкцияси ва гувоҳлар иштирокида ўтказилган.Нурматовнинг адвокати Ҳусанбой Солиевга кўра, Абдуллоҳнинг қўлга олинишида мамлакат Конституциясининг бир қатор моддалари бузилган.

- Биринчидан, Конституциямизнинг 29 моддасига биноан интернетдан Абдуллоҳнинг электрон почтасини очиш ва ундан нарсалар олишга суд рухсат бериши керак эди. Буларда хеч қандай суд рухсати йўқ. Иккинчидан, Абдуллоҳ “Мени қийноққа солишди”, деяпти. Улар паролини олиб почтасида қандай манипуляция қилганини Худо билади. Ноқонуний олинган. Учинчидан, Қирғизистонда материал экстремистик деб фақадт суд томонидан тан олинади. Суд эса унинг почтасидан олинган нарсани экстремистик, деб топмаган. Почтасини текширишга санкция олмасдан, суд бу нарсаларни экстремистик деб топмай туриб бу йигитни қамаб қўйишнинг ўзи қонунбузарликдир,- дейди Ҳусанбой Солиев.

XS
SM
MD
LG