Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:28

Обид Саидов: Онам Дилмурод акамнинг ҳимояси учун тинимсиз курашди


Сиёсий маҳбус Дилмурод Саййиднинг 89 ёшида вафот этган онаси Ҳамида Толипова ва укаси Обид Саидов.
Сиёсий маҳбус Дилмурод Саййиднинг 89 ёшида вафот этган онаси Ҳамида Толипова ва укаси Обид Саидов.

Товламачиликда айбланиб, 5 йил муқаддам қамоққа ташланган ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли ва журналист Дилмурод Саййидни ҳуқуқий ҳимоя қилишга уринган онаси Ҳамида Толипова 89 ёшида оламдан ўтди. 11 октябрь куни онасини тупроққа берган Обид Саидов хаста онаси акасининг ҳимояси учун сўнгги 5 йиллик умрини сарфлаганини айтмоқда.

Шу кунларда дунёнинг турли нуқталаридан ҳамдардлик мактублари, қўнғироқлар ва смс-хабарларни олаётган Обид Саидов 89 ёшда оламдан ўтган онаси ўғли Дилмурод Саййидни ноҳақ қамалди, деб ҳисоблаган ва умрининг сўнгги 5 йили ўғлини ҳимоя қилиш билан ўтган.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли ва журналист Дилмурод Саййид 2009 йилнинг 22 февралида товламачилик айби билан қўлган олинган ва 30 июль куни Тойлоқ туман суди ҳукми билан 12 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум этилган эди.

- Онам республикадаги ҳамма идораларга бош уриб чиқдилар. Лекин, ҳаммасидан жазо тўғри берилган, ҳаммаси рисоладагидек, деган жавоб келди. Омбудсмен жаноблари, шахсан Сайёра Рашидова онамнинг қўлларини ушлаб, ўзим кўриб чиқаман, дегандилар. Кейин "Биз суд ишларига аралашмаймиз", деган мазмунда қанақадир Усмонов, деган шахс қўл қўйган хат келди. Шунда ҳам онам тўхтамагандилар,- дейди Обид Саидов.

Унинг айтишича, марҳума онаси БМТга ҳам ариза билан мурожаат қилган ва ўғлини фақат арз-дод билан эмас, балки ҳуқуқий жиҳатдан айбловни инкор қилишга қаратилган ҳамда қонуний тартибда киритилган шикоят аризалари асосида ҳимоя қилишга уринган.

- Чунки, раҳматлик онамизнинг 2 та йўналишда олий маълумоти бор эди. Олдинига Юридик институтни тамомлаганлар ва прокурор ёрдамчиси, кейин прокурор бўлиб ишлаганлар. Кейин бу соҳани ташлаб, педагогикани битирган ва 40 йилдан ортиқ мактабда дарс берган. Онамдаги билимнинг ярмисининг ярмини билмасам ҳам, акам ноҳақ айбланганига ақлим етади. Онам эса буни яхши тушунганлар,- дейди Обид Саидов.

Ҳамида Толипова умри давомида Республикада хизмат кўрсатган ўқитувчи, Халқ маорифи аълочиси, "Шуҳрат" медали соҳиби, Фронт ортидаги меҳнатлари учун "Икки жаҳон урушидаги ғалабанинг 50 йиллиги" медали соҳиби бўлган.

Ҳамида Толипова ўғли Дилмурод Саййид ноҳақ қамалди, деган даъво билан 2009 йилнинг 30 мартида Озодликка интервью берган ва "Ўғлимни ҳибсга олиш учун ҳеч қанақа асос йўқ", деган эди.

Ўша кезда 85 ёшда бўлган аёл эндиликда марҳум келини Барно Жуманова ва 6 ёшли набираси билан бирга ўғлини кўриш учун Самарқандга борган эди.

