Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:39

Фарғона нефть заводининг 11 минг ишчиси 2 ойлик маошини ололмаяпти


Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг 11 минг 270 ишчиси ноябрдан буён ойлик маошини ололмаяпти. Завод ишчиларига кўра, маош кечикиши натижасида уларнинг молиявий аҳволи оғирлашмоқда. Раҳбарият шикоятни қисман тасдиқлаб, яқин кунларда тижорат кредити орқали ишчиларнинг меҳнат ҳақи берилишини билдирди.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводига қарашли Ангрен-Поп терминалларидан фойдаланиш дирекциясининг АвтоНефтТранс корхонаси ишчилари Озодликка мурожаат қилиб, ойлик маошлари кечикаётганидан шикоят қилишди:

“Бизни АвтоНефтТранс корхонаси нефтбазанинг гаражи ҳисобланади. Бу ерда 2000га яқин ишчи бор. Ойликларимиз кечикаётгани учун қийинчилик кўпайиб кетди. Ишчиларнинг ҳаммаси жуда қийналган. Кўпчилик узоқдан қатнаб ишлайди. Кўпчилик квартира арендага олиб туради. Ойлик йўқлигидан қийналиб қолдик. Раҳбарлардан сўрасак, "яқинда берамиз" деган ваъдани беришади. Лекин ойликларимиз йўқ. Аҳволимиз кундан-кунга оғирлашаяпти. Ноябрдан бери беришмади", деди исмини очиқламасликни сўраган ишчилардан бири.

Ушбу ташкилотнинг бошқа бир ишчисига кўра, ташкилотнинг нафақат Ангрендаги корхонаси балки барча бўлимларида ойлик маошлари кечикмоқда.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг исмини очиқламаётганимиз расмийси ишчиларнинг ойлик пуллари кечикаётгани ҳақидаги шикоятини қисман тан олди:

“Ноябрь ойининг ойлигини 31 декабрь куни берганмиз. Декабрь ойи учун тижорат кредитини расмийлаштираяпмиз. Яқин кунлар ичида албатта ишчиларнинг пулларини берамиз. Ойлик борасида бошқа ташкилотлардан аҳволимиз яхши. Унақа 3-4 ойлаб кечикишлар йўқ”, деди Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг исмини очиқламаётганимиз расмийси.

Мулозим тижорат кредитининг расмийлаштириш ишлари давом этаётгани учун ҳозирча ойлик пуллари берилишининг аниқ санаси номаълум эканлигини ҳам қўшимча қилди.

Озодлик тасарруфидаги ҳужжатларда Ўзбекистондаги бошқа йирик ташкилотлар сингари Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини ҳам Гулнора Каримова назорат қилгани иддао қилинади.

Январь ойи бошида Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг бир неча мулозими молиявий жиноятларда айбланиб, турли муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Завод мулозимлари билан боғлиқ маҳкама ишчиларининг ойлик маошлари кечикишига сабаб бўлдими, деган саволимизга Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи расмийси жавоб беришни истамади.

55 йиллик тарихга эга Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг олти мансабдори ва бир қанча моддий-масъул ходимлари томонидан давлатга ўнлаб миллион АҚШ доллари миқдорида зарар етказилгани маҳкама жараёнида исботини топгани хабар қилинди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ўтган йилнинг кузида эълон қилган расмий маълумотига кўра, президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова бошчилигидаги “уюшган жиноий гуруҳ” томонидан Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг “40,1 миллиард сўмлик активлари талон-тарож қилинган ва ўзлаштирилган”.

XS
SM
MD
LG