Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:27

Яккакураш бўйича 3 карра Тожикистон чемпиони Киркукда ИД учун жон берди


Қўлида қурол тутган Алан Чекранов Москвада
Қўлида қурол тутган Алан Чекранов Москвада

Аралаш яккакураш бўйича Тожикистонинг уч карра чемпиони Алан Чекранов Абу Муҳаммад ал-Тожикий номи остида "Исломий давлат" сафига кирди ва Киркукдаги жанглардан бирида ўлдирилди. 21 яшар Чекранов-Тожикий мусулмонларни Сурияда жиҳод қилишга фаол даъват қилган ва ижтимоий тармоқларда қатор видеомуржаатларни эълон қилган эди.

Шу кунда ижтимоий тармоқларда тожикистонлик чемпион Алан Чекрановнинг яхши кайфиятда, соч-соқоли қирилган ҳолда олтин медалларни осиб, табассум билан тушган сурати тарқала бошлади.

Тармоқларда тарқалаётган яна бир суратда эса Чекрановнинг "Исломий давлат" сафида юрган кезлардаги кўриниши - ҳарбий кийимда, соқоли ўсган ва қўлида қурол ушлаб турган ҳолда акс этган.

ИД сафига кираркан, тожикистонлик профессионал спортчи Абу Муҳаммад ал-Тожикий номини олди ва яқинда Киркук шаҳри яқинида АҚШ етакчилигидаги ҳаво ҳужумида ҳалок бўлди.

Дарвоқе, Киркукдаги ҳаво ҳужумлари чоғида тўрт тожик ўлдирилди ва улар орасида энг жангари 21 яшар Абу Муҳаммад ал-Тожикий ижтимоий тармоқларда кўп эътибор қозонган эди. У Сурияда “жиҳод” қилиш ҳақидаги видеомуржаатлари билан ном таратган.

Ҳозир ижтимоий тармоқлардаги баҳсларда ва бу мавзуни ёритаётган журналистлар қандай қилиб ёш спортчи қисқа вақт ичида ИД жангарисига айланди, деган саволни ўртага ташламоқда.

Хусусан, рус тилидаги ижтимоий тармоқларда Чекрановнинг ал-Тожикийга айлангани кўп муҳокама қилинди.

Озодлик радиоси тожик хизматига кўра, Чекранов 1993 йил Тожикистоннинг жануби-ғарбида жойлашган Шаҳритус туманида туғилган. Унинг онаси Мария Чекранова осетин, отаси Умар тожик бўлган. Расмий ҳужжатларда Чекранов онасининг қизлик давридаги фамилиясини ишлатган.

2010 йилда Чекранов Шаҳритус туманидаги 4-сонли мактабни тамомлаган ва Тожик-рус славян университетига ўқишга кирган. 2012 йилда Чекрановнинг иши чаппасига кета бошлаган. Дарсга қатнашмагани учун университетдан ҳайдалган ва Россияга ишлагани кетган.

Россияда радикаллашдими?

Чекранов Москванинг қизил майдонида чап кўрсаткич бармоғини кўтариб суратга тушган. Жангарилар бу белгини тавҳидга, яъни худонинг битталигига ишонч билдириш учун ишлатишади.

Муҳими, суратда Чекранов ўнг қўлида тўппонча ушлаб турганини кўриш мумкин.

Сурат қачон олингани аниқ эмас, ҳозирча суратнинг 2012 йилда олингани тахмин қилинмоқда. Озодлик радиоси тожик хизматига кўра, Чекранов Россияда фақат бир йил бўлган, холос. Россиядалигида Чекранов шимолий кавказликлар тўдасига қўшилган ва улар орқали 2013 йил Ироққа кетган.

Чекранов қачон ИДга қўшилгани маълум эмас. Унинг шериклари ўлимидан авал Киркукда курд пешмерга жангчиларига қарши курашганини айтишди.

Тирикчилик учун пул топиш мақсадида Россияга чиқиб кетаётган ўрта осиёлик ëшлар орасида экстремистик руҳдаги гуруҳларга қўшилиш ҳоллари учраб туради.

Чекранов Россияда радикаллашдими ёки радикал исломга қизиқиши университетдан четлатилишидан аввал уйғонганми?

Бу саволга аниқ жавоб йўқ. Аммо Чекрановнинг Тожикистондаги дўстлари Озодлик радиоси тожик хизмати билан қилган суҳбатдан унинг Россияда радикаллашганини хулоса қилиш мумкин.

Озодлик радиоси тожик хизмати телефон орқали Чекрановнинг дўсти Шароф Тагоев билан суҳбатлашди. Тагоев дўстини охирги марта 2013 йилнинг бошида кўрганини айтди. Ўша пайтда Чекранов Россияда бир йил юриб қайтиб келган бўлган:

"Аввал у доимо машқ қиларди ва аралаш яккакураш жанг санъати ҳақида гапирарди. Аммо Россиядан қайтганидан кейин соқол қўйиб олганди ва бошқача сўзлар ишлатарди. Умидсизланган кўринди ва бошқа муҳожиратга қайтмаслигини, Славян университетида ўқишини давом этмоқчи эканлигини айтди. Кейинроқ билсак Россияга кетибди”, деди Тагоев.

Олийгоҳ талабаси нима учун ИДга қўшилиши мумкин?

Озодлик радиоси тожик хизматига кўра, Чекранов Шаҳритусда спортчи ва “Соқолли Умар”нинг ўғли сифатида маълум бўлган. Муваффақиятли Чекрановни билганлар унинг ИДга қўшилганига ишонқирамай қарашди. Чекрановни таниганлар қандай қилиб нуфузли Тожик-рус славян университети талабаси экстремистик гуруҳ билан Ироққа бориши мумкинлигини тасаввур қила олишмайди.

Ёшлар орасида радикализацияни олдини олиш бўйича иш олиб борувчи диний бўлим вакиллари Чекрановнинг Ироқдалигини унинг ўлими ҳақида хабарлар тарқашидан аввал билмаганини айтишди.

Маҳаллий журналист Адолат Сайфуллоева Чекрановнинг ота-онаси олдига борди. Улар фарзандларининг ҳалок бўлгани ҳақида ёки Интернетдан, ёки расмийлар орқали эшитишган экан. Чекрановлар оиласи аза тутаётганди ва журналистлар билан суҳбатлашишни истамади.

Сайфуллоева Чекрановлар хонадонига борганида уни Алан Чекрановнинг синглиси Сабина Чекранова кутиб олди ва ота-онаси ҳеч кимни кўришни истмаётганини айтиб журналистни уйга киритмади.

Алан Чекрановнинг иккинчи синглиси Шаҳноза Чекранова акаси ҳали ҳам тириклигини ва ҳозир Эрондалигини айтди. Чекранов ўқиган мактаб директорининг айтишича, расмийлар Чекрановга тегишли барча ҳужжатларни олиб кетишганган. Директор Алан Чекрановни шахсан танимаслигини қўшимча қилди.

Ироқ ва Суриядаги тожиклар

Нечта Тожикистон фуқароси ҳозир Сурия ва Ироқда жанг қилаётгани номаълум. Озодлик радиси тожик хизматига кўра, расмий маълумотларда уларнинг сони 300 та дейилган. Суриядаги тожик жангчиларни ўрганиб бораётган Эдуард Лемонга кўра, 67 жангчи ҳақида онлайн маълумот бор. Шундай бўлса-да, Лемон Сурия ва Ироқда жанг қилаётган тожикларнинг сони аслида бундан кўп бўлиши эҳтимолдан холи эмаслигини қўшимча қилди.

Озодлик радиоси тожик хизматига кўра, Яқин Шарқда жанг қилаётган тожикларнинг аксари аввал Россияга муҳожиратга борган, кейин Сурия ва Ироққа кетган. Расмийлар Сурия ёки Ироққа жанг қилгани кетган муҳожирлар ҳақида уларнинг ҳалок бўлгани ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинганидан кейин хабар топишади. Чекранов билан ҳам худди шундай бўлди.

Шаҳритус туманининг Диний ишлар бўлими раиси Алихон Муллоев Озодлик радиси тожик хизмати билан қилган суҳбатида Шаҳритус туманидан бир неча одам Сурияга кетганини, аммо уларнинг исмини ошкор қила олмаслигини айтди.

XS
SM
MD
LG