Ўшанда Барно Жуманова биринчи гуруҳ ногирони бўлгани боис, эшитиш ва кўриш қобилияти заифлашган қайнонасининг сўзларини Озодликка етказган:

- Ойим биринчи гуруҳ ногирони. Қулоқлари яхши эшитмайди, кўзлари яхши кўрмайди. Ойимларнинг фикрича, ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг қилган иши бутунлай қонунга зид. Чунки кимнидир қамоққа олиш керак бўлса, ҳеч бўлмаса қўлида ордер бўлиши лозим. Ойимнинг прокурор сифатидаги гаплари мана шу,- деган эди Дилмурод Саййиднинг рафиқаси Барно Жуманова бундан беш йил аввал.

Тақдир тақозоси билан 2009 йилнинг 5 ноябрида Навоийдаги қамоқхонада сақланаëтган турмуш ўртоғини кўриш учун йўлга чиққан Барно Жуманова ва 6 яшар қизчаси автоҳалокатга учраб, фожиа жойида ҳалок бўлган.

Обид Саидов акасига бу машъум хабарни етказиш нақадар оғир бўлганини хотирлар экан, шу кунда яна бир машъум хабар - онасининг ўлимидан Дилмурод Саййид ҳануз бехабар экани, ой охирида боришга ва бу жудоликдан уни хабардор қилишга руҳан ҳозирланаётганини айтди.

Унга кўра, она-бола сўнгги 3 йил ичида - Ҳамида Толипова йиқилиб тушиб, тўшакка михланганиб қолганидан сўнг кўриша олмаган ва дийдор қиёматга қолган.

53 яшар журналист ва инсон ҳуқуқлари фаоли Дилмурод Саййид 2009 йилнинг 22 февралида товламачиликда айбланиб қўлга олинган.

Димурод Саййид ва яна уч шахс Ўзбекистон Жиноят кодексининг товламачилик, ҳужжатларни сохталаштириш, қалбаки муҳрлар тайёрлаш, қалбаки имзолар қўйиш моддалари бўйича айбланиб, маҳкамага тортилган.

Самарқанд вилоят Тойлоқ туман суди 2009 йилнинг 30 июль куни Дилмурод Саййидга 12,5 йиллик қамоқ жазоси тайинлаган. 2009 йилнинг 11 сентябрида туман аппеляция суди ҳукмни ўз кучида қолдирган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Суди ҳам 2010 йил 10 август куни Самарқанд вилояти Тойлоқ туман суди чиқарган ҳукмни ўзгаришсиз қолдирган.

2013 йилда Навоий шаҳридаги 64/36-сонли жазони ўташ муассасасида сақланаётган журналист ва ҳуқуқ фаоли Дилмурод Саййид Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Тошкент вилояти бўлими раиси Абдураҳмон Ташанов номига хат чиқарган ва унга нисбатан қийноқлар қўлланиллаётгани, шеър ва ҳикояларининг қўлёзмалари тортиб олинаётгани ҳақида ёзган эди.

Ўша йилнинг 6 мартида у соғлиғи жиддий ёмонлашгани сабаби билан Тошкентдаги 18-сонли махсуслаштирилган колония (Сангород)га ётқизилган эди. 2013 йилнинг кузида эса у Қарши шаҳридаги 49-сонли қамоқхонага кўчирилган. 3 ой муқаддам у билан кўришган укаси Обид Саидовга кўра, Дилмурод Саййиднинг аҳволи яхши ва қийноқ ёхуд тахқирлар ҳақида шикояти йўқ.

Қўлга олингунига қадар у мустақил электрон нашрларда Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни танқид қилувчи таҳлилий мақолалар чоп этган.

Дилмурод Саййид илк бор 2005 йилда Ўзбекистонда чоп этилган ва журналистнинг ўзи ишлаган “Адвокат” номли газетада “Йўқ ҳақидаги бадиҳа” номли мақоласини чоп эттирган эди. Шов-шувларга сабаб бўлган ўша мақоласидан сўнг журналист ҳукумат босимига учраган. Аввалига унинг ўзи ишдан бўшатилган, бироз ўтиб эса газета ҳам ёпилган эди.

XS
SM
MD
LG