Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:29

"Мемориал" террорчиларни ҳимоя қилаётганликда "айбланди"


Россиянинг НТВ телеканали “Мемориал” Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш марказини исломий террорчи ва экстремист гуруҳларни ҳимоя қилаётганликда айблади. Россия федерал канали тайёрлаган кўрсатувда ташкилот фаоли Баҳром Ҳамроевга “Мусулмон биродарлар” ташкилоти аъзоси бўлган ўзбекистонликларни “ҳимоя қилаётганлик” айби қўйилди. Бунга жавобан, “Мемориал” маркази НТВ телеканали журналистларини “саводсиз ва ёлғончи”га чиқарди.

НТВнинг иддаолари

НТВ телеканали ўтган ҳафта охирида "Мемориал" марказини нишонга олди.

2014 йилнинг 10 октябрида эфирга узатилган “Чрезвичайное происшествие” дастурида Россия Адлия вазирлиги куни-кеча мамлакат Олий Судига мурожаат қилиб, “чет эл грантлари асосида террорчилик ва экстремизмда айбланаётган шахсларга кўмак бераётган ва “хориж агентлар” қаторига киритилган “Мемориал” маркази фаолиятини тўхтатиш” талаби билан чиққани иддао қилинди.

НТВчилар “ташкилот ҳуқуқ ҳимоячилари очиқчасига радикал гуруҳ аъзолари ҳимояси билан шуғулланаётгани”ни исботловчи видеоёзувлар борлигини билдиради.

Биринчи видеода ҳуқуқ ҳимояси марказида исми Рамиль Ярмагомедов экани айтилган ва қонга беланган йигитнинг махфий хизмат ходимлари томонидан калтаклангани тўғрисидаги гаплари “саҳналаштирилган кўрсатув” экани ва Рамиль ҳозирда Ислом давлати жангарилари қаторида тинч аҳолини ўлдираётгани айтилади.

Яна бир видоёзувда Россия шимолидаги Мурманск шаҳрида Ўзбекистон халқаро қидирувга берган икки бухоролик диндор ҳибс этилаётгани акс этган. Бу шахслар бир вақтнинг ўзида ҳам “Мусулмон биродарлар” ташкилоти ғояларини тарғиб этганликда айбланаётгани ва ҳозирда тергов остида экани айтилади.

НТВ телеканали журналистлари “Мемориал” фаоли Баҳром Ҳамроевни “экстремист юртдошларини ҳимоя қилишга хоҳиш билдирганликда” айблади ва бунинг эвазига катта пул олганини ҳам иддао қилди.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг: "Мен ўзбек золимларига қарши курашда ўз ҳамюртларимга кўмаклашишим керак", деган гапига жавобан журналист аёл: "Яъни, сиз террорчиларга бепул ёрдам кўрсатмоқчи эдингиз?" дея савол беради.

Телекўрсатув охирида “Ҳамроев ва унинг саноқсиз ҳамкасблари” айнан экстремист ва террорчиларга кўмаклашгани учун “Мемориал”нинг Россияда ўз фаолиятини давом эттириш-эттирмаслигини Олий Суд кўриб чиқиши” маълум қилинади.

“Мемориал” маркази: НТВ ёлғони тўғрисида...

Бир кун ўтмасдан “Мемориал” Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маркази расмий сайтида “НТВ ёлғони ва Адлия вазирлиги даъволари тўғрисида...” баёноти эълон қилинди.

“Бузуқ ниятли ёлғон репортажда гўё “Мемориал” Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маркази экстремист ва террорчиларга кўмаклашганлик устида ушлангани тасвирланган. Уларнинг саводсиз ёлғони гўё Адлия вазирлиги “Мемориал” марказини йўқ қилишга қаратилган даъво билан чиққанидадир. Аслида, Адлия вазирлиги Россия Олий судига “Мемориал” Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш марказини эмас, балки бошқа ташкилот – Россия тарихий-маърифий, ҳомийлик ва ҳуқуқ ҳимояси жамияти бўлган “Мемориал”ни тугатиш аризаси билан мурожаат қилган”, дейилади ташкилот расмий баёнотида.

“Мемориал” маркази “Мемориал” жамиятининг тугатилиши ҳам мамлакат Конституциясига зид эканига ва бу тузилмани тугатиш учун бирор қонуний асос йўқлигига жамоатчилик эътиборини қаратди.

24 сентябр куни Россия Адлия вазирлиги Олий судга мурожаат қилиб, “Мемориал” жамиятини тугатиш даъвоси билан чиқди ва Суд бу масалада 13 октябрь куни маҳкама ўтказишини маълум қилди.

