Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:37

МХХ ходимларини қамоқда қийнаган “Палач” ҳам қамоққа олинди


 Нозим Жумаев.Расм "Марказий Осиëда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси" тарафидан тақдим қилинди.
Нозим Жумаев.Расм "Марказий Осиëда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси" тарафидан тақдим қилинди.

Ўзбекистоннинг биринчи рақамли жаллоди сифатида ном чиқарган ва МХХнинг махсус буйруғи бўйича фаолият олиб борган 51 яшар Нозим Жумаев қамоққа олинди. Эл орасида “Палач” лақаби билан номи чиққан Нозим Жумаев бундан бир ярим ой олдин қамоққа олингани хабари Озодликка энди етиб келди.

Озодликнинг республика ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаларига кўра¸ Нозим Жумаев Ўзбекистон жиноят кодексининг 273-моддаси яъни гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларини қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш билан боғлиқ жиноятда айбланган.

Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаларининг таъкидича Жумаевни ëнидан ярим кило гиёвандлик моддаси чиққан.

Бошқа манбалар эса Нозим Жумаев ўтган йил Москвадан Тошкентга махсус чақиртирилиб МХХ ходимларини сўроқ қилиш чоғида қатнашишга жалб қилинганидан кейин қамоққа олингани айтишди.

Уларга кўра МХХ сирларига дахлдор бўлган Нозим Жумаев атайлаб “кўздан пана” қилинган

Ўтган йили Москвадан чақиртирилган Нозим Жумаев МХХ ҳодимларини “тилга кириб¸ иқрорнома”ни тезроқ ëзишини “таъминлаб” берган.

Бунгача Жумаев Москвада муқим яшаб келган.

Нозим Жумаев Бекободдаги 64/21-сонли қамоқхонада МХХ ходимларини қийнагани борасида Озодлик ўтган йили маълумот берган эди.

Озодликка маълум бўлишича¸ Нозим Жумаевнинг бешафқат “муомаласи” қамоқ жазосини Бекобод қамоғида ўташга маҳкум қилингани айтилган МХХ собиқ ходимларининг яқинларини даҳшатга солган.

МХХ собиқ ходимларининг яқинлари Бекобод қамоғидаги камераларга Нозим Жумаевнинг кирмаслиги учун катта ўлпон тўлашга мажбур бўлишган.

Озодлик манбаларига кўра¸ Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг 12 нафар собиқ ходими ноқонуний тадбиркорлик, коррупция ва давлат маблағларини ўзлаштириш борасида ўз айбига иқрор бўлишига Нозим Жумаев ҳисса қўшган.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг 12 нафар ходими узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинганидан кейин¸ ўтган йилнинг декабрь ойида Нозим Жумаевнинг ўзи ҳам ҳибсга олинди.

Нозим Жумаевни таниган Озодлик манбаларига кўра¸ унинг қамалиши “ярим кило наркотик “ билан боғлиқ эмас:

-Жумаев криминал дунëда номи чиққан авторитет¸ Бухородаги “Мовий гумбазлар” ресторани эгаси¸ МХХ буйруғи бўйича қатлларни ижро қилувчи жаллод бўлган бу кишининг ëнида ярим кило наша олиб юриши ишончсиз воқеа. Жумаев жуда катта сирларга ошно бўлгани боис ичкарига олинди. Жумаевни қамоққа олинишини ортида МХХ турганига ишонаман¸ - деди манба.

Озодлик тасарруфидаги бир-биридан мустақил манбалар Нозим Жумаевнинг МХХ билан яқин алоқаси ҳақида айтишди.

Бу манбалар иддаосига кўра Нозим Жумаев МХХдаги Сергиенко фамилияли куратор тарафидан бошқарилган.

Бекободдаги 64/21-сонли қамоқхонада Нозим Жумаевнинг VIP маҳбусларга нисбатан шафқатсиз муносабати ҳақидаги маълумотни ўз манбаларига таянган холда Париждаги "Марказий Осиëда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси" раҳбари Надежда Отаева шундай баён қилди:

Надежда Отаева билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:15 0:00
Бевосита линк

-Бекободдаги 64/21-сонли қамоқхонада мавжуд шафқатсизлик кўламини яхши биламан. Биз гаплашган гувоҳларнинг айтишича, бу колонияда “Палач” лақабли қамоқхона жаллоди Нозим Жумаев маҳкумларни шафқатсиз равишда қийнаши ҳақида бизда маълумотлар бор. “Палач” калтагидан умрбод майиб бўлган ўнлаб маҳкумлар иқрорномаси ҳам бизга етиб келган, - дейди "Марказий Осиëда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси" раҳбари Надежда Отаева.

МХХ ходимларини Бекобод қамоғида қийнаганидан сўнг ўзи ҳам қамоққа олинган “Палач” ҳақидаги маълумот ва фотосурат ҳам Озодлик тасарруфига етиб келди.

Бундан олдин Ўзбекистонлик журналист Алексей Волосевич ўзбек қамоқхоналаридаги жаллодлардан яна бири ҳақида ҳикоя қилган эди.

Суҳбатдошга кўра¸ криминал дунë қоидаларига зид тарзда маъмурият билан ҳамкорликда иш олиб борадиган шахслар ўзбек қамоқхоналарида кўплаб топилади.

​Озодликка етиб келган норасмий маълумотларда иддао қилинишича, 51 яшар Нозим Жумаев Ўзбекистоннинг биринчи рақамли жаллоди сифатида ном чиқарган.

Ўзбек қамоқхоналари ҳақидаги китоб муаллифи¸ собиқ маҳкум Сафар Бекжоннинг айтишича¸ Нозим Жумаевдан олдин Ўзбекистон қамоқхоналарининг биринчи рақамли жаллоди Кулимбетов бўлган. Кулимбетов жиноят оламидаги авторитетлар тарафидан қатл қилингач VIP маҳбусларни жазолаш вазифаси Нозим Жумаевга ўтган.

Сафар Бекжон билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:32 0:00
Бевосита линк

Жиноят оламида Нозим Бухарский, маҳкумлар орасида эса “Палач”, “Лохмач” деб ном чиқарган бу шахснинг Бухорода туғилгани айтилади.

Нозим Жумаев Бухоро марказидаги “Мовий гумбазлар” ресторанининг эгаси сифатида ҳам танилган.

Озодликнинг Бухородаги криминал дунëга яқин манбасининг айтишича¸ бу ресторан унга совға қилинган.

-Нозим палач Бухорода бешафқатлиги билан танилган. Бухородаги тадбиркорлар унга ўлпон тўлайди. Масалан, у эгалик қилаëтган Бухородаги ресторан ҳам унга Музаффар Файз мебель ширкати тарафидан совға қилинган. Рекет¸ талончилик билан ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларидан бери шуғулланиб келади. Рекет¸ талон тарож ва қотиллик айби билан уч марта судланган. Бухородаги кўп собиқ маҳкумларни буйрагини пачоқ қилган. Асосан Москвада юрар эди. Бухородаги бизнесини ўғли юритади. Ўтган йил Москвадан келиб бир оз юргач яна қамалди¸ - дейди суҳбатдош.

Ўзбек қамоқхоналарида узоқ муддат жазо ўтаган собиқ маҳкум Муҳаммадсолиҳ Абутовнинг айтишича¸ маҳбуслар тилида “Гад” деб танилган шахслар МХХнинг топшириғи бўйича тазйиқларни амалга оширади.

Муҳаммадсолиҳ Абутов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:46 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG