Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:44

"Бир оила жувонмарг бўлди"


5 ноябр кунги автоҳалокат бу она-бола ҳаëтига нуқта қўйди.
5 ноябр кунги автоҳалокат бу она-бола ҳаëтига нуқта қўйди.

Навоийдаги қамоқхонада сақланаëтган турмуш ўртоғи¸ журналист ва ҳуқуқ фаоли Дилмурод Саййидни кўриш учун йўлга чиққан Барно Жуманова ва унинг 6 яшар қизчаси автоҳалокатга учраб¸ фожиа жойида ҳалок бўлди.

Фожиа 5 ноябр¸ пайшанба куни Сирдарё вилоятининг Оқ олтин туманида рўй берган. Бу ҳақда Дилмурод Саййиднинг адвокати Руҳиддин Комилов Озодликка маълум қилди.

- Кеча кечқурун соат 10.30 ларда Дилмурод Саййиднинг хотини Барно Жуманованинг отаси телефон қилиб¸ Сирдарë вилояти Оқ олтин туманида автоҳалокатга учраб¸ Барно Жуманова ва унинг қизи ўтганлиги тўғрисида маълумот берди. Ҳозирча бошқа ҳеч қанақа маълумот йўқ, деди Руҳиддин Комилов.

Маълум бўлишича, Барно Жуманова яккаю ягона олти яшар қизчаси Рухшона билан турмуш ўртоғи Дилмурод Саййидни кўргани вилоятлараро қатнайдиган таксида Навоийдаги қамоқхонага кетаётган бўлган.

- Барно Жумановани душанба куни кўрганимда¸ “Дилмурод акангиз сўраяпти. Қизимни соғиндим¸ деб айтаяпти” деган эди. “Қизимни олиб бораман. Жазони ижро этиш муассасасига бориб келишим керак” деб қизи билан бирга йўлга чиққан эди. Шу бўйича душанба куни гаплашган эдик. “Пайшанба куни кетсам керак” деган эди. Пайшанба куни кетган чамаси раҳматли¸ мана шунақа бўлибди¸ дейди Руҳиддин Комилов.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакили Абдураҳмон Ташанов ҳам, Барно Жуманованинг пайшанба куни қамоққа эрини кўргани боришни режалаётгани ҳақда унга ҳам бир кун олдин билдирганини айтади.

- Барно Жуманова автоҳалокатдан бир кун олдин менинг олдимга келди ва турма маъмурияти телефон қилиб¸ унинг паспортини олиб бориб бериш кераклигини айтишганини айтиб¸ мендан маслаҳат сўради. Мен “Майли опа. Агар турма маъмурияти сўраëтган бўлса¸ олиб бориб беринг. Шу баҳонада эрингизни ҳам кўриб келасиз. Иложи бўлса¸ қизчангизни ҳам олиб олинг. Учрашув бериб қолса¸ отасини кўриб келади” дедим. Бу ҳодиса содир бўлганидан кейин орадан уч-тўрт соат ўтиб бу ҳақда хабар топдик ва шокка тушиб қолдик¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Жуманованинг отаси ўз қизи ва набираси ўлимида бевосита ҳукуматни айбламаслиги¸ ҳалокатнинг ҳайдовчи тезликни оширгани оқибатида юзага чиққанини билдирган. Айтилишича¸ ҳалокатга учраган Нексия русумидаги машинада Барно Жуманова ва унинг олти яшар қизидан ташқари яна уч йўловчи ва машина ҳайдовчиси бўлган ва улар ҳам ҳалокат натижасида ҳаётдан кўз юмган. Абдураҳмон Ташанов ҳалокат тафсилотларини ўрганишга ҳаракат қилиб кўрганини айтади.

- Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси билан гаплашдим. Ҳозирча мана шу ҳодиса бўйича Оқ олтин тумани прокуратураси томонидан жиноий иш қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари бораëтган экан. Дастлабки маълумотларга кўра¸ Газ-53 юк ташувчи автомобили билан Нексия тўқнашиб кетиши оқибатида олти киши воқеа жойида ҳалок бўлган. Олти киши деганим шофëр¸ ëнидаги одам¸ орқадаги уч киши ва Дилмурод Саййиднинг боласи. Болани олдига олиб кетаëтган бўлганда. Нексия ўзи тор. Болани олдига олиб кетиш қийин. Лекин ҳозир молиявий харажатлар нуқтаи-назаридан ўзбеклар шунақа қилиб юришади¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Танқидий мақолалари билан танилрган журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Дилмурод Саййид шу йил ёзида товламачилик айби билан 12¸5 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Халқаро ташкилотлар ҳамда инсон ҳуқуқлари фаоллари журналистни ўз касбий фаолияти туфайли қамоққа ташланганини айтиб келишади. Дилмурод Саййид аёли ва қизининг уни кўргани қамоқхонага кетаётганда ҳалок бўлгани тутқуннинг журналист ҳамкасбларини қаттиқ ғазаблантирди.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакили Абдураҳмон Ташанов Дилмурод Саййид ва Барно Жуманова оиласига таъзия изҳор этар экан, бу фожиа атайин уюштирилмаганига умид билдирди.

- Биз ўзбекларда “Тақдир экан. Оллоҳ раҳмат¸ қилсин” дейди. Бир оила жувонмарг бўлди¸ дейиш мумкин. Чунки эр узоқ йиллик қамоққа кетди¸ оиланинг ëлғиз фарзанди ва Дилмурод Саййиднинг рафиқаси оламдан ўтди¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли ва собиқ сиёсий маҳбус Мўътабар Тожибоева эса Дилмурод Саййид оиласини нобуд қилган автоҳалокат ҳукумат тарафидан уюштирилмаган бўлса ҳам бунда барибир ҳукуматни айбдор деб ҳисоблашини айтади.

- Чунки Ўзбекистон диктатура режими бўлмаганида эди¸ Ўзбекистонда ҳақиқат учун¸ ҳақиқатни гапиргани учун инсонлар тазйиққа учраб қамалмаганда эди¸ Дилмурод Саййид қамалмаган бўларди. Бундан ташқари¸ Ўзбекистонда қўғирчоқ суд эмас¸ адолатли суд бўлганида эди¸ Дилмурод Саййиднинг айбсизлиги судда ўз исботини топган бўларди. Мана шунда у қамоқда ўтирмаган¸ унинг оиласи унинг олдига кетаëтган пайтда аварияга учрашмаган бўларди¸ дейди Мўътабар Тожибоева.

Дилмурод Саййид оиласи автоҳалокатдан ҳалок бўлганининг эртаси "Ҳақиқий журналистлар уюшмаси" деб аталувчи ташкилот Ўзбекистон президентига хат йўллаб 12¸ 5 йилга қамалган Дилмурод Саййидни озод этишга чақирди. Уюшмаси раҳбари, www.uznews.net мустақил интернет хизмати муҳаррири Галима Бухорбоева гапиради.

- Инсонийлик нуқтаи-назардан бизнинг бу чақириғимизни президент эътиборга олиши ва Дилмурод Саййидни зудликда озод қилиши керак. Кичкина қизалоқнинг фожиали ўлими балки уларнинг кўзини очар, дейди Галима Бухорбоева.

Куннинг иккинчи ярмида олинган хабарга кўра¸ Барно Жуманова ва кичкинтой Рухшонага Самарқанд вилоятининг Булунғур туманининг Гагарин маҳалласида жаноза ўқилиб¸ иккала марҳум ҳам тупроққа топширилган.

Маҳаллий ҳуқуқ фаолларининг¸ инсонийлик нуқтаи назаридан Дилмурод Саййидга ўз аëли ва қизини билан видолашиш имконини бериш ҳақдаги сўрови¸ жавобсиз қолди.

Дилмурод Саййид 2005 йилда “Адвокат” газетасида Ўзбекистондаги ижтимоий муаммолар хусусидаги “Йўқ ҳақидаги бадиҳа”си эълон қилинганидан сўнг, ишдан ҳайдалган, газета эса ёпиб қўйилган эди.

Кейинчалик у мустақил журналист сифатида фаолият кўрсатди ҳамда “Эзгулик” жамияти таркибида инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланди.

Дилмурод Саййид шу йилнинг 30 июл куни Самарқанд вилояти Тойлоқ туман суди ҳукмига кўра товламачиликда айбланиб, 12 йилу олти ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. 11 сентябрда бўлиб ўтган Самарқанд вилоят аппеляция суди эса бу ҳукмни ўз кучида қолдирди. Дилмурод Саййиднинг ҳимоячиларига кўра, ҳуқуқ фаолига қўйилган айбловлар маҳкама жараёнида ўз исботини топмаган.
XS
SM
MD
LG