Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:47

Сурияга жиҳодга кетган беш йигитнинг ўлгани ҳақида хабар келди


Кейинги ойлар ичи халқаро коалиция кучлари "Исломий давлат" позицияларига ҳаво ҳужумларини кучайтиргани оқибатида¸ жангарилар орасидаги қурбонларнинг ошиб бораëтгани тахмин қилинади.
Кейинги ойлар ичи халқаро коалиция кучлари "Исломий давлат" позицияларига ҳаво ҳужумларини кучайтиргани оқибатида¸ жангарилар орасидаги қурбонларнинг ошиб бораëтгани тахмин қилинади.

Озодликка маълум бўлишича¸ жорий ой давомида Фарғонанинг Бешариғидан Сурияга жиҳодга кетган уч йигит¸ Тошкентнинг Бекободидан кетган икки йигитнинг ўлгани ҳақида “шумхабар” келган. Россияда ишлаб юриб¸ тўсатдан ғойиб бўлган бу йигитларнинг ўлгани ҳақида Суриядаги жиҳоддошлари хабар йўллаган ва марҳумларнинг "жаннатда юргани" билан табриклаган.

Коллежни битириши билан онаси ëнида ишлаш учун Москва вилоятига келган 21 яшар бекободлик Маҳмуд (исми яқинлари сўрови билан ўзгартирилган) 2014 йилнинг 13 декабрь куни дом-дараксиз ғойиб бўлган.

Онаси ва акаси билан битта квартирада яшаб келган Маҳмуднинг йўқолишидан олдинги ҳатти-ҳаракатлари унинг яқинларида ҳеч қандай шубҳа уйғотмаган. Шу боис¸ унинг яқинлари Маҳмудга бирор кори-ҳол рўй берганидан чўчиб¸ Россия ҳуқуқ тизимларига мурожаат қилиб¸ уни сўраб-суриштиришга киришган.

Россия расмийлари Маҳмуднинг 14 декабрь куни Россия ҳудудини тарк қилиб¸ Украинага ўтгани ҳақида маълумот берган; ундан у ëғига ойдинлик киритишнинг имкони бўлмаган.

Орадан икки ойча ўтиб¸ 12 февраль куни Маҳмуднинг яқинларига нотаниш шахс WhatsApp орқали аввалига Маҳмуд ва унинг маҳалладоши суратини юбориб¸ орқасидан овозли хабар қолдирган.

“Юборилган суратдаги йигитлар Сурияда шаҳид бўлди. Улар ҳозир жаннатдадир”¸ дейилган бу қисқа овозли хабарда.

Россия мобил рақами билан юборилган бу хабарни юборган шахс на ўзининг кимлиги¸ на бу йигитларнинг қаерда¸ қачон ва қандай “шаҳид бўлгани”га оид маълумот берган.

"Исломий давлат" тарафдорларининг "қиëфаси" ана шу рамзларда акс этган.
"Исломий давлат" тарафдорларининг "қиëфаси" ана шу рамзларда акс этган.

“Шумхабарчи”нинг WhatsAppдаги сурат жойида “Исломий давлат” террор гуруҳи рамзи бўлган қора байроқ¸ унинг устига қўйилган Қуръон ва бир неча ханжар¸ байроқ ëнида эса¸ автомат¸ гранатомет¸ ўқлари ва бир неча граната сурати акс этган.

Хабар келган телефон рақами ўчгани боис¸ у билан боғланишнинг имкони бўлмаган¸ ўзи ҳам Сурияда бўлгани тахмин қилинаëтган номаълум хабарчи билан WhatsApp орқали ëзишишдан эса¸ Маҳмуднинг яқинлари қўрқишган.

На Ўзбекистон ва на Москвада пешонаси саждага тегмаган Маҳмуд дарагининг бу шаклда Суриядан чиқиши¸ унинг яқинларини қаттиқ ҳайратга солган.

Бу хабар ортидан уларга аëн бўлишича¸ кунига 12 соатлаб ишлаб¸ на масжид ва на бошқа йиғинларга қатнашишга кўп ҳам вақт топмаган йигит¸ бўш вақтини Интернетда ўтказган.

Одноклассники ижтимоий тармоғи орқали Москвада ўзи каби ишлаб юрган бекободликлар билан ëзишган ва кўп ўтмай улар таъсирида радикал диний ғояларга берилган.

Маҳмуднинг Одноклассникидаги саҳифасидан аввалига қизлар билан танишув¸ боди-билдинг ва спортга қизиққан бу йигитнинг тўсатдан Суриядаги мусулмон биродарларига ҳамдардлик билдиришга ўтгани кузатилади.

Унинг Одноклассникига қўйган сўнгги ëзувларидан бирида қора ранг устига оқ билан ëзилган (“Исломий давлат” байроғидаги каби)“Менинг ўлимим Оллоҳнинг қўлидадир. Қўрқувга ҳожат йўқ” деган ëзув қўйилган.

Бундан эса¸ 13 декабрь куни яқинларини доғда қолдириб¸ Сурияга жўнаб кетган йигитнинг жиҳодчилик ва шаҳидликка мафкуравий жиҳатдан ҳозирланганини англаш мумкин.