Россия президентининг Инсон ҳақлари бўйича кенгаши раҳбари Михаил Федотов “Мемориал” ёпилишига “асос кўрмаётгани”ни билдирган бўлса, 87 ёшли россиялик таниқли ҳуқуқ фаоли, Москва Хельсинки гуруҳи раҳбари Людмила Алексеева: "“Мемориал” ёпилиши Россия учун халқаро миқёсдаги шармандалик бўлади”, деди.

Россия, Германия, Италия, Беларусь, Қозоғистон, Франция, Украина ва бошқа мамлакатларда фаолият юритаётган “Мемориал” жамияти таркибига кирувчи 62 ташкилот Сталин даврида қатағон қилинганларни оқлаш, тадқиқотчилик, ҳуқуқ ҳимояси ва маданий-маърифий ишлар билан шуғулланиб келади.

Баҳром Ҳамроев: НТВга интервью берган эмасман

Айни пайтда кўрсатув қаҳрамонларидан бири – “Мемориал” маркази аъзоси, “Ёрдам” Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Баҳром Ҳамроев НТВ телеканалига ҳеч қандай интервью бермагани, балки унга провокацион саволлар билан мурожаат қилган журналистлар ўзини “Доверие-Москва” телеканали ходимлари деб таништирганини Озодликка гапириб берди.

(Суҳбат давомида алоқа номаълум сабабларга кўра бир неча маротаба узилганини кузатишингиз мумкин)

Баҳром Ҳамроев билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:30 0:00
Бевосита линк

- Бу замон ноҳақни ҳақ, ҳақни ноҳақ дейдиган замон бўлди. Биринчидан, НТВ мендан интервью ҳам олгани йўқ: “Доверие” деган телеканал келиб мигрантлар масаласида гапириб беринг, деб иғвогарона саволлар беришди. “Сиз нима учун Мурманскка яширинча бориб келдингиз?”, “Ўзбекистон фуқаролари “Мусулмон биродарлар” ташкилотига аъзолигини билиб, ёрдам беряпсиз”, деди. Мен уларга “Мен уларнинг беайб эканига кўпроқ ишонаман. Албатта, мен уларни ҳимоя қиламан”, деган гапларни гапирдим, - дейди ҳуқуқ фаоли.

Шунингдек, Баҳром Ҳамроев кўрсатувда намойиш қилинган ва Мурманск мусулмонлар жамоаси вакили Гасан Магомедович деган шахсдан ҳеч қандай пул олмаганини айтди.

Озодлик билан суҳбатда Гасан Магомедович ҳуқуқ ҳимоячиси сўзларини тасдиқлаб, журналистлар унинг бошқа масалада гапирилган гапларини “контекстдан юлиб олиб”, монтаж қилганини маълум қилди.

Мурмансклик Гасан Магомедович билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:21 0:00
Бевосита линк

- Мен бу репортажни кўрдим: ҳамма нарсани бошдан оёқ ағдариб қўйишибди! Аслида биз ёрдам кўрсатиш ниятида қилган эдик. Репортаж бир соатдан ортиқ давом этди, бир ой олдин олинган эди. У қамалган йигитлар менинг корхонамда ишлашарди. Уларга ёрдам тарзида пул йиғилаётганини гапирдим. У ерда Баҳром Ҳамроевнинг пул олгани-олмагани тўғрисида мутлақо гап-сўз бўлмаган эди! Шунчаки бу пул уларнинг ҳимоясига жамоамиз томонидан йиғилди, - дейди журналистлар унинг сўзларидан тескари маъно чиқарганидан афсусланган мурмансклик мусулмонлар жамоаси вакили Гасан.

Озодлик мухбири мазкур репортажни тайёрлаган “Доверие” ва НТВ телеканали журналистларидан бу хусусда бирор изоҳ ололмади.

“Мемориал” босим остида

Ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев эса НТВ телеканали тайёрлаган кўрсатув “юқоридан берилган буюртма” эканига ишонишини айтиб, “Мемориал” маркази Кремль сиёсатини "қўллаб-қувватламаётган ташкилотлардан бири сифатида йўқотилиши мумкинлиги"ни ҳам эҳтимолдан ҳоли қилмади.

- Менга ҳеч ким пул ўтказгани ҳам йўқ – берса яхши бўларди. Хуллас, бу “Мемориал”нинг шаънига доғ тушириш, ёмон отлиққа чиқариш мақсадда қилинмоқда. Инсон ҳуқуқлари масаласи Россияда анча оғирлашиб бормоқда. Украина воқеалари, умуман Россия ичкарисида бўлаётган воқеаларда “Мемориал” фаол иш олиб бораяпти ва бу унинг шу фаолиятига тўсиқ яратиш методидир, - дея муносабат билдирди Баҳром Ҳамроев.

XS
SM
MD
LG