Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:35

Мафияга яқин авторитет Ҳусан Московский сўроқ қилинмоқда


Ҳусан Зиëмуҳаммедов
Ҳусан Зиëмуҳаммедов

Жиноят оламида Ҳусан Московский, деган ном билан танилган тадбиркор Ҳусан Зиямуҳаммедов ҳибсга олингани билдирилди. Бу ҳақда Озодликка бир-биридан мустақил икки манба маълум қилди.

Зиямуҳаммедов россиялик марҳум вор в законе Дед Ҳасан (Аслан Усоян) нинг Ўзбекистондаги вакили сифатида иш қилгани айтилади.

Ўзбекистон тергов идоралари ва мамлакат бошқарув элитасига яқин манбаларнинг иддао қилишича¸ 58 яшар Ҳусан Зиямуҳаммедов Россияга изнсиз қишлоқ ҳўжалик маҳсулотлари, жумладан, хўл мева жўнатганликда ва ноқонуний валюта олди-сотдисини ташкил қилганликда айбланиб, душанба куни вақтинча қўлга олинган.

Айни пайтда манбаларимизнинг таъкидлашича¸ Ҳусан Зиямуҳаммедовнинг бир неча ҳамкорлари устидан ҳам жиноят иши очилиб, улар қамоққа олинган.

Озодликнинг Тошкентдаги манбалари бу ҳибсларнинг ортида Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик хизмати турганлигини айтмоқда.

Бошқа манбалар эса Ҳусан Зиямуҳаммедовнинг душанба куни Тошкентда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Терроризмга қарши кураш бошқармаси зобитлари тарафидан қўлга олинганини билдирди.

Айни ўша куни Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги валютафурушларнинг қора бозорларини қора ниқоблилар босган эди.

Озодлик манбаларига кўра¸ Ҳусан Зиямуҳаммедов валюта қора бозорига "акахонлик"да гумон қилинмоқда.

Ҳусан Зиëмуҳаммедов Салим Абдувалиев оиласида меҳмон
Ҳусан Зиëмуҳаммедов Салим Абдувалиев оиласида меҳмон

"Бутун умр ўғрилар ëнида.."

Ҳусан Зиямуҳаммедовнинг вақтинча қўлга олиниши ва унинг атрофидагилар устидан жиноят иши очилиб, қамоққа олиниши Ўзбекистондаги яна бир криминал авторитет Салим Абдувалиевга қарши қаратилган зарба сифатида кўрилмоқда.

Ҳусан Зиямуҳаммедов ва Салим Абдувалиевни қариндошлик иплари боғлаб туради.

Ўтган йили криминал авторитет Салим Абдувалиев набирасининг яна бир криминал авторитет Ҳусан Зиямуҳаммедов оиласига келин бўлиб тушгани жиноий тизимларнинг ўзаро қариндошлик ришталари билан боғланиб кучайганига мисол ўлароқ талқин қилинган эди.

Салим Абдувалиевга қуда бўлган Ҳусан Пирматович Зиямуҳаммедов Россия матбуотида “Бутун умр ўғрилар ëнида юрган ” тадбиркор, дея таърифланган.

Ўзбекистон мухолифати арбобларидан бири Муҳаммад Солиҳ бундан уч йил олдин ëзган мақоласида Ҳусан Зиямуҳаммедовни "МХХ билан ҳамкорлик қиладиган мафия вакили", деб атаган.

Солиҳнинг ëзишича¸ Ҳусан Зиямуҳаммедов МХХ зобитларининг чет эл сафарларини молиялайди ва МХХнинг ФСБ ҳамда рус мафияси билан муносабатларида координаторлик ролини бажариб келади.

Муҳаммад Солиҳнинг мақоласида “Ҳусан бу холатда мафия ва ҳокимиятнинг киндиги бир эканига яққол намуна бўла олади. Чунки у Ўзбекистон МХХ контрразведка бошқармаси бошлиғи Алишер Усмоновдан бевосита топшириқ олади”, дея иддао қилинади.

Баъзи манбаларга кўра¸ Ҳусан Зиямуҳамедов бу хизматлари эвазига Ўзбекистонда ”Необыкновенная” ароғини сотиш монополиясини қўлга киритган.

Озодлик тасарруфидаги маълумотларга кўра¸ Ҳусан Пирматович Зиямуҳаммедов ва Салим Абдувалиевнинг тўй тадбирларида Ўзбекистон ички ишлар¸ адлия¸ молия ва ташқи ишлар вазирларининг хотинлари, шунингдек, бош вазир муовинининг синглиси мунтазам иштирок этиб келган.

Қамоқдаги “палач” Ҳусан Московскийга қарши “малява” ëздими ?

Зиямуҳаммедов россиялик марҳум вор в законе Дед Ҳасан (Аслан Усоян) нинг Ўзбекистондаги вакили сифатида иш қилгани айтилади.

Озодликнинг Ўзбекистон тергов органларига яқин манбасининг айтишича¸ айнан Дед Ҳасан ўзбекистонлик Ҳусан Зиëмуҳаммедовни ўзига ëрдамчи қилиб тайинлаган эди:

- Ҳусан Зиëмуҳаммедов Россия криминал дунëсининг Ўзбекистондаги “тижоратига” расмий Тошкент тарафидан “яшил чироқ” ëқилишини таъминлаб келган. Шу билан биргаликда Зиëмуҳаммедов Ўзбекистонда “бошига иш тушган” биродарларнинг (братванинг) ҳолидан ҳабар олиб туриши лозим бўлган. Дед Ҳасан оламдан ўтганидан кейин бу тизим издан чиқа бошлаган. Криминал авторитет Нозим Жумаев қамоққа олинганида Зиëмуҳаммедов унга ëрдам бермаган. Бундан аччиқланган Нозим Ҳусан Московскийга қарши “малява” ëзган¸ дея иддао қилди Озодлик манбаси.

Нозим Жумаев
Нозим Жумаев

​Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг "биринчи жаллоди" сифатида ном чиқарган ва эл орасида “Палач” лақаби билан номи чиққан 51 яшар Нозим Жумаевнинг қамоққа олингани хабарини Озодлик ўтган ойда маълум қилган эди. .

XS
SM
MD
LG