Маҳмуднинг яқинларига келган хабарга илова қилинган суратда уни ўзи билан Сурияга олиб кетгани тахмин этилаëтган маҳалладоши акс этган ва шундан февраль ойида бекободлик икки йигитнинг бир пайтнинг ўзида нобуд бўлгани тахмин этилмоқда.

Мафкуравий зомби қилинган ўзбеклар "қиймахона"га ташланмоқда

Озодлик Ироқ хизмати таҳлилчиси Петр Кубалекка кўра¸ “Исломий давлат” сафига қўшилаëтган ўзбекистонликлар жанггарилик машқини олар-олмас жанговар амалиëтлар ўчоғи ташланмоқда ва шу боис тезлик билан қирилиб кетмоқда.

Айни пайтда¸ халқаро коалиция кучларининг “Исломий давлат” истеҳкомларига ҳаводан уюштираëтган ҳужумлари оқибатида ўлдирилаëтган жангарилар орасида ўзбекистонликлар ҳам анчагина:

- Яқинда “Исломий давлат” Кобани шаҳридан чекинишга мажбур бўлди. Америкаликлар ҳисобича¸ Кобанидаги жангларда ҳафтасига камида 100 дан ошиқ жангари ўлдирилган. Айни кунларда жанговор амалиëтлар¸ асосан¸ Ироқ-Сурия чегарасидаги Анбар вилояти¸ айниқса¸ Ал-Бағдодий шаҳарчаси атрофида бормоқда. Ўзбек радикаллари бу жангларда пиëдалар бўлгани учун¸ биринчи навбатда¸ айнан шундайлар нобуд бўлмоқда. Уларни шаҳидликка тарғиб қилиб¸ жаннат ваъда қилаëтган араб қўмондонларининг ўзлари¸ табиийки¸ бехавотир жойларда бекиниб олиб¸ бу йигитларни қиймахонага ташлаяпти¸ дейди исломий экстремизм бўйича таҳлилчи.

Таҳлилчига кўра¸ "Исломий давлат" қўмондонлари¸ асосан¸ Саддам Ҳусайн даврида Ироқ хавфсизлик тизимларида ишлаган собиқ Баас партияси аъзолари ва улар пиëдалар онгига қуйилаëтган "жиҳод" ва "шаҳидлик" ғояларига ўзлари ишонмайди ва амал ҳам қилмайди.

Аммо "Оллоҳ йўлида жиҳод қилиш ва шаҳид бўлиш" ғояси ниҳоятда кучли тарзда қиймахонага ташланаëтган пиëдалар онгига қуйилмоқда.

Яқинлари айни кунларда Сурияда “Исломий давлат” жанггарилари сафида бўлган ўзбекистонликлардан бири Озодлик билан суҳбатда ўз қариндошлари айни ана шу мафкура қулига айланганини ҳикоя қилади:

- Опам ва поччам болаларини олиб Сурияга кетган. Улар "Исломий давлат" тарафида. Беш ойча аввал 15 яшар қизини ўша ердаги жанггарилардан бирига никоҳлаб берган - аëл кишининг никоҳсиз яшашига рухсат йўқ экан. Икки ойча олдин шу куëв жангда ўлибди. Опам бизга шунақа хурсанд бўлиб хабар қилдики¸ биз ëқа ушладик. "Оллоҳ йўлида шаҳидлик насиб қилди куëвимизга. Бизга ҳам шу насиб этсин"¸ деб хурсанд бўлиб гапирди. Улар бир-бирини шаҳидлик билан табриклашар экан. Жиянимнинг бўйида қолган экан¸ эрининг ўлганини эшитиб қўрқиб кетган шекилли¸ боласи тушиб қолибди. Энди уни яна кимгадир никоҳлаб беришар экан¸ дейди бундай муносабатдан ҳайратини яширмаган Озодлик манбаси.

“Исломий давлат”га яқин манбанинг Озодликка билдиришича¸ ҳозирга қадар бу жангари гуруҳ ташвиқотига учиб¸ Сурия ҳудудида ўлган ўзбекистонлик жангарилар сони камида 900 нафарга етган.

Аммо Озодлик бу норасмий иддаони тасдиқлаш ëки инкор этиш имконига эга эмас.

Суриядаги ўзбек жиҳодчилари иддаосича¸ бу ерда жанг қилаëтган ўзбекистонликлар сони 3000-4000 нафарга етган.

Озодликка маълум бўлишича¸ айни кунларда Ўзбекистон бўйлаб Ички ишлар ва МХХ га қарашли терроризмга қарши кураш билан шуғулланувчи бўлимлар Сурияга кетганлар юзасидан маълумот йиғишни фаоллаштирган.

Айтилишича¸ махсус терговчиларга топширилган “жиҳодчилар” иши давомида ўзбекистонлик йигитларни Сурияга жалб қилаëтган тармоқларни фош қилишга асосий эътибор қаратилган.

Озодликка келган сўнгги хабарлардан бирида ëзилишича¸ жорий ойда Фарғона вилояти Бешариқ туманининг Ватан маҳалласида яшаб¸ Россиядан Сурияга кетган уч йигитнинг ўлгани хабари келган.

Ҳозирча Озодлик бу қурбонлар шахсини аниқлашга муваффақ бўлмади.

XS
SM
MD
LG