Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:51

Вазирлар Маҳкамаси тадбиркордан пул ундиришни гўёки тақиқлаб қўйди


Ўзбекистон ҳукумати 2014 йил, 12 августдаги 227-қарори билан тадбиркорлик субъектларининг хайрия маблағларидан бюджет ташкилотларининг фойдаланиши тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлагани ҳақда norma.uz сайти хабар қилди.

Низомда тадбиркорларни хайрия қилишга мажбурлаш тақиқланиши тўғрисида айтилган. Бироқ тадбиркорларнинг айтишича, ҳокимият вакилларининг пул ундиришга оид “минг бир хил” усули бор.

Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган Низомда белгилаб қўйилишича, “хайрия маблағи”, деб тадбиркорлик субъектларидан бюджет ташкилотларига келиб тушадиган пул ва мулк тушунилади.

norma.uz сайтига кўра, ҳужжатда тадбиркорлик субъектларининг маблағларини хайрия ва бошқа тадбирларга мажбуран жалб этиш тақиқлаб қўйилган.

Лекин бу ўзбекистонлик тадбиркорлардан бундан буён ҳеч ким, ҳеч қандай шаклда пул сўрамайди, дегани эмас: тадбиркорлик субъектлари хайрия ёрдамларини кўнгилли равишда беғараз кўрсатади, дейилган Низомда.

Бюджет ташкилотлари томонидан тадбиркорлик субъектларидан хайрия маблағларини олиш ва улардан фойдаланиш улар (субъектлар) билан тузиладиган шартномалар асосида амалга оширилажаги белгилаб қўйилган Низомда.

Ҳужжатда тадбиркордан олинадиган хайрия ёрдамини ҳисобга олиш, ундан тўғри фойдаланиш уқтирилган.

Давлат бошқарув органлари, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари ҳамда бюджет ташкилотлари раҳбарлари тадбиркорларни хайрия қилишга мажбурлагани учун зиммаларига жавобгарлик юкланиши айтилган.

Лекин бу жавобгарликнинг қай шаклда бўлиши тўғрисида айтилмаган.

Тадбиркорлар давлат бошқаруви органлари учун узоқ йиллардан бери “соғин сигир” бўлиб келаётгани тўғрисида Озодлик жуда кўп ёзган. Шу мазмунда сўнгги бир-бир ярим йил ичида ёритганимиз мақолалар қуйидаги сарлавҳалар остида берилган эди:

"Фарғона шаҳар қурилишига тадбиркорлар мажбурланмоқда" , "Баркамол авлод"га ҳашарга чиқаётганлар ойлигини ҳам бермоқда", "Наманганда стадионни битириш учун халққа ўлпон солинди", "Ўзбекистонда Янги йил байрамини ўтказиш учун тадбиркорлардан пул ундирилмоқда".

Тадбиркорлардан мажбуран пул ундиришни тақиқлаётган Вазирлар Маҳкамасининг ўзи бу соҳада қуйи давлат органларига намунадир.

Масалан, ҳукумат 2012 йил, 13 мартдаги 70-қарори билан "Бунёдкор" стадиони қурилиши учун корхоналарга солиқ солган эди.

Ҳокимият органларининг тадбиркорлардан пул ундириш усулларидан бири тўғрисида бундан бир ойча муқаддам хўжаободлик (Андижон вилояти) бир тадбиркор йигит Озодликка айтиб берган эди.

Исми сир қолиши шарти билан гапирган йигит 10 йилдан бери тадбиркорлик қилади, қўл остида 15 одам ишлайди, трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган ишхонасида ойига 20 миллион сўмлик маҳсулот чиқаради, ишчиларига 250 мингдан 300 минг сўмгача ойлик иш ҳақи тўлайди.

Мана унинг ҳикояси:

- Солиқларни ўз вақтида тўлайман, инкассани ўз вақтида амалга ошираман. Бундан ташқари тақрибан ҳар 20 кунда бир чақириб, банкдаги ҳисобингга 5 миллион сўмдан туширасан, деб буюришади. Бизнеси каттароқларга 20, 25 миллиондан туширасан, дейишади. Бир қарашда, проблема йўқдай, чунки пул ўз ҳисобимга тушади. Тушадию шу билан ўша пул йўқ бўлиб кетади. Ногиронлар жамиятига, Янги йил тадбирларига, Наврўзга ва бошқа шунга ўхшаган тадбирларга ўтказасан, дейишади, газета-журналлар обунаси учун ўтказасан, дейишади, деб ҳикоя қилади хўжаободлик тадбиркор.

Унинг айтишича, ҳокимият вакиллари тадбиркорларнинг “нозик жойидан ушлайди”: ишчиларнинг ҳаммасига ҳам меҳнат дафтарчаси очилган эмас. “Агар айтилган маблағни ўтказмасанг, қонун бўйича текширамиз”, деб қўрқитишади, дейди тадбиркор.

- Ўзларингда ҳам айб борга ўхшайди. Ишчиларингизнинг ҳаммасини расмийлаштириб қўйсангизлар бўлмайдими, сўрадик тадбиркордан.

Мана унинг жавоби:

- Албатта, ишни мутлақо қонуний қилганлар ҳам бўлди. Лекин шундаям барибир айб топишди. Мазза қилиб ишлай олишмади. Ҳамма томондан нақд пулини йўқ қилиб ташлашди ҳокимият органлари. Пулларини 100 фоиз банк орқали айланадиган қилиб қўйишди. Охири бизнесларини ёпиб қутулишди, деди хўжаободлик тадбиркор.

XS
SM
MD
LG