Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:32

“Одно”да Рашод қори суратига “класс” босган қорасувлик милицияда сўроқ берди


Қорасувлик 20 ёшлик Абдуллоҳ Нурматов “Однокласники” тармоғида Рашод Камолов ва Дилёр Жумабоев суратларига “класс” босгани учун милиция томонидан огоҳлантириш олди.

20 август куни кечки 6.30ларда ўз уйидан аввал Қорасув милициясига, сўнгра Ўш шаҳар милициясига олиб кетилиб, тунги соат 11ларгача сўроқ қилинган Абдуллоҳ милиционерлар томонидан калтакланганини айтмоқда.

Қорасувлик Абдуллоҳ Нурматов хонадонига 20 август куни 18.30ларда ўзларини милиция ҳодимлари деб таништирган 4 киши келган ва Абдуллоҳга “сен бир видеога тушиб қолибсан, бориб кўриб келамиз, сенми ёки йўқ”, деб олиб кетишади. Абдуллоҳнинг яқинларига милиционерлар гувоҳ сифатида олиб кетилаётганини айтишади. Бу борада Озодликка 21 август куни Абдуллоҳ Нурматовнинг ўзи айтиб берди.

Унга кўра, Қорасув милициясида “видео туширилган компьютерни Ўшга олиб кетишибди, ўша ерга борамиз” деб, Абдуллоҳни Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармасига олиб боришган.

Ўш милициясида ундан “Одноклассники” тармоғидаги профилининг паролини беришни сўрашади. Абдуллоҳнинг иддао қилишича, адвокат иштирокисиз паролни бермаслигини айтганидан сўнг уни милиция ходимлари калтаклаган. Абдуллоҳга кўра, у шундан сўнг адвокат иштирокисиз профили паролини берган:

- Ўзлари турли суратларни чиқариб олишиб, “мен шуларга “класс” босганман, дўстларимга тарқатганман деб”, ёзасан деб ёздиришди. Мен ёзиб бердим. Кейин ўзларини телефонида Сурияга телефон қилиб беришди. “Сен ҳозир: Ассалому алайкум! Жиҳодлар бўлаяптими биродарлар, деб гапирасан”, дейишди. Мен гапирмадим. Ундан кейин, мени компьютер олдига ўтқизиб, мен мана бу суратларга “класс” босганман, дўстларимга тарқатганман”, дедириб видеога олишди, - дейди Абдуллоҳ Нурматов.

Унга кўра, шундан сўнг адвокат кирган ва бир қанча ҳужатлар имзолангач, Абдуллоҳни қўйиб юборишган. Абдуллоҳнинг айтишича,у ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасидаги бир қатор суратларга кейинчалик ўзи топиб ўқиши осон бўлиши учун “класс” босган.

- “Одноклассники”да Дилёр Жумабоев, Рашод Камолов суратларига “класс” босганман холос. Сурияда бўлаётган воқеалар тасвирланган видеоларга “класс” босмаганман. Бироқ кеча милиционерлар мени профилимга кириб, “класс” бостиришиб, видеога олишди,. Мен суратларга кейинчалик ўқийман, йўқолиб қолмасини деб “класс” босган эдим, - дейди Абдуллоҳ.

Унинг адвокати Валериан Вахитовга кўра, у кеча тунги соат ўнгача Ўш милицияси биносига киритилмаган. Кейин эса, Абдуллоҳни сўроқ қилган милиционерлар уни ойнадан кўришганини, келганидан бехабар қолганларини айтишган. Ҳозирда адвокат мазкур ҳолат юзасидан Қирғизистон ички ишлар вазири, мамлакат Бош прокурори, ва Ўш шаҳар прокурори номига ариза тайёрламоқда.

- Эшик олдида автомат ушлаган йигит турган эди. Менга ичкарига киритилмаганимга посдаги йигит айбдорлигини айтишди. Мен ҳозир ариза ёзаяпман, текширишсин. Мен адвокатлик фаолиятини олиб боришга қаршилик кўрсатганлик учун жиноий иш қўзғатишларини сўраб ариза ёзаман. Улар қўлга олган чоғидан бошлаб Нурматовга адвокат беришлари керак эди, - дейди Валериан Вахитов.

Қорасувлик таниқли диндор Дилёр Жумабоев “Одноклассник”даги суратларида унинг милиция ходимлари томонидан калтаклангани акс этганини таъкидлаган ҳолда, қуйдагиларни айтди:

- Мени расмим тақиқланганми, Дилёр Жумабоевнинг расми? Мен тушунмадим. Милиционерлар бизга тан жароҳати етказса бўлаверадику, биз уларнинг жиноятини тарқатишимиз мумкинмасми? Бу қайси қонунда тақиқланган. Буларни қилаётган иши Қирғизистон халқини қалбига қўрқув, даҳшат, титроқ деган нарсаларни жойлашми? - дейди Дилёр Жумабоев.

Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Замир Сидиковга кўра, Абдуллоҳ Нурматов ҳақиқатан ҳам Ички ишлар бошқармаси 10-бўлими ходимлари томонидан ушлаб келинган. Унга билмасдан таъқиқланган маълумотларни тарқатгани тушунтирилган ва бундай ҳол такрорланса жавобгарликка тортилиши айтилиб қўйиб юборилган.

XS
SM
MD
